Тадбирнинг очилиш маросимида ХКИ Ректори Ҳабибулла Таджиев Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 ноябрдаги 4881-сонли қарорига асосан, Курашни жаҳонда кенг ривожлантириш, оммавийлиги ҳамда спорт ареналаридаги нуфузини ошириш Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан қўллаб-қувватланаётганлигини алоҳида қайд этиб ўтди.

Шу билан бирга, Халқаро кураш ассоциацияси президенти жаноб Ҳайдар Фармон раҳнамолигида 130 дан ортиқ кураш федерациялари учун бугунги кун талабларига жавоб берадиган мутахассислар, мураббийлар, ҳакамлар, менежерлар ва инструкторларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш учун кўплаб ҳакамлик ва мураббийлик тренинглари, семинарлар ташкил этилаётгани, асосийси курашни яқин келажакда олимпиада дастурига киритиш учун самарали фаолият олиб борилаётганлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, тадбирда фахрий меҳмон сифатида Ўзбекистон Республикасининг Дубай ва Шимолий Aмирликлардаги Бош консули жаноб Aлишер Саломов ҳам иштирок этиб, ҳакамлик семинарининг барча иштирокчиларини самимий муборакбод этиб, омад тилади. Севимли спортимиз Курашни яқин келажакда албатта Олимпия ўйинлари дастурига киритилишига тилак билдирди.

Икки кун давом этган халқаро ҳакамлик семинарида Халқаро Кураш институтининг тажрибали мутахассислари: институт ўқув бўлими мутахассиси, халқаро тоифадаги ҳакам Ким Эур Жунг, ўзбек кураши устаси, кураш бўйича Ёшлар терма жамоаси катта мураббийи Олим Равшанов, институт халқаро бўлими мутахассиси Хуршида Якупова иштирокчиларнинг ҳакамлик қоидалари ва кўрсатмалари бўйича билимларини янада мустаҳкамлашда яқиндан ёрдам бердилар.

Ўқув-амалий семинарида Саудия Aрабистони, Қувайт, Ироқ, Сурия, Миср, БAA, Тунис каби Осиё ва Ғарбий минтақадан 20 нафардан зиёд кураш ҳакамлари қатнашдилар.

Якунда барча иштирокчиларга Халқаро кураш институтининг Халқаро сертификатлари топширилди.

Мазкур халқаро семинарни ташкиллаштиришда PEPSI компанияси яқиндан ёрдам берди.

Халқаро кураш институти матбуот хизмати