ДХА Фарғона вилоят бошқармаси суратлари
Бугун бирор юмушга эҳтиёжингиз тушиб қолса, одамлар дарров Давлат хизматлари марказларига боришмоқда. Кундалик турмушимизда тез-тез учраб турадиган тезкор, қулай ва шаффоф хизматлар деярли ҳар бир оилага кириб борди. Аҳолига яратилган барча шароит вақтни тежаш, турли оворагарчилик ва харажатларнинг олдини олиш имконини бермоқда.
Пандемия сабаб бутун дунё бўйлаб бошланган карантин чекловлари ҳар қандай кўринишдаги ташкилот ва корхоналарни, халқаро корпорациялар, йирик ишлаб чиқарувчиларни аёвсиз синовдан ўтказди. Янгича фикрлаш ва янгича ишлашга мажбур қилди. Хусусан, мамлакатимизда ҳам барча соҳалар пандемия шароитига мажбурий-ихтиёрий равишда мослашди.
Давлат хизматлари агентлиги тизимида ҳам бу даврда аввалдан жорий қилинган,бироқ, «юриб кетмаётган» онлайн хизмат кўрсатишга бўлган эҳтиёж кескин ортди. Янгича ва замонавий тизим эса мураккаб шароитда нақадар тўғри танлов ва ислоҳот эканлигини амалда исботлаб қўйди.
«Сиз қаерда бўлсангиз, биз ҳам ўша ердамиз», «Сиз келманг, ўзимиз борамиз!» тамойиллари ва «Ўзимиз келдик» акцияси асосида мана шу кунга қадар 104 мингдан ортиқ фуқароларга сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.
Фарғона вилоятидаги 19 та марказлар томонидан 2018 йилдан 2021 йилнинг биринчи чорагига қадар жисмоний ва юридик шахсларга 3 миллион 185 минг 572 та давлат хизматлари кўрсатилган. Шундан 55 мингдан ортиғи чекка ва олис ҳудудларга борган ҳолда, имконияти чекланган, ёлғиз ва кекса фуқароларга мобил тартибда ташкил этилди.
Давлат хизматлари марказлари. Бу тизим халққа кўрсатаётган шаффоф ва қулай хизмати билан яқин. Давлат хизматлари агентлиги янада аҳоли орасига кириб, фуқаролар дарду ташвишлари билан бирга бўлиш ниятида олис чўл ва тоғли ҳудудларда филиаллар ташкил этишга киришди. Бугун уларнинг сони вилоят бўйича 9 тага етди. Мақсад халқ рози ризолигини олиш. Хизмат моҳиятининг ўзи аҳолини бир ҳужжатни деб овора қилмаслик, фуқароларга қулайлик яратишдан иборат. Филиаллар ҳудуд одамларининг таклифига мос кун ва вақтда ишлаётгани боис ҳам халққа манзур. Буни республика бўйича филиаллардан юз минглаб хизмат олган мурожаатчиларгина тизимда яратилган қулайликнинг афзаллигини яхши билишади. Боиси, марказга тушиш учун узоқ йўл босишмайди, маблағ йўқотмайди, вақт сарфламайди.
Мамлакатимизда шундай ҳудудлар борки, улар вилоят, ҳатто туман марказларидан анча олисда. Бу манзилларга бориш учун ҳудудлардан автомашинада юриб бир кунни кеч қиласиз.
Давлат хизматлари агентлиги томонидан жойлардаги маҳалла фуқаролари йиғинлари биноларида бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан, аҳолининг еҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда марказ филиаллари босқичма-босқич ташкил этила бошланди. Натижада Фарғона вилоятида шу кунга қадар марказлар филиаллари сони 9 тага етди. Сайёр-мобил хизматлар ва ДХМ филиаллари орқали шу кунга қадар мижозларга 50 мингга яқин хизматлар кўрсатилди.
214 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган Фарғона тумани - қўшни Қирғизистон Республикасига ёндош ҳудуд. Туман таркибидаги Шоҳимардон ва Ёрдон МФЙ лари жойлашган худудни эса қуруқликдаги орол дейиш мумкин. Сабаби, Шохимардоннинг тўрт тарафи ҳам қирғиз қардошларимиз чегара худуди билан туташиб кетган. Баланд тоғ ён бағирларида жойлашган бу туманда фуқаролар ва тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида «Шоҳимардон», «Чимён» филиаллари ташкил этилган. Эътиборли жиҳати шундаки, қишнинг аёзли, ёзнинг жазирама кунларида юзлаб чақирим масофадан келадиган, айниқса Қирғизистоннинг 50 километр худудини босиб ўтиб фуқаролар учун айни муддао бўлди. Туман марказидан 46 километр узоқликда жойлашган Чимён ҳудудида Миндон, Хонқиз, Гулшан, Қўрғонтепа каби 9 та қишлоқларда 100 минга яқин аҳоли истиқомат қилади. Давлат хизматлари марказининг Сойбўйи МФЙ да жойлашган «Чимён» филиали эса ана шу аҳолининг узоғини яқин қиляпти. Шу кунга қадар «Чимён» ҳамда «Шохимардон» филиаллари орқали аҳолига 5 минг 700 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган.
Айни пайтда «Чимён» ва «Шохимардон» шахобчалари билан биргаликда Учкўприк тумади «Оқ сув», Бувайда туманида «Бувайда», Бешариқ туманида «Рапқон», Фурқат туманида «Чекчувалдоқ», Қува туманида «Акбародоб», Қувасой ва Фарғона шаҳарларида «Қўчқорчи» ҳамда «Қиргули» филиаллари фуқаролар учун хизмат қилиб келяпти.
Хулоса ўрнида...Бугун давлат билан халқ ўртасидаги мулоқот янги босқичга кўтарилди. Халқнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш, қулайлик яратиш ва шаффофликни таъминлашга қаратилган давлат хизматларини кўрсатишнинг янгича тизими ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Демак, «сиз қаерда бўлсангиз, биз ҳам ўша ердамиз» тамойили янада халққа яқинлашди.
Раъно Бойқўзиева,
ДХА Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи.