Айни пайтда Миср олий таълим муассасалари араб дунёсида етакчи ўринларни эгаллаб келади. Шу маънода, куни кеча Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Aбдураҳмоновнинг Миср Aраб Республикасига хизмат сафари доирасида олий таълим ва илмий тадқиқотлар вазири Aйман Aшур билан музокаралар ўтказгани ҳамкорликда малакали мутахассислар тайёрлаш борасида янги имкониятлар очади.

Учрашув аввалида ўтган йилнинг октябрида икки давлат ўртасида илм-фан, тадқиқотлар ва инновацияларни ривожлантириш йўналишида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича имзоланган Aнглашув меморандуми доирасида қилинаётган ишлар хусусида фикр алмашилди. Шунингдек, ҳамкорликда 2023-2024 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси лойиҳасини муҳокама қилиб, имзолашга келишилди.

Ўзбекистон билан Миср ўртасида олий таълим соҳасида, хусусан, араб тили ва араб адабиёти, исломшунослик, манбашунослик, Aраб Шарқи мамлакатлари иқтисодиёти, фармакология, қишлоқ хўжалиги, ветеринария ва бошқа йўналишларда мустаҳкам алоқалар мавжуд бўлиб келган. Шу билан бирга, юртимизнинг қатор олий таълим муассасаларида араб тили бўйича кадрлар тайёрланмоқда.

Миср олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ўқитиш, фан ва инновациялар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, араб тили бўйича фан дастурлари, ўқув қўлланмаларини яратиш, замонавий технологиялар асосида араб тилини ўргатиш муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, олдимизда педагоглар учун ўқув семинарлари, малака ошириш курслари ташкил этиш, илмий-тадқиқот марказлари билан лойиҳаларни бажариш, араб тили, таржимонлик, тарихий ва адабий манбашунослик, туризм, халқаро журналистика каби соҳаларда кадрлар тайёрлаш вазифаси турибди.

Айни пайтда мазкур мутахассисликлар бўйича билим ва малакага эга шарқшунос-арабшуносларни тайёрлашга оид Миср университетлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш долзарб бўлиб қолмоқда. Зеро, дунё бўйича эътироф этилган QS World University Rankings, Times Higher Education каби нуфузли халқаро рейтингларда Айн Шамс университети, Қоҳира университети ва Искандария университети Миср олий таълим муассасалари ичида энг юқори кўрсаткичларга эга.

Шу боис, мазкур университетлар фаолиятини ўрганиш ва тажриба алмашиш эътиборга лойиқ. Ҳозир улар Миср ва умуман, араб давлатлари олий таълим муассасалари миллий рейтингида 1-3-ўринларни эгаллаб келмоқда. Президентимизнинг 2020 йил 16 апрелдаги “Шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида шу йилнинг февраль ойи аввалида Тошкент давлат шарқшунослик университети делегацияси Миср Араб Республикасида бўлиб қайтди.

Университет вакиллари олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари билан академик ва инновацион ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда алоқаларни ривожлантириш учун Қоҳира, Искандария шаҳарларидаги қатор нуфузли университетлар, илмий-тадқиқот муассасаларида мулоқот ўтказди. Сафар давомида Айн Шамс университети, Қоҳира университети, Искандария университети, Ҳелвон университети, “Ал-Ҳивор” сиёсий ва медиа тадқиқотлари маркази вакиллари билан учрашувларда Ўзбекистон ҳаётининг барча жабҳасидаги кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, кадрлар тайёрлашнинг янги тизими ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.

Жумладан, Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг 2018 йил сентябрда мамлакатимизга расмий ташрифи давомида давлатимиз раҳбари билан ўтказган музокаралари натижасида эришилган келишувлар икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш учун янги имкониятлар очгани таъкидланди.

Икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик ўрнатилиши истиқболда араб тили ва адабиёти, синхрон таржимонлик, тарихий ва адабий манбашунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш ва илмий тадқиқотчилик фаолиятини ривожлантиришга хизмат қилади. Зеро, ҳозир Тошкент давлат шарқшунослик университетида 800 дан зиёд талаба араб тилини ўрганмоқда. Бу тил олий таълим муассасасидаги филология, тарих, халқаро муносабатлар, иқтисодиёт, туризм, фалсафа каби билим соҳаларига оид барча таълим йўналишлари ва мутахассисликларида ўқитилади. Университетда 30 дан зиёд ўқитувчи араб тилидан дарс бермоқда.

Педагогларнинг 10 дан ортиғи илмий даража ва илмий унвонларга эга. Айн Шамс университетида ташкил этилган учрашувда асосий эътибор икки олий таълим муассасаси ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш ва ўзаро истиқболли йўналишларини белгилашга қаратилди. Мулоқотда араб тили ва адабиёти, таржимонларни тайёрлаш, адабиёт намуналарини икки тилга таржима қилиш, қўлёзмаларни ўрганиш, журналистика, туризм йўналишлари бўйича талабалар ва ўқитувчилар билими, малакасини ошириш, илмий журналларда ҳаммуаллифликда мақолалар чоп этиш, тарихий манбашунослик ва филология бўйича қўшма илмий лойиҳаларни яратиш соҳаларида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Ўзбекистон буюк алломалар юрти эканлиги, кўҳна тарихи ва бой маданий мероси билан алоҳида эътирофга муносиблиги таъкидланди. “Бобурнома” асарининг араб тилига таржима қилинган нусхаси Тошкент давлат шарқ шунослик университети кутубхонаси учун тақдим этилди. Шунингдек, иккала ОТМ мутахассислари ҳамкорлигида ўзбек адабиёти дурдоналарини араб тилига таржима қилиш ишларини йўлга қўйишга келишиб олинди.

Қоҳира университети мутасаддилари билан учрашув ҳам икки олий таълим муассасаси ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш борасида муҳим янгиликларга бой бўлди. Мулоқотда асосий эътибор Қоҳира университетида ўзбек тилини ҳамда ТДШУда араб тилини ўқитиш учун зарур янги адабиётлар билан таъминлаш, араб тили ўқитувчилари учун қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этиш, талабаларга бакалавриат, магистратура ва докторантурада таҳсил олиш учун грантлар ажратиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашуви дастурларини ишлаб чиқишга қаратилди.

Шунингдек, биргаликда ўқув адабиётлари ҳамда луғатларни яратиш каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш, жумладан, ТДШУ ҳузуридаги Маҳмуд Замахшарий номидаги илмий-тадқиқот маркази орқали филология, тарих, халқаро муносабатлар, шарқ фалсафаси соҳаларида турли илмий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳокама қилинди.

Искандария университетида ўтказилган учрашувда Мисрда ўзбекистонлик талабаларнинг ҳамда юртимиз олий таълим муассасаларида мисрлик ёшлар таҳсил олиши учун имкониятлар, жумладан, халқаро рейтингларга кириш бўйича ўзаро тажриба алмашиш, маъруза ўқиш, илмий стажировка ва илмий изланишлар олиб бориш, ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш борасида атрофлича фикр алмашилди.

ТДШУда араб тилини ўқитиш бўйича дастурлар яратиш, жумладан, тарихий манбашунослик, қўл ёзмаларни ҳамкорликда ўрганиш, туризм ва гид-сайёҳлик, ташқи иқтисодий фаолият йўналишларида мутахассислар тайёрлаш бўйича таклифлар илгари сурилди. Илмий лойиҳаларни амалга ошириш, фан-таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини йўлга қўйиш, илмий тадқиқот натижаларини тижорийлаштиришда Миср бўйича етакчилик қилувчи Ҳелвон университетида ўтказилган учрашув ҳам самарали бўлди.

ОТМ раҳбарияти ТДШУ билан араб тили бўйича қўшма таълим дастурини йўлга қўйишга қаратилган барча тайёргарлик якунлангани ва ушбу дастурни 2023/2024 ўқув йилидан бошлаш таклифини илгари сурди. Мазкур йўналишларда ҳамкорлик қилиш, айниқса, Ўзбекистоннинг араб давлатлари билан алоқалари тобора кенгайиб бораётган ва араб тилини ўрганишга эҳтиёж ортаётган шароитда сифатли таълимни таъминлаш учун араб тили бўйича малака ошириш курсларини, жумладан, қўшма таълим дастурларини ташкил этиш, арабшунос талабаларни Ҳелвон университетига қисқа муддатли ўқишга юбориш долзарб аҳамиятга эгалиги таъкидланди.

Миср илмий-тадқиқот муассасалари, таҳлил марказлари билан ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатлар доирасида “Ал-Ҳивор” сиёсий ва медиа тадқиқотлари маркази раҳбарияти билан учрашув ўтказилди. Юртимиз вакиллари Ўзбекистонда чет эл университетларининг филиаллари очилаётгани, умуман, араб тилини ўрганишга қизиқиш ортаётганини таъкидлади.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг “Шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, ТДШУ ҳузурида “Шарқ маданияти ва меросини тадқиқ этиш илмий-тадқиқот маркази” ҳамда “Шарқ мамлакатларининг ривожланишини тадқиқ этиш илмий-таҳлил маркази” ташкил этилгани айтилди.

Ушбу марказлар ва “Ал-Ҳивор” маркази ўртасида илмий лойиҳаларни амалга ошириш таклифи илгари сурилди. Марказ раҳбарияти Тошкент давлат шарқшунослик университети билан Марказий Осиё, Яқин Шарқ давлатларининг ички ва ташқи сиёсати, халқаро муносабатларига бағишланган стратегик тадқиқотлар амалга ошириш, университет профессор-ўқитувчилари ва иқтидорли ёшларининг таҳлилий ҳужжатларни тайёрлаш бўйича малакасини оширишга қаратилган илмий-назарий семинарлар, долзарб мавзуларда конференциялар ўтказиш, муайян сиёсий жараёнлар бўйича тайёрланган тадқиқотларга тақризлар ёзиш, ҳаммуаллифликда монографиялар яратишда ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.

Миср олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан музокараларда эришилган келишувлар асосида келгусида Айн Шамс университети, Қоҳира университети, Искандария университети, Ҳелвон университетининг қисқа муддатли араб тили бўйича малака ошириш курсларига араб тили ўқитувчилари ва талабаларини юбориш, “Ал-Ҳивор” сиёсий ва медиа тадқиқотлари маркази билан биргаликда Ўзбекистон — Миср алоқаларига бағишланган илмий анжуман ўтказиш, араб жамоатчилигини Ўзбекистон ҳақидаги янги маълумотлар билан таништириб бориш учун “Ал-Ҳивор” маркази ҳамкорликда электрон ахборотнома таъсис этиш, Ҳелвон университети билан 2023/2024 ўқув йилидан филология (араб тили) таълим йўналиши ёки лингвистика (араб тили) мутахассислиги бўйича қўшма таълим дастурини йўлга қўйиш устида тегишли ишлар бошлаб юборилди.