Экстерриториал тамойили — бу фуқаролар доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан ва юридик шахслар почта манзилидан (жойлашган еридан) қатъи назар, исталган ҳудуддаги Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиш имконияти ҳисобланади. Ушбу тажриба эса яқинда ФҲДЁ соҳасида ҳам қўлланила бошланди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 23 мартда «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади. Фармон билан давлат хизматлари кўрсатиш тизимида бир қатор янгиликлар амалиётга жорий қилинди. Яъни, 2021 йил 1 июндан бошлаб, фуқароларнинг доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар туғилиш, никоҳ, ўлим ва никоҳдан ажратишни қайд этиш бўйича исталган ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилиш мумкин. Бу фуқароларимиз учун энг катта қулайлик. Масалан, фуқаро фарғоналик. Лекин вақтинча иш жойи Самарқанд вилоятида ёки 3-4 кунга Тошкент шаҳрида бўлиб турибти. Ана шу вазиятда фарғоналик фуқаро илгари пайтдагидек ўзининг яшаш ҳудудига – Фарғонага келиши шарт эмас. Ўзига яқин ҳудуддаги ФҲДЁ бўлимларида ўз юмушларини амалга ошираверади. Мана шу каби хизматлар экстерриториал тамойил асосида ишлаш дейилади.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, яқинда Фарғона вилоятида далолатнома ёзувларини рақамлаштириш жараёнлари ниҳоясига етказилиб, «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизими яратилди. Вилоятимизда 7 миллионга яқин мавжуд қоғоз шаклидаги ҳужжатлар рақамлаштирилишига эришилди. Бу эса айнан экстерриториал тамойил асосида ишлаш имконини берди.
2021 йил 1 июндан эътиборан нималар ўзгаради?
Фармонга кўра, фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш экстерриториал тамойил асосида амалга оширилади;
нотариал ҳаракатларни амалга оширишда фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари билан боғлиқ барча маълумотлар нотариал идоралар томонидан мустақил равишда, фуқаролардан ортиқча маълумот талаб қилмасдан, «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали олинади;
давлат хизматлари марказлари орқали хизматлардан фойдаланишда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ортиқча тўланган тўловлар, шунингдек, давлат хизматини тезлаштирилган тартибда кўрсатиш учун қўшимча тўланган йиғимлар суммаси (тезлаштирилган тартибда кўрсатилмаган тақдирда) соддалаштирилган тартибда Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир иш куни ичида қайтарилади. Бунда қайтариб берилган маблағлар Агентлик томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотларидан регресс тартибида ундириб олинади;
давлат хизматини кўрсатиш натижасида бериладиган ҳужжатлар QR-код (матрик штрихли код) қўйиш орқали берилганда уларнинг дубликатларини бериш тартиби бекор қилинади. Бунда, ушбу ҳужжатлар электрон шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали чекланмаган миқдорда бепул олинади.
Давлат идоралари томонидан қандай ҳужжатлар талаб этилмайди?
- Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги;
наркология бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги;
судланганлик;
- манзил-маълумот ахбороти;
- фуқаронинг номида шахсий уй-жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
- турар жойнинг майдони;
- солиқ қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
- солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилганлиги;
- пенсия ва нафақа миқдори;
- пенсия ва нафақа олувчилар рўйхатида мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
- никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки никоҳдан ажралганлиги;
- шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси;
- шахснинг белгиланган шаклдаги фотосурати;
- тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг маълумотномалари;
- меҳнат дафтарчалари ва уларнинг нусхалари (фуқароларга пенсия тайинлаш жараёнида ушбу ҳужжатни «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали олиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда сўраш бундан мустасно);
- иш ҳақи ва иш стажини, олий ва ўрта махсус таълим муассасасида ўқиганликни тасдиқловчи архив маълумотномалари (фуқароларга пенсия тайинлаш жараёнида ушбу ҳужжатни «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали олиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда сўраш бундан мустасно);
- кадастр ҳужжатлари ва уларнинг нусхаларини талаб қилиш бекор қилинади.
Бунда, давлат органлари ва ташкилотлари жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда, ишга қабул қилиш жараёнида ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда мазкур бандда назарда тутилган ҳужжат ва маълумотларни масъул давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда, шу жумладан «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олади.
Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси матбуот хизмати.