Юртимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижаси ҳар бир соҳадаги ижобий ўзгаришларда яққол кўзга ташланмоқда. Жумладан, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда уларнинг иштироки ва ташаббуслари қўллаб-қувватланаётгани, йигит-қизларнинг ўз соҳасида етук кадрлар бўлиб етишиши учун яратилаётган шарт-шароитлар йил сайин кўпаётганига ҳам гувоҳ бўлиб турибмиз.
Хусусан, уларнинг фан соҳаларини ўзлаштиришига яратилаётган имкониятлар ҳақида сўз юритмай бўлмайди. Айниқса, математика соҳасига эътибор ҳар қачонгидан кучли. Қисқа давр ичида юртимизда математика илм-фани ва таълимини янги сифат босқичига олиб чиқишга алоҳида урғу берилган. Бу бежиз эмас.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 7 майдаги “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси В.И.Романовский номидаги Математика институтининг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиши бутун илм аҳли учун катта имкониятлар йўлини очиб берди.
Юртимиздаги барча олий таълим муассасаларида турли нуфузли хорижий университетлар билан ҳамкорлик алоқалари кенг йўлга қўйилган. Урганч давлат университетида ҳам халқаро алоқалар тобора ривожланмоқда. Ҳозирда дунёнинг ривожланган 36 та давлати билан 130 дан ортиқ ҳамкорлик меморандумлари мавжуд. Шунингдек, “Эрасмус+” дастури доирасида ҳам жаҳоннинг нуфузли 10 га яқин университети билан манфаатли лойиҳалар ишлаб чиқилган.
Университетда физика, математика бўйича бир неча йиллардан бери анъанавий тарзда ўтказилаётган, дунё математик олимларини ҳам қамраб олган конференция, анжуман ва турли тадбирлар кенг йўлга қўйилган.
Ана шундай халқаро мақомга эга тадбирлардан бири жорий йилнинг 3–11 август кунлари бўлиб ўтган Фрактал фазолар ва динамик системалар бўйича чуқурлаштирилган таълим институти ўқув машғулотларидир. Қарийб ўн кунга мўлжалланган ушбу ўқув машғулотлари асносида Осиё ва океанорти минтақасининг кучли математиклари “Алгебра”нинг асосчиси ал-Хоразмий ватанида жам бўлди.
Анжуман Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Урганч давлат университети, АҚШнинг Калифорния давлат университети, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Романовский номидаги математика институти, Америка миллий тадқиқотлар фонди ҳамда Хоразм Маъмун академияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Мазкур таълим институти 3 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Асосий маърузачилар сифатида динамик системалар соҳаси ва фрактал геометриянинг етук намояндалари, дунё тан олган олимлар — Калифорния давлат университети профессори Марио Бонк, Хельсинки университети профессори Пекка Панкка, Нью-Йорк давлат университети профессорлари Мишел Любич ҳамда Дзмитрй Дудко, Ҳиндистоннинг Тата фундаментал тадқиқотлар институти профессори Сабясачи Мукҳержее сингари олимлар иштирок этди. Улар илмий фаолиятга йўналтирилган, илғор чуқурлаштирилган ўқув машғулотларини олиб боришди. Аслида мазкур таълим институтининг мақсади ёшларни математика бўйича илмий йўналишларда дунё бўйича олиб борилаётган тадқиқотларга интеграция қилиш ҳисобланади.
АҚШ миллий тадқиқотлари фонди томонидан молиялаштирилган ушбу машғулотларда АҚШнинг турли университетларидан ташриф буюрган 20 нафар, Пекин университетидан 11, Россия Федерациясининг Новосибирск давлат университетидан ўнга яқин докторант ва магистр, Ўзбекистондан 10 нафар докторант ва магистр шунингдек, Урганч давлат университети физика-математика факультети профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари иштирок этди.
Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати шундан иборатки, у илмий-тадқиқотни ривожлантиришга, математиканинг замонавий йўналишлари Ўзбекистонда тараққий этишига ҳисса қўшиши баробарида, дунё олимларини бой тарихимиз билан бевосита таништиради ва маданиятимизни яқиндан ўрганишларига имконият яратади. Бу эса, ўз навбатида, вилоятимизнинг туризм салоҳиятини янада оширишга ҳам хизмат қилади.
Ҳиндистоннинг Тата фундаментал тадқиқотлар институти профессори Сабясачи Мукҳержее ўз таассуротларини шундай ифода этди:
“Мен Ўзбекистонга биринчи келишим. Хива, Самарқанд каби тарихий шаҳарларингиз ҳақида кўп эшитганман ва буни қарангки, менга бу ерларда бўлиш насиб этди. Биз бир неча кун давомида гўзал Хива шаҳрида, Хоразм Маъмун академиясида бўлдик. У ерда алгебра асосчиси Ал-Хоразмий ва буюк кимёгар Ал-Беруний ҳақида жуда кўп ва муҳим маълумотлар олдик. Айниқса, Колумбдан бир неча аср илгари Берунийнинг Американи кашф этгани ҳақидаги ақлбовар қилмас маълумотлар катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, унинг Ҳиндистон ҳақидаги тарихий асарини ўрганиш жараёни биз учун жуда қизиқарли, ҳатто ҳайратланарли кечди.
Табиийки, бу ажойиб саёҳатдан кейин яна Ўзбекистонга келишга ҳаракат қиламан. Истардимки, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида ҳам мана шундай қўшма дастурлар, илмий конференцияларни кўпайтиришимиз керак. Чунки, бу каби анжуманлар орқали илм-фандаги илғор тадқиқотлар ҳақида фикр алмашибгина қолмай, мамлакатларимиз кўҳна тарихи ва нодир маданияти билан яқиндан танишамиз. Шу орқали бир-биримизни янада яқинроқ тушунамиз, азалий дўстлик ришталарининг мустаҳкамланишига баҳоли қудрат ҳисса қўшамиз”.
Саёҳат – аслида тарихни ўрганиш, у билан юзлашиш ҳам демак.Тарихий масканларимизда бўлган меҳмонларнинг ҳайрати чексиз. Хорижликлар шаҳарнинг қўли гул уста-ҳунармандлари томонидан тайёрланган маҳсулотларга ҳам катта қизиқиш билдиришди. Чет эллик математикларга унутилмас ва бетакрор онларни туҳфа этган, уларнинг ватанимиз, айниқса, Хоразм тарихи билан яқиндан танишишларига хизмат қилган азим Хива бўйлаб саёҳат барчага бирдек манзур бўлди.
2024 йилда ушбу лойиҳанинг якуни сифатида йирик конференция ўтказишни ва бу конференцияни “ХХI аср алгебраси” деб номлашни мақсад қилдик.
Илмий-анжуман иштирокчиларининг Хоразмга ташрифи улар хотирасида ҳали кўп йиллар яшайди. Уларнинг ҳаяжонга бой таассуротлари, мамнунлик ифодаси юзларида, суҳбатларида акс этиб қолди. Бу каби илмий-амалий анжуманлар нафақат илм-фан тараққиётига, шу билан бирга, мамлакатимиз туризм салоҳиятининг янада ривожланишига муносиб ҳисса қўшади.
Баҳром АБДУЛЛАЕВ,
физика-математика фанлари доктори