Йиғилишни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид очиб берди ва кенгаш фаолияти борасида фикрларини баён қилди.
Тадбирни кенгаш раиси Маҳмуд Тоир олиб борди. Унда уюшма аъзолари Қозоқбой Йўлдошев, Олим Тошбоев, Нодира Афоқова 2021 йилда нашр этилган шеърий китоблар, шеърий туркумлар, достонлар бўйича маъруза қилди.
Ўтган давр кенгаш аъзолари учун ижодий жараён самарали кечди дейиш мумкин. Хусусан, Абдулла Орипов (икки жилдлик), Усмон Азим, Абдулла Шер сингари шоирларнинг танланган асарлари, «Адиб ва жамият» рукнида Эргаш Муҳаммаднинг «Ярадор юрак», Турсун Алининг «Юраётган йўллар», Мунаввара Усмонованинг «Ҳаёт тумори», Сирожиддин Рауфнинг «Нилий нақшлар», Фахриддин Ҳайитнинг «Тонг тушлари», Носир Жўраевнинг «Аксинча», Зилола Хўжаниёзованинг «Соғинч шивирлари» каби шеърий китоблар чоп этилди. Шу билан бирга «Назм бўстони» церийасида 38 номдаги китобларнинг чоп этилишида Шеърият кенгаши аъзолари фаоллик кўрсатди, дея таъкидланди.
– Ҳозирги ўзбек адабиётининг тасвир ва ифода тизимида муайян бир қоришиқлик бор, – дейди профессор Қозоқбой Йўлдошев. – Жанр ва услубда чегарасизлик кўзга ташланади. Анъанавий битилган шеърларда кўркам, модернга хос ёндашувлар одатга айланди. Яна шуни айтиш керакки, таниқли шоир Абдулла Шернинг сайланмаси нашр этилди. Албатта, уюшма томонидан бу каби тўпламларнинг чоп этилиши катта аҳамиятга эгадир.
Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб «Келажакка бошлайди ишонч» номли шеърий асарлар жамоавий тўплами чоп этилишида кенгаш аъзоларининг катта ҳиссаси бор. «Ватан учун яшайлик!», «Энг улуғ, энг азиз», «Қадринг баланд бўлсин, она тилим», «Дуэль», «Истеъдод эгалари» каби республика ва халқаро танловларда шеърият кенгаши аъзолари ҳайъат аъзоси сифатида фаол қатнашгани айтиб ўтилди.
Ҳисобот даврида Ёзувчилар уюшмасига мурожаат қилган муаллифларнинг турли савиядаги 22 та шеърий тўплами ўқиб муҳокама этилди. Бир қатор ижодкорларнинг қўлёзмалари нашрга тавсия этилди. Жумладан, Дадахон Ҳасаннинг «Дарди борнинг доди бор», Анвар Тоғаевнинг «Дунё, сенга шеър олиб келдим», Даврон Ражабнинг «Ёғду», Яҳё Тоғанинг «Ифтихор баёзи», Ҳафиза Эгамбердиеванинг «Томчилар таваллоси», Ғулом Эгамшукурнинг «Руҳ анатомияси», Муҳайё Мирсаидованинг «Юрак туғёнлари» каби шеърий тўпламлар нашрга тавсия этилгани айтиб ўтилди.
Йиғилиш сўнггида таклифлар ўртага ташланди ва кенгашнинг жорий йилдаги режалари белгилаб олинди.