Маҳоратли спортчимиз бу борадаги таассуротлари ҳақида қисқача гапириб берди. Д.Кароматов фикрларини Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитаси расмий сайти тақдим этди.

– Мен Қашқадарё вилоятининг Косон туманида оддий оилада дунёга келдим. Курашга қизиқиш қонимда  бўлса керак деб ўйлайман. Чунки ота-бобом ҳам ўз вақтида миллий курашимиз билан мунтазам шуғулланган ва катта давраларда бел олишган.

Пара дзюдо спорт тури билан 5-6 синфда ўқиб юрган кезларимдан бошлаб шуғулланиб келаман. Гарчи кўзимда нуқсоним бўлса-да, давлатимиз томонидан мен каби жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга яратиб берилган улкан имкониятлар туфайли ўз иқтидоримни намоён қила олдим. Ўтган давр мобайнида пара дзюдо бўйича кўплаб халқаро мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритдим. Энг муҳими, жорий йил Токио шаҳрида бўладиган навбатдаги ёзги Паралимпия ўйинларига лицензия қўлга киритдим.

Ҳаётимдаги энг унутилмас кун эса 30 июнь куни содир бўлди. “Ёшлар куни” муносабати билан менинг камтаргина меҳнатларим юқори баҳоланди ва  “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирландим. Энг аҳамиятлиси, ушбу мукофотни менга муҳтарам Президентимизнинг шахсан ўзлари ўз қўллари билан топширди. Бу мукофот Токио-2020 Паралимпия ўйинлари олдидан менга катта мотивация берди. Президентимиз томонидан билдирилган ушбу юксак ишончни Паралимпия ўйинларидаги ўзимнинг олтин медалим билан оқлашга ваъда бераман. Насиб қилса, Япониядан Ватанимиз Мустақиллигининг 30 йиллигига муносиб совға билан қайтаман.