Адлия вазирлиги томонидан республика бўйича жами 11 000 дан ортиқ ҳудудий давлат органлари ходимларини «E-qaror» электрон тизимига уланиши таъминланди.
Тизим 2021 йил 1 июлдан республикадаги барча ҳокимликлар фаолиятига тўлиқ жорий этилган.
Маҳаллий давлат ҳокимият органлари томонидан «E-qaror» электрон тизими ишга туширилгандан сўнг 7 ой давомида 100 000 дан ортиқ қарорлар қабул қилинди, дея хабар беради Адлия вазирлиги ахборот хизмати.
«E-qaror» электрон тизимини республикамизнинг барча ҳокимликларида жорий этиш орқали:
– 100 мингдан ортиқ ҳоким қарорлари бирорта қоғоз ишлатилмасдан электрон тарзда қабул қилинди, жумладан келишиш жараёнлари ҳам (ўртача 800 мингта қоғоз тежалди);
– ҳоким қарорларини ишлаб чиқиш ва тегишли ташкилотлар билан келишишга кетадиган вақт сезиларли даражада қисқарди (25-30%);
– қабул қилинган ҳоким қарорлари билан барча фуқароларда танишиш имконияти яратилди ҳамда ҳоким қарорлари устидан жамоатчилик назорати ўрнатилди;
– ҳокимликлар фаолияти ва иш юритуви шаффофлашди;
– соҳага замонавий ахборот-коммуникасия технологиялари жорий этилиши натижасида ҳокимлик қарорлари сохталаштирилишини олди олинди;
– қарор лойиҳаларини ҳокимга имзолаш учун юридик хизматни четлаб ўтган ҳолда киритиш имконияти бартараф этилди.
Адлия вазирлиги томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини «E-qaror» электрон тизими орқали ишлаб чиқиш, келишиш, қабул қилиш ва эълон қилиш жараёнларининг доимий мониторинги олиб борилмоқда.
Мониторинг натижаларига кўра қонунчилик ҳужжатларининг бузилиши аниқланганда айбдор шахсларга нисбатан тегишли таъсир чоралари қўлланилиб борилади.