Вазирлик хабарида айтилишича, бугунги кунда Яқин Шарқ минтақасида юзага келган мураккаб геосиёсий вазият ушбу ҳудуд орқали амалга оширилаётган транзит ва ташқи савдо операцияларига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Натижада логистика узилишлари, транспорт йўналишларида кечикишлар, божхона расмийлаштируви ҳамда халқаро тўловлар билан боғлиқ қийинчиликлар кузатилмоқда.
Шу муносабат билан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан ташқи савдо фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарни тезкор қўллаб-қувватлаш мақсадида фавқулодда ёрдам механизми жорий этилди.
Мазкур механизм доирасида тадбиркорлар @miit_tashqisavdo_bot телеграм-боти ҳамда Республика экспорт штаби ҳузурида 24/7 режимида фаолият юритувчи Call-марказ орқали (+998 71 238 52 52) бевосита мурожаат қилишлари мумкин.
Қайд этилишича, келиб тушаётган мурожаатлар тезкор тартибда кўриб чиқилиб, юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича амалий чоралар кўрилади.