Дарҳақиқат, илм-фан ривожланмаган жойда жамият ҳам тараққий қилмайди. Илм эса ҳар бир соҳада малакали етук кадрлар тайёрлаш орқали юксалади. Шу боис ҳам мамлакатимизда таълим тизими муттасил ислоҳ қилинмоқда. Мактабгача таълимдан то олий таълимгача бўлган жараёнга янгиликлар кенг татбиқ қилинди. Таълим тизими олдига улкан талаблар қўйилди. Хусусан, олий таълим тизимидаги ўзгаришлар халқимиз учун айни муддао бўлмоқда.
Яқинда давлатимиз раҳбарининг “Самарқанд давлат университети фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан танишиш жараёнида хаёлимдан кўп фикрлар ўтди. Узоқ йиллар олий таълим тизими бир жойда депсиниб тургани, бунинг оқибатида мамлакат ижтимоий-иқтисодий салоҳияти ҳам ривожланишдан орқада қолгани ҳақида ўйладим. Профессор-ўқитувчилар иш ҳақининг камлиги, илмий изланишлар олиб бориш учун етарли шарт-шароитларнинг йўқлиги, талаба ёшларнинг етарли билим олишлари учун моддий техник база етишмаслиги ва бошқа қатор омиллар олий таълим сифатига салбий таъсир кўрсатиб келгани рост.
Кейинги йилларда олий ўқув юртлари фаолияти муттасил такомиллаштирилаётгани, дунёнинг етакчи олий ўқув юртлари билан ҳамкорликнинг кенг йўлга қўйилаётгани, профессор-ўқитувчилар меҳнати қадр топаётгани, кундузги таълим билан бир қаторда сиртқи, кечки таълим тизимларининг йўлга қўйилгани, иқтидорли талабалар учун танловлар ўтказилиб, грантлар эълон қилинаётгани ва бошқа кўплаб янгиланишлар натижасида олий таълим тизими секин аста ривожланиш йўлига тушиб бормоқда. Мазкур даргоҳда, ўқув жараёнида талабаларда мустақил таълим олиш, тизимли таҳлил қилиш, ижодий фикрлаш ва амалий, жумладан мантиқий ва инновацион билимларни шакллантириш ишлари яхши йўлга қўйилган. Бундан ташқари илмий-тадқиқот ишларида, ишлаб чиқариш ташкилотларининг муаммоларининг ечишга қаратилган илмий, амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга оширилиб борилиши ҳамда таълим ва илмий изланишлар жараёнига малакали мутахассисларни жалб этиш, республика ҳамда етакчи хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш борасида ҳам бир қатор амалий ишлар қилинган. Аммо, ҳали соҳада қилиниши лозим бўлган вазифалар ниҳоятда кўп.
Мамлакат раҳбарининг қарорида Самарқанд давлат университети мисолида ҳар бир олий ўқув юртида амалга оширилиши шарт бўлган чора-тадбирлар кўрсатилган, десак янглишмаган бўламиз.
Университетга юрт ривожига муносиб ҳисса қўшган давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов номи берилиши нафақат бу буюк инсон шахсига ҳурмат, балки ушбу олий ўқув муассасаси профессор-ўқитувчилари ва талаба — ёшлари зиммасига юкланаётган улкан масъулият ҳамдир. Университет жамоаси олдида Шароф Рашидов номига муносиб бўлиш, жамият ривожига шу киши каби улуш қўшиш вазифаси ҳам турибди.
Кези келганда шуни ҳам айтишни истардимки, барча олий ўқув юртларига улуғ аждодларимиз номлари берилса, бу шубҳасиз, профессор-ўқитувчиларга ва талабаларга мотивация бўлиб хизмат қилиб, марраларни катта олишга, улкан мақсадлар сари интилишга ундарди.
Қарорда Самарқанд давлат университетини 2026 йилга қадар халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатга киритиш вазифаси қўйилган.
Ушбу вазифа ҳам барча олий ўқув юртлари учун дастуриламал бўлиши, таълим сифатини жаҳон даражасига олиб чиқиш, халқаро миқёсдаги кадрлар тайёрлаш ҳар бир университетнинг асосий мақсадларидан бирига айланиши керак деб ўйлайман.
Университет таркибида агрономия, биотехнология ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларида кадрлар тайёрловчи Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти, муҳандислик, автоматика, мехатроника, робототехника, рақамли электроника, электротехника, машинасозлик, материалшунослик ва янги материаллар технологияси соҳаларида кадрлар тайёрловчи, Муҳандислик физикаси институти, педагогика, ахборот технологиялари ва ҳудудда кадрларга эҳтиёж юқори бўлган бошқа соҳаларда кадрлар тайёрловчи, Университетнинг Ургут филиали ташкил қилиниши мамлакатимизнинг малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади. Зеро, бугун ҳар бир соҳа ривожида профессионал ёндашувларга зарурат сезиляпти. Бозор иқтисодиёти шароитида янги мутахассисларга талаб пайдо бўляпти. Университет таркибида институтлар ташкил қилиниши олий ўқув юрти нуфузини янада оширади, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга, талаба ёшларга янада чуқур билим беришга хизмат қилади.
Қарорда ўқув жараёни кредит-модуль тизими асосида олиб борилиши кўрсатилган. Дарҳақиқат, биз жаҳон билан ҳамнафас бўлишни, ўз касбининг моҳир мутахассисларини етиштиришни хоҳлар эканмиз, бунга кредит-модуль тизимисиз эришиш қийин. Бу янги тизим талаба ёшларни ўз устида тинимсиз изланишга, эгаллаётган касби сир-асрорларини пухта эгаллашларига ундайди.
Қарорда қайси институт қайси муассаса билан ҳамкорлик қилиши аниқ ва равшан кўрсатиб ўтилган.
Бугунги кунда барча олий ўқув юртлари олдида етакчи тармоқ ва корхоналар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш вазифаси турибди. Бу таълим сифатига хизмат қилиш баробарида, ўша корхона ва муассасаларнинг талаб даражасидаги мутахассислар тайёрлаш имкониятларини кенгайтиради.
Умуман, қарорда илгари сурилган ҳар бир вазифа улкан аҳамиятга молик. Мен Самарқанд давлат университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи илмий кенгашнинг аъзоси сифатида университетда улкан янгиланишлар бошланаётганидан мамнун бўлдим. Ўз илмий салоҳиятимни мана шу янгиланишларни амалга оширишга бағишлашга аҳд қилдим.
Мақсуда ХАЖИЕВА,
Урганч давлат университети,
фалсафа фанлари доктори, профессор