4 қитъадаги 63 та давлатдан жами 525 нафар (312 эркак, 213 аёл) дзюдочи 3 кун давомида 14 та вазн тоифасида мусобақа медаллари ҳамда қимматли рейтинг очколари учун баҳс олиб борди. Улар орасида Ўзбекистон терма жамоасининг 17 нафар дзюдочиси ҳам муросасиз кечган беллашувларда ғолиблик учун татамига чиқди.

Мусобақа якунида 2 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритган жамоамиз 63 та давлат орасида 13-ўринни эгаллади. Агар спортчиларимиз ана шу медалларнинг ёнига ҳеч бўлмаганда битта олтин қўшиб қўйишганида, Ўзбекистон терма жамоаси Анталия “Катта Дубулға”сида умумжамоа ҳисобида кучли бешликдан жой олиши муқаррар эди.

Қуйида Анталия “Катта Дубулға” турнирида совриндор бўлган спортчиларимиз билан танишинг:

Кумуш медал:

-52 кг: Диёра Келдиёрова,

+100 кг: Алишер Юсупов,

Бронза медал:

-60 кг: Дилшодбек Баратов,

-66 кг: Сардор Нуриллаев,

-81 кг: Шарофиддин Болтабоев.

Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати