2021 йилда 878 минг доллар қийматидаги 1219,8 минг тонна айсберг салати Қирғизистон, Қозоғистон, Россия ва Чехия давлатларига экспорт қилинган.
Дунё бўйича сабзавотларнинг 1 200 дан ортиқ тури учрайди, шундан 600 кўп тури маданийлашган: Японияда 180-200 та, Россияда 80-90 та, Европада 100-120 та. Озиқ-овқат эҳтиёжлари учун юртимизда 35-40 та, асосий истеъмол қилинадигани 10-12 та турни ташкил этади. Республикада «маҳсулот линияси»ни кенгайтириш учун эҳтиёж бор. Мамлакатимиз илмий-тадқиқот муассасаларида эса бу масалани ҳал этиш бўйича самарали ишлар олиб бориляпти.
Ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида салат асосан иссиқхона сабзавоти ҳисобланади. Ғарбий Европа, АҚШ, Японияда кенг тарқалган бўлиб, у ерда аҳоли жон бошига йилига 10 килограммдан ортиқ ишлаб чиқарилади. Бошқа сабзавотлар билан таққослаганда, ушбу сабзавот қисқа вегетация даврили, бутун ер устки қисмининг истеъмолбоплиги, етиштиришнинг кам харажатлилиги, йил давомида ҳосил олиш имконияти каби афзалликларга эга.
Айсберг – бош салатининг навларидан бири. Унинг ўзига хос хусусиятлари – тиниқ ширин барги ва карамнинг зич боши. Айсберг салатининг асосий афзаллиги – узоқ муддатли сақлаш имкониятидир. Зич структураси туфайли у сўнмайди ва узоқ вақт давомида янги бўлиб қолади. Тозалаш ва ташиш учун қулай. Бу афзалликлар ушбу ҳосилни экспорт қилиш учун жозибадор омиллардир.
Салатнинг (Латуа сатива Л.) ботаник тури Астрадошлар (Астераеае) (Мураккабгулдошлар) оиласига мансубдир. Салат мазали парҳез маҳсулотидир. Унда шакар 3-6%, оқсил 3%, калий минерал тузи, кальций, фосфор, темир, углеводлар яхши сақланган. У мультивитаминли ўсимлик бўлиб, каротин, С, В6 витаминлар, биотин, никотин ва фолий кислоталарига эга. Бош салат навларида каротин ва В гуруҳидиги витаминлар оқбош карамга нисбатан анча юқори. Ундаги Р витамини мавжудлиги мигрень, менингит ва гипертонияни даволашда жуда фойдали ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Мультимедиа маркази томонидан вазирликнинг Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти маълумоти асосида тайёрланди, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.