Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига биноан 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини ривожлантириш концепцияси белгиланди. Мазкур концепцияга кўра, профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар, докторантлар, бакалавриат ва магистратура талабаларининг мақолаларини обрўга эга, импакт-фактори юқори бўлган халқаро илмий журналларда  чоп этишни таъминлаш, мақолаларнинг иқтибос кўрсаткичларини ошириш, шунингдек, республика илмий журналларини босқичма-босқич халқаро илмий-техник маълумотлар базасига киритиш зарурати қайд этилди.

ЮНЕСКО маърузасига кўра, ҳозирги кунда дунё олимларининг 33 фоизинигина аёллар ташкил қилади. Аёлларнинг илмий салоҳиятини оширишга ОТМ ўқитувчилари ва аспирантларининг илмий тадқиқот ўтказиш кўникмаларини ошириш ҳамда илм-фанда гендер тенгсизлигини қисқартириш орқали эришиш мумкин. Аммо аксарият ОТМлар учун илмий фаолият сифатини ошириш, Scopus ҳамда Web of Science базаларида қайд этиладиган академик журналлардаги илмий мақолаларни кўпайтириш ва халқаро таълим рейтингларига кириш долзарб масала бўлмоқда.

Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор тараққиёт мақсадларига кўра, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, ERGO Analytics тадқиқотчилик компанияси билан ҳамкорликда БМТТД “Давлат бошқаруви ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётда аёллар ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси йўлга қўйилди.

Мазур лойиҳа жамиятимиздаги аёл олимлар учун инглиз тилида илмий мақолаларни ёзиш кўникмасини ривожлантиришга оид бепул вебинарлар сериясини тақдим этилади. Дастурда қатнашиш истагидаги аёллар лойиҳа сайти (http://hive.courses/) орқали рўйхатдан ўтиб, ариза қолдириши лозим.

Вебинарларни АҚШ ва Европанинг етакчи университетларининг машҳур олимлари ўтказади. University of Southampton (Буюк Британия), Princeton University (АҚШ), University of Pittsburgh (АҚШ) ва University of Varna (Болгария) олимлари шулар жумласидан.

Рауфхон САЛОХОЖАЕВ,

“ERGO analytics” компанияси раҳбари,

иқтисод фанлари бўйича фалсафа доктори,

“Шуҳрат” медали соҳиби