Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари У.Обидхўжаев иқтисодиётдаги қиёсий устунликлар ва Ўзбекистон Республикасининг экспорт салоҳиятини ошириш истиқболлари тўғрисида сўзлади.

Таъкидланишича, 2016–2019 йиллар давомида Ўзбекистон экспорти ҳажми 12,6 миллиард доллардан 17,9 миллиард долларгача ёки 42 фоиз ошган. Бироқ ўтган йили коронавирус пандемияси экспорт кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатди. Натижада экспорт ҳажми 15 фоиз камайди.

Экспорт таркибининг тахминан 50 фоизи хомашё ҳиссасига тўғри келади. Шу боис сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётнинг юқори қўшилган қийматга эга, тайёр маҳсулот ишлаб чиқарадиган тармоқларини жадал ривожлантириш йўлидан борди.

У.Обидхўжаевнинг таъкидлашича, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифаларни ҳисобга олган ҳолда, ҳукумат олдига жорий йилда товар ва хизматлар экспорти ҳажмини камида 20 фоиз ошириш вазифаси қўйилган.

Ҳарвард университети тадқиқотлари шуни кўрсатдики, Ўзбекистон 50 дан ортиқ номдаги саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда етарли имконият ва нисбий устунликка эга.

Хусусан, нефть-кимё, металлургия, машинасозлик, электротехника, фармацевтика, қурилиш, тўқимачилик, чарм-пойабзал ва озиқ-овқат саноатини иқтисодиётнинг драйверига айлантириш учун барча шароитлар мавжуд.

Унга кўра, Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига янада интеграциялашуви маҳаллий маҳсулотларнинг янги экспорт бозорларига чиқишига ёрдам беради. Шу муносабат билан қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича фаол музокаралар олиб борилмоқда. ЕОИИда кузатувчи мамлакат мақомига эга бўлинди. Европа Иттифоқи билан фаол ҳамкорлик олиб борилмоқда. Бу эса Европа комиссияси томонидан Ўзбекистоннинг “GSP+”да бенефициар мақомини олиш учун аризаси бўйича ижобий қарор қабул қилинишига ёрдам берди.

Халқаро савдо маркази методологияси асосида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази олиб борган таҳлил шуни кўрсатадики, Ўзбекистон маҳсулотларнинг айрим турлари учун фойдаланилмаган экспорт салоҳиятига эга. Хусусан, 986,7 миллион долларлик мева-сабзавот, 686,6 миллион долларлик тўқимачилик, 56,6 миллион долларлик электротехника маҳсулотлари чиқариш имкони мавжуд.

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги натижаларини дастлабки баҳолаш борасида ҳам тадқиқот ўтказилди. Таҳлиллар “Trade Creation Effect” (Савдони яратиш таъсири) ва “Trade Diversion Effect” (Савдони йўналтириш таъсири)ни ҳисоблаш методологияси бўйича ўтказилди. Жаҳон савдо ташкилотига кириш ва импорт божхона тўловлари 50 фоиз пасайиши билан, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонга импорт ҳажми одатда 5 фоиз, айрим саноат маҳсулотлари учун эса 2 фоиздан 13 фоизгача ўсиши мумкин.

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишидан экспортга таъсир одатда ижобий бўлади. Чунки Жаҳон савдо ташкилотига аъзо давлатлар Ўзбекистонга ташкилот доирасида келишилган импорт божлари ставкаларини қўллайди. Бу ставкалар ҳозирги пайтда Ўзбекистонга нисбатан қўлланганидан паст бўлиши мумкин.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

жамоатчилик билан алоқалар хизмати