Танловга босма ва интернет журналистикаси йўналишлари бўйича 2022 йилнинг 1 январидан 2022 йилнинг 30 ноябригача газета ва журналларда чоп этилган, интернет сайтларида эълон қилинган материаллар қабул қилинди.
Мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида экология ва атроф-муҳит муҳофазасига давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилиб, кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда юртдошларимиз ўртасида экологик маданиятни юксалтириш, ёш авлод қалбида она табиатга меҳр-муҳаббат, унга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш масаласига муҳим вазифалардан бири сифатида қаралмоқда.
— Давлат экология қўмитаси аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, ёш авлод қалбида атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳиссини оширишдек эзгу мақсадлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси билан ҳамкорликда "Экология мавзусига доир энг яхши мақолалар" танловини эълон қилган эди. Танловга 50 га яқин ижодий ишлар келиб тушди ва Давлат экология қўмитаси, жамоатчилик вакиллари ҳамда тажрибали журналистлар иштирокида холисона кўриб чиқилди, — дейди қўмита раиси Н. Обломурадов.
Танлов якунларига кўра, битта биринчи ўрин (телевизор), иккита иккинчи ўрин (планшет), иккита учинчи ўрин (смартфон) соҳиблари аниқланиб, тақдирланди. Шунингдек, 3 та рағбатлантирувчи мукофот ҳам топширилди.