Тадбирда, шунингдек 2026 йилга мўлжалланган қўшма тадбирларнинг «йўл харитаси» тасдиқланди.

 

Ушбу ҳужжат халқаро тажриба, замонавий технологиялар ва идоралараро ҳамкорликка таяниб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида янги авлод кадрларини тизимли тайёрлаш учун институционал замин яратади.

 

Томонлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва куч тузилмаларининг истиқболли ходимларини саралаш ҳамда тайёрлашнинг комплекс механизмларини ишга туширишга келишиб олди.

 

Нуфузли хорижий университетлар ва илмий марказларда мақсадли амалиётларни ташкил этиш ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири бўлади. Бунда киберхавфсизлик, сунъий интеллект, робототехника ва дрон технологиялари каби стратегик йўналишларга устуворлик берилади.

 

Шунингдек, томонлар магистратура ва докторантура босқичларида академик дастурларни ривожлантириш, прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари учун етакчи хорижий олий таълим муассасаларида амалиётлар ва малака ошириш курсларини ташкил этишни режалаштирган. Бунда битирувчиларнинг мансаб пиллапояларидаги ўсишини мониторинг қилиш ва уларнинг келгусидаги касбий ривожланишига алоҳида эътибор қаратилади.

 

Бундан ташқари, меморандумда коррупцияга қарши курашиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш ва суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантириш каби соҳаларда илмий-тадқиқот лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш кўзда тутилган, деб хабар беради «Эл юрт умиди» жамғармаси матбуот хизмати.