Ислоҳотлар муваффақиятини таъминловчи муҳим йўналишлардан бири иқтисодиётни рақамлаштиришдир. Шу боис, рақамли иқтисодиётга фаол ўтиш келгуси 5 йилдаги энг устувор вазифалар сирасига киритилган. Рақамли технологиялар нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, балки ортиқча харажатларни қисқартиради ва коррупциянинг олдини олади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, рақамли иқтисодиёт нолдан бошлаб яратилиши лозим бўлган қандайдир бошқача иқтисодиёт эмас. Бу янги технологиялар, платформалар ва бизнес моделлар яратиш ва уларни кундалик ҳаётга жорий этиш орқали мавжуд иқтисодиётни янгича тизимга кўчириш деганидир.
Тараққиёт стратегиясининг учинчи йўналишида рақамли иқтисодиётни асосий драйвер соҳага айлантириб, ҳажмини камида 2,5 баравар ошириш ва экспортни 500 миллион долларга етказиш мақсади белгиланган. Бу борада амалга оширилаётган ишлар кўлами кенг. Уларнинг асосий жиҳатлари одамларнинг оғирини енгил қилиш, рақамли қулайликларни соддалаштириш, энг замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган.
Нодир ЖУМАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор:

— Тараққий этган давлатлар қаторига қўшилишимиз учун, энг аввало, илғор замонавий ахборот-коммуникация, интернет ҳамда рақамли технологиялар соҳасидаги билимларни чуқур эгаллаш орқали юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш керак. Негаки, биз географик жойлашувимизга кўра, қуруқлик орқали йирик сув ҳавзаларидаги портларга чиқишимиз учун камида икки давлат чегарасидан ўтишимизга тўғри келади. Бу вақт нуқтаи назаридан ҳам, иқтисодий жиҳатдан ҳам жаҳон бозоридаги ўрнимизга салбий таъсир қилиши бор гап. Бунинг ечими ақл-заковат, янги инновациялар ва малакали кадрлар салоҳияти билан бевосита боғлиқ.
Табиийки, бугун IT паркларда 11 мингдан зиёд ёш ишлаётгани, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ўқиб чиққан йигит-қизлар соҳа келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратаётгани барчамизни мамнун этади.
Яна бир муҳим жиҳат — мамлакатимизда аҳоли энг кўп тўқнаш келаётган соҳаларни рақамлаштириш, одамларнинг оғирини енгил қилишга устуворлик бериляпти. Жумладан, соғлиқни сақлаш, кадастр, ижтимоий ҳимоя, қишлоқ хўжалиги, таълим йўналишларини рақамлаштириш бўйича амалий жараёнлар бошланди ва бу ижобий самараларини бермоқда. Хусусан, аҳоли масканларини мобил интернет билан қамраб олиш даражаси 2017 йилда 30 фоиз бўлган бўлса, бугунги кунда 96 фоизни ташкил этмоқда. Ёки 2017 йилда соҳадаги экспорт ҳажми бор-йўғи 600 минг долларни ташкил этган бўлса, ўтган йили 46 миллион долларга, жорий йилнинг биринчи чорагида эса 16 миллион долларга етган.
Рақамлаштиришнинг кундалик ҳаётимизда доимий ўрин эгаллаши учун тизимли ёндашув лозим. Салкам ўн йилдан буён электрон ҳукумат тизимини ривожлантиришга интилиб келамиз. Самаралар эса фақатгина сўнгги йилларда кўзга ташлана бошлади. Биргина банк пластик картаси мисолида олайлик. Илгарилари банк карталарида маблағ бўлса-да, ундаги пулни сарф қилиш ёки нақдлаштириш имконияти жуда аянчли ҳолатда эди. Энди эса банк мижозлари онлайн харидларни амалга ошириш, мобил қурилмалар ёрдамида пул маблағларини эркин ўтказиш имкониятига эга.
Табиийки, мазкур ҳолатларни ижобий баҳолаш, эътироф этиш мумкин. Чунки рақамлаштиришга оид дастурлар халқимиз, қолаверса, тадбиркорларимиз хоҳиш-истакларини тўғри англаш имконини беради.
Бироқ айрим муаммолар борки, уларнинг ечимини қисқа фурсатда ҳал қилиш лозим. Биринчидан, рақамлаштириш “маълумотлар омбори”дир, улар жуда катта ҳажмдан иборат. Улкан маълумотлар оқимини сақлаш ва қайта ишлаш бўйича турли платформаларни кенгайтириш зарур. Иккинчидан эса мазкур дастурлар ижросини таъминлашда амалга ошириш механизмлари ва молиялаштириш манбалари кўрсатилган, уларнинг мониторинг жараёнида жамоатчилик назорати кучайтирилиши муҳимдир.
Президентимизнинг 2021 йил 17 февралдаги “Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда бу борадаги инновацияларни иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига жорий этиш учун зарур шарт-шароитларни шакллантиришда муҳим қадам бўлди. Чунки қарорда ҳуқуқий режим, институцион асослар, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, халқаро ва миллий стандартлар, сунъий интеллект жорий қилинадиган устувор соҳа ва тармоқлар, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари қамраб олинган.
Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш орқали халқимиз фаровонлигини таъминлайдиган ёрқин келажакни кўзлар эканмиз, сунъий интеллектни жорий қилиш учун зарур шароитларни яратиш, шубҳасиз, бугунги куннинг долзарб ва устувор вазифасидир.
Зоҳиджон ЗИЯЕВ, Давлат статистика қўмитаси раиси ўринбосари:

— Сўнгги йилларда ҳаётимизнинг барча жабҳаларига рақамли технологиялар жадаллик билан кириб бориши туфайли янги кўринишдаги иқтисодий муҳит, яъни рақамли иқтисодиёт экотизими вужудга келмоқда.
Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва ҳудудларда рақамли иқтисодиётнинг ривожланиш жараёнлари ва ҳолатини кузатиш, натижаларини кўрсаткичларда акс эттириш ва улардан тегишли хулосалар чиқаришда фойдаланиш соҳа статистикасини янада такомиллаштириш, унинг назарий-услубий жиҳатларини халқаро талаблар ҳамда миллий қонунчилик асосида ривожлантиришни талаб этади.
Шуни инобатга олган ҳолда “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси ҳамда 2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси статистикасини ривожлантиришнинг миллий стратегияси асосида ўтган давр мобайнида жараёнларни статистик баҳолаш тизимини жорий этиш бўйича қатор ижобий натижаларга эришилди.
Энг аввало, Давлат статистика қўмитаси ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамкорликда рақамли иқтисодиётнинг ривожланиш ҳолати тўғрисида статистик маълумотларни тўплаш ва шакллантиришда ягона ёндашув ҳамда методология жорий этилди. Мазкур услубиёт асосида “Ахборот иқтисодиёти ва электрон тижорат” йиғма кўрсаткичлар ҳисоблаб чиқилиб, эълон қилинди. Унинг таркибига контент ва медиа ҳамда электрон савдо фаолиятлари ҳам қамраб олинди.
Кўрсаткичларни шакллантиришда норасмий сектор қамровини таъминлаш мақсадида 2021 йилдан бошлаб ахборот технологиялари соҳасида маҳсулотлар ишлаб чиқариш, савдо ва хизматлар кўрсатиш бўйича жисмоний шахслар танланма кузатуви ўтказиляпти. Кузатувларнинг барча ҳудудларда планшетлар ёрдамида амалга оширилиши маълумотларни тўплаш ва қайта ишлаш учун сарфланадиган вақтни 10 баробар қисқарди.
Статистик ҳисоботларни интернет орқали онлайн қабул қилишнинг eStat 4.0 автоматлашган ахборот тизими яратилди ва 120 турдаги ҳужжатни қабул қилиш йўлга қўйилди. Бунинг натижасида ҳисоботларни қабул қилиш ва қайта ишлаш вақти 2 карра қисқартирилди.
Юртимизда илк бора ўтказилиши режалаштирилаётган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирларини интернет ҳамда планшетлар ёрдамида ўтказиш учун зарур ахборот тизими ишлаб чиқилди ва ҳозир якуний синов ишлари олиб борилмоқда. 30 дан ортиқ манфаатдор вазирлик ва идора ўртасида ўзаро электрон маълумотлар алмашиниши интеграция қилинди.
Эндиликда статистик маълумотлардан фойдаланувчилар уларни излаб вақтларини йўқотмайди ёки қўмитага хат билан мурожаат қилиб ўтирмайди. Уларнинг ҳаммаси қулай шаклда тематик веб-сайтлар орқали тақдим этиб бориляпти. Замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда қўмитанинг stat.uz расмий веб-сайтининг янги кўриниши, аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини ёритиб бориш бўйича aholi.stat.uz, гендер кўрсаткичларни ўз ичига олган gender.stat.uz, Миллий барқарор ривожланиш мақсадларининг (БРМ) бажарилишини мониторинг қилишнинг nsdg.stat.uz, услубий низомлар ва йўриқномалар билан танишиш имкони берувчи lib.stat.uz веб-сайтлари яратилди ва ишга туширилди.
Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталининг янги талқини ишлаб чиқилиб, ҳозирги кунда мазкур порталда 154 та вазирлик ва идоранинг 4 мингдан ортиқ маълумоти эълон қилинди.
Мазкур ишлар натижаси қатор халқаро рейтингларда ўз ифодасини топмоқда. Жумладан, 2021 йил якунларига кўра, Ўзбекистон Глобал маълумотлар барометри (The Global Data Barometer - GDB) рейтингида 58-ўринни эгаллади. Мазкур рейтингда 100 дан ортиқ мамлакат қатнашганини инобатга олсак, юртимиз унинг асосий модуллари ҳисобланган “Очиқ маълумотлар ташаббуси”ни ўз ичига олган “Имкониятлар” модулида 80 балл тўплаб 8, “Бошқарув” модулида 52 балл тўплаб, 19-ўринни эгаллади.
Ҳаётжон НАСРУЛЛОЕВ, Давлат солиқ қўмитаси Ахборот-коммуникациялари технологиялари департаменти директори:

— 2020 йилнинг 5 июнь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Солиқ маъмуриятчилигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан Давлат солиқ қўмитасининг Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш стратегияси тасдиқланган эди. Қарор ижросининг таъминланиши натижасида барча ахборот тизимлари ягона платформага ўтказилди. Натижада солиқ тўловчиларнинг ҳисобот топшириш жараёни
5−7 баробаргача енгиллашиб, инсон омили аралашуви 60 фоизга қисқарди, шунингдек, қоғоз шаклидаги ҳужжат ишлари ҳам кескин камаяди.
Ҳужжатда Business Intelligence ва Big Data технологияларини жорий этиш стратегиянинг асосий вазифаларидан бири сифатида киритилган эди. Бу технологияларни жорий этилиши яширин иқтисидиётда хуфиёна айланмалар даражасини қисқартириб, солиқ солинадиган базани кенгайтирди.
Аҳоли ва бизнес учун қулайликларни ошириш, инсон аралашувини камайтириш мақсадида солиқ маъмурчилиги жараёнлари изчил рақамлаштирилмоқда. Маълумотларни қайта ишлаш маркази ана шу йўлда амалга оширилган яна бир йирик лойиҳа бўлди. Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Давлат бюджетидан ажратилган 100 миллиард сўм эвазига бинолар таъмирланиб, узлуксиз электр таъминоти қурилмалари, прецизион кондиционерлар, катта ҳажмли сервер ва компьютерлар билан жиҳозланди.
Бу, биринчи навбатда, ахборот тизимларининг самарали ва узлуксиз ишлашини таъминлаш, солиқ тўловчиларга электрон хизматлар кўламини кенгайтириш, сифатини оширишга хизмат қиляптии. Чунки, замонавий хизматлардан фойдаланувчилар сони жуда тез ортиб бормоқда. 2021 йилнинг ўзида солиқ тўловчилар томонидан шахсий кабинетдан фойдаланишлар сони 40,5 миллионтани (2020 йилга нисбатан 1,3 баробар кўп), юборилган электрон ҳисобварақ-фактуралар сони 33,9 миллионтани (2020 йилга нисбатан
1,6 баробар кўп), онлайн назорат касса машиналари орқали рўйхатга олинган чеклар сони 417,4 миллионтани (2020 йилга нисбатан 4 баробар кўп) ташкил этди.
Соҳага татбиқ этилаётган рақамли технологиялар самараси ўлароқ, солиқ тўловчилар билан шахсий кабинетлари орқали тўлиқ электрон мулоқот ўрнатилди. Бугунги кунда дунёнинг исталган жойида туриб рўйхатдан ўтишдан бошлаб, солиқ мажбуриятини охиригача тўлиқ бажариши учун имкониятлар яратилган.
Электрон хизматларидан фойдаланишлар сони ўтган 2 йилда 3 бараварга ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 30 фоизга ошди. Тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга кўрсатилган 85,1 миллионта электрон хизматларнинг тўртдан бир қисми электрон солиқ ҳисоботларини топшириш ва солиқларни тўлаш билан боғлиқ бўлиб, уларни шахсий кабинет ва электрон тўлов тизимлари орқали тўлаш ҳажми 22,3 триллион сўмга етди.
“Е-ijara”, “Е-imtiyoz”, “Қўшилган қиймат солиғи тўловчилари”, “Солиқ текширувлари”, “Автоматлаштирилган камерал назорат тизими”, “Солиқ узилиши коэффициенти”, “K-Savdo” каби янги дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқилди. “Soliq” мобил иловасининг функционал имкониятлари кенгайтирилди. Тизимлар киберҳужумдан ҳимояланиши даражаси оширилди. Хусусан, киберҳужумларни олдини олиш бўйича “WAF” дастурий-аппарат мажмуасининг татбиқ этилиши туфайли ойига тахминан 100 мингдан ортиқ ҳужумларнинг олди олинмоқда.
Айни кезда барча ҳисобварақ-фактуралар электрон тарзда расмийлаштирилмоқда. Барча тадбиркорлик субъектларининг рўйхатга олиш маълумотлари қайта кўриб чиқилиб, ундаги хато ва камчиликлар бартараф этилиши, бошқа вазирлик ҳамда идоралар маълумотлари билан бирхиллаштирилиши таъминланди.
2022 йилдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, ер, мол-мулк ва акциз солиқлари Давлат солиқ қўмитасида мавжуд электрон маълумотлар асосида автомат равишда шакллантириш механизми йўлга қўйилди. Бундан ташқари, идораларимизда электрон ҳужжат айланиш тизими жорий этилган бўлиб, бугунги кунда қарийб 11 минг солиқ органлари ходимлари шу тизим асосида ишлаяпти.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Абдурауф ҚОРЖОВОВ ёзиб олди.