Тўғри, вилоятлар маркази, пойтахтдаги китоб дўконларининг имконияти анча кенг, кутубхоналар кўп. Чекка-чекка ҳудудларда яшайдиган аҳоли эса ўзининг бу борадаги эҳтиёжини ҳамиша ҳам қондира олмайди. Шу маънода, мамлакатимизнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятини оширишга доир устувор вазифалар белгилангани бежиз эмас. Президентимиз ҳар бир чиқишида ёки жойларда ўтказилаётган аҳоли вакиллари билан учрашувларида ҳам китоб ва китобхонлик, мутолаа маданиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, унинг жойлардаги бўлимлари томонидан бу борада олиб борилаётган хайрли ишлар одамлар дунёқарашини ўзгартираётгани билан аҳамиятли. Хусусан, маҳаллаларда ташкил этилаётган китоб ярмаркалари, китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган тадбирлар китоб ҳеч бир замонда ўз аҳамиятини йўқотмаслигини исботлаяпти. Марказ ташаббуси асосида ҳаётга татбиқ этилаётган “Экспресс кутубхона” лойиҳаси эса китобхонларнинг ҳам вақти, ҳам нақдини тежаяпти. Кутубхона вазифасини ўтовчи машинага ортилган китоблар орасидан ўзига ёққанини тўлиқ ўқиб чиқиши учун фуқаро туман кутубхонасига шу ернинг ўзида аъзо қилинади. Унинг уй манзили, телефон рақамларини аниқ ёзиб олиш эса китобнинг қайтарилишини таъминлайди.
Албатта, ўқувчилар томонидан китобларни қайтаришда ҳам ҳеч қандай муаммо бўлмайди, дейиш фикридан йироқмиз. Лойиҳа ташкилотчилари эзгу ишга сабабчи бўлиш баробарида улкан масъулиятни ҳам зиммаларига олишига тўғри келади. Мазкур лойиҳа айни пайтда республикамизнинг барча ҳудудларида амалга ошириляпти. Унинг нечоғлиқ самарадор эканини Наманган вилояти мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, Чуст, Уйчи туманларини бу борада етакчилар қаторига киритиш мумкин.
Хусусан, Уйчи туманида “Экспресс кутубхона” лойиҳаси билан бир пайтда Наманган вилоят ҳокимлигининг “Маҳаллага китоб улаш!” лойиҳаси доирасида “Қадрдон маҳалламга китоб совға қиламан” челленжи ҳам амалга оширилмоқда. Айтиш керакки, челленж кўпчиликда хайрихоҳлик уйғотмоқда. Туман маънавият ва маърифат Кенгаши раиси Ш.Мусаев бошчилигида амалга оширилаётган бу ташаббус — раҳбар ходим, тадбиркор, умуман, ҳар бир хонадон соҳиби ўзи ўқиб бўлган ва янги китоблар жамланмасини яшаб турган маҳалла кутубхонасига тақдим этиши орқали одамларга маърифат улашишдек олижаноб мақсадларни кўзда тутади. Шунингдек, мазкур лойиҳа ёрдамида ҳар бир маҳаллада китобхонлик маданиятини шакллантириш, одамларнинг маънавияти юксалишига ҳисса қўшиш ва кутубхоналарни нодир адабиёт намуналари билан бойитишга эришилади.
“Экспресс кутубхона”да китоблар аҳоли эҳтиёжларини ўрганган ҳолда етказилади, асосан, янги нашрларга эътибор қаратилади. Хусусан, “Янгиер” МФЙда истиқомат қилувчи аҳоли турли адабиётлар билан яқиндан танишиб, ўзига керакли китобларни топа олгани, маҳаллада туриб, туман кутубхонасига аъзо бўлгани учун “Экспресс кутубхона” ташаббускорларига миннатдорлик билдиргани сўзимиз исботидир.
Шунингдек, тумандаги “Қувурбоши” МФЙ, ҳудуддаги мактаб ва болалар боғчасига борган “Экспресс кутубхона”дан тегишли тартибда китоб олган аҳоли, меҳнат жамоалари ва уюшмаган ёшлар вакиллари бундай имкониятлар учун давлатимизга, ташкилотчиларга раҳмат айтишди. Кутубхона ходимлари томонидан “Мутолаа — шифо воситаси”, “Китоб — қалб кўзгуси” каби мавзулардаги тарғибот ишлари фуқароларни мутолаага кенгроқ жалб қилишга хизмат қиляпти.
Жумладан, “Исвахон” маҳалла фуқаролар йиғинида уюштирилган китобхонлик тарғиботи тадбирлари доирасида мутасаддилар жазо муддатини ўтаётган Н.Ҳамидхонов ва Д.Қўчқоров хонадонларида бўлиб, уларнинг оила аъзолари ва яқинлари билан суҳбатлашди. Ҳар икки оила вакиллари Ахборот-кутубхона марказига аъзоликка қабул қилинди, “Экспресс кутубхона” томонидан қатор китоблар тақдим этилди.
Мингбулоқ тумани Ахборот-кутубхона маркази маҳаллий “Зукко китобхон” жамоаси Тошкентда ўтказилган ёш китобхонлар республика танловининг якуний босқичида 2-ўринни эгаллагани боис, 2000 та янги китоб билан бойиди. Китоблар карвони мингбулоқлик маънавиятчилар томонидан мусиқа садолари остида кутиб олинди. Мутасадди ташкилотлар, мактабларнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокидаги тақдимот маросими шодиёна тус олди. Бугун юртимизнинг барча ҳудудларида кўтаринкилик билан ташкил этилаётган бу каби тадбирлар китобга яқинлашаётганимиз, мутолаа маданиятимиз ўсиб бораётганидан далолат.
Буни олис Сурхон воҳасида амалга оширилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, китобхонлик билан боғлиқ лойиҳалар ҳам кўрсатиб турибди. Хусусан, Шўрчи туман маънавият ва маърифат ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ҳамкорлигида “Болага китоб беринг” шиори остида “Дўстлик” маҳалласидаги оилалар фарзандларига бадиий китоб ва маърифий рисолалар топширилди. Ота-оналару ўқувчи-ёшларни бирдек хурсанд этаётган бу каби хайрли ишлар “Экспресс кутубхона” ташаббуси вилоятда кенг қулоч ёзаётганини тасдиқлайди.
Қўшни Қашқадарё вилоят аҳли ҳам эндиликда “Экспресс кутубхона” хизматидан фойдалана бошлади. “Маънавий ҳимоя” лойиҳаси доирасида дастлаб Шаҳрисабз туманининг “Оқдарё” МФЙда бўлган “Экспресс кутубхона” тумандаги жами 57 та МФЙга навбати билан кириб боради.
— Бу замонавий, тезкор кутубхона мен каби кўплаб тенгдошларимни орзуларига етказиши мумкин, — дейди шаҳрисабзлик 13 ёшли Дурдона Мадиева. — Чунки ҳозир жуда кўп ёшлар “Ёш китобхон” танловига қизиқиб қолган. Китоблар рўйхати кўп. Ота-оналар ҳаммасини ҳам сотиб олиб беролмайди. “Экспресс кутубхона” туфайли энди хоҳлаган китобимизни олиб ўқишимиз мумкин.
Туман маънавият ва маърифат бўлими раҳбари Шаҳло Тоғаеванинг айтишича, тезкор кутубхона, айниқса, уй бекалари, уюшмаган ёшлар, мактаб ўқувчиларида катта қизиқиш уйғотяпти.
— Оддий одамлар орасида ҳам китоб ўқишга ҳавасмандлар жуда кўп экан, фақат турли омиллар сабаб китобдан йироқ бўлиб қолган. Имконият туфайли шундай одамларнинг қувончига шерик бўлаётганимдан севиндим. Ўз навбатида, туман Ахборот-ресурс маркази ходимлари ҳам аъзолари сони ортаётганидан хурсанд, — дейди Ш.Тоғаева.
Албатта, эзгу амалларга хайрихоҳлик қилиш, одамларнинг кўнглини кўтаришга сабабчи бўлишнинг завқи бошқача. Эндиликда жойлардаги маънавият фидойилари,
700 дан зиёд маърифат тарғиботчилари ана шу завқ билан яшайди, ишлайди. Халқимизнинг китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар, устувор вазифалар, тарғибот ишларининг аҳамияти ҳақида гап кетар экан, Қамаши туманидаги N-сонли манзил колонияда Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими ташаббуси билан ташкил этилган “Фарзандимга китоб совға қиламан” акцияси ҳақида алоҳида тўхталиш жоиз.
Манзил колония ходимлари, муассасада жазо муддатини ўтаётган маҳбуслар, уларнинг оила аъзолари мазкур тадбир пайтида ғоят таъсирли бир ҳолатга гувоҳ бўлди. Жазо муддатини ўтаётган ота ўзини кўргани келган ўғли танлаган китобни унга олиб берар экан, кўз ёшларини тийиб тура олмади: “Ўғлим, сен фақат ўқи. Сизлар етук инсонлар бўлишларинг керак, мен қилган хатони асло такрорламанглар!”.
Ота кўзда ёш билан китобни ўғлига тутқазар чоғида меҳр ва армон билан айтган ушбу хитоби бошқа изоҳларга ҳожат қолдирмади.
Муножат Мўминова,
“Янги Ўзбекистон” мухбири