Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисоботига кўра, кетма-кет икки ҳафта давомида ер юзида COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари ошиб боряпти. Масалан, ўтган ҳафтада ўсиш кўрсаткичлари 7 фоизни ташкил этиб, жами 12 миллиондан зиёд киши бу хавфли инфекцияни юқтирган.
Шунга қарамай, коронавирусдан ўлим даражаси пасайишда давом этмоқда. Масалан, 14-20 март саналарида касаллик туфайли қарийб 33 минг бемор ҳаётдан кўз юмган. Бу 7-13 март саналарига қиёслаганда 23 фоиз кам кўрсаткичдир.
Коронавирусни юқтириш билан боғлиқ сезиларли ўсиш тенденцияси Ғарбий Тинч океани минтақаси мамлакатларида кузатилган — 21 фоиз. Хитой, Япония, Вьетнам, Филиппин, Австралия ва Камбоджа шулар жумласидан. Европанинг 53 мамлакатида эпидемиологик вазият барқарорлигича қолмоқда.
Қолган минтақаларда касалланишлар сони камайди. Айниқса, Шарқий Ўрта Ер денгизи минтақаси давлатларида кескин пасайиш қайд этилган — 41 фоиз. Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида эса бу кўрсаткич 23, Африкада 33 ҳамда Жанубий ва Шимолий Америкада 17 фоизни ташкил этди.
Ўтган ҳафтада коронавирус ташхиси қўйилган энг кўп бемор Корея Республикасида рўйхатга олинган — 2,8 миллион нафар. Иккинчи ўринни 1,9 миллионга яқин кўрсаткич билан Вьетнам давлати банд этди.
Германия эса учинчи ўринда — мамлакатда 1,5 миллиондан зиёд одам коронавирусни юқтирган. Тўртинчи ўринни 583 мингга яқин ҳолат билан Франция, бешинчи поғонани эса 513 мингдан ортиқ бемор билан Австралия эгаллади.
Жаҳонда COVID-19дан ўлим кўрсаткичларининг катта қисми Россияда қайд этилди — қарийб 3,7 минг нафар. Иккинчи ўринда — АҚШ. Мамлакатда ҳафта давомида 3,6 мингдан зиёд бемор хасталикдан вафот этди. Бразилияда эса бу кўрсаткич 2,2 минг нафарни ташкил этди.
Шу билан бирга, Жанубий Кореяда 2 минг нафардан ортиқ ҳамда Хитойда 1,9 минг нафар бемор коронавирус қурбонига айланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.