Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда қайд этилганидек, 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида экология ва атроф-муҳит муҳофазаси тадбирлари учун давлат бюджетидан жами 1 942,2 миллиард сўм йўналтирилган. Мазкур маблағлар атмосфера ҳавоси муҳофазаси, сув ва ер ресурсларини муҳофаза қилиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси муҳофазаси, Оролбўйи минтақасида амалга оширилаётган экологик тадбирлар, ерларни сув ва шамол эрозиясидан сақлаш ва ерлар рекултивациясига сарфланган.
Шунингдек, аҳоли пунктларини тоза ичимлик сув билан таъминлаш ва оқава сув тизимларини яхшилаш дастурларни амалга ошириш бўйича 173 та объектларга 1 131,6 миллиард сўм маблағлар молиялаштириб берилган.
Йиғилишда амалга оширилган ишлар ижобий баҳоланди. Аммо давлат бюджети маблағлари масъул вазирлик ва идоралар томонидан ҳар доим ҳам самарали ва ўз вақтида бажарилмаслиги, ажратилган маблағлар ўзлаштирилмай қолаётгани депутатларнинг эътирозларига сабаб бўлди.