Мазкур ҳужжат икки
мамлакат ўртасидаги академик алоқаларни кенгайтириш, кадрлар тайёрлашни
ривожлантириш, илмий алмашинувларни йўлга қўйиш ҳамда қўшма таълим
ташаббусларини ишга туширишга қаратилган.
Тадбирда таъкидланганидек,
таълим дипломатияси ва инсон капиталини ривожлантириш икки томонлама
ҳамкорликнинг узоқ муддатли кун тартибининг муҳим қисмига айланиб боряпти.
Имзоланган меморандум
академик мобиллик ва қўшма таълим дастурларидан тортиб, иқтисодиёт ва давлат
бошқарувининг стратегик муҳим тармоқларида мақсадли стажировкалар ўташгача бўлган
кенг кўламли йўналишлардаги ҳамкорликни назарда тутади.
Хусусан, Ўзбекистон
вазирлик ва идоралари, стратегик давлат компаниялари, университетлари, таҳлилий
марказлари ҳамда илмий-тадқиқот институтларининг истиқболли мутахассислари учун
мақсадли стажировка ва малака ошириш дастурларини амалга ошириш асосий йўналишлардан
бири бўлади.
Тиббиёт соҳасидаги
ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Келишув доирасида ўзбекистонлик
мутахассислар Туркиянинг университет клиникалари ва лабораторияларида хирургия,
нейрохирургия, онкология, стоматология, жигар трансплантологияси сингари юқори
технологияли тиббий мутахассисликлар бўйича клиник стажировкадан ўтиши, илмий
тадқиқотлар олиб бориши ва амалий кўникмаларини ошириши мумкин бўлади.
Ҳужжатнинг муҳим қисми
сунъий интеллект ва истиқболли технологиялар (emerging technologies) соҳасидаги ҳамкорликка бағишланган. Хусусан,
томонлар киберхавфсизлик, сунъий интеллект, робототехника ва дрон тизимлари
соҳаларида стажировкалар ҳамда ихтисослаштирилган дастурларни амалга оширишга
келишиб олди. Туркиянинг етакчи университетлари, тадқиқот марказлари,
технопарклари, инновацион «Hub» ва
компаниялари негизида амалиётга йўналтирилган таълимни ташкил этиш кўзда
тутилган.
Ўзбекистон фуқароларининг
Туркия университетларининг магистратура ва PhD дастурларида таълим олиш
имкониятларини кенгайтиришга алоҳида урғу берииб келиняпти.
Бундан ташқари, томонлар
академик алоқаларни ривожлантириш, инновацияларни илгари суриш, илмий
тадқиқотларни тижоратлаштириш ва таълим соҳасидаги тадбиркорликни
ривожлантиришга қаратилган халқаро конференциялар, форумлар, симпозиумлар,
давра суҳбатлари, ёзги ва қишки мактабларни биргаликда ташкил этишга келишиб
олди, деб хабар беради «Эл-юрт умиди» жамғармаси мат буот хизмати.
Маълумот учун: Туркия
делегацияси таркибида мамлакатнинг етакчи университетлари, хусусан, QS глобал рейтингининг Топ-300 талигига кирувчи
ва Туркиянинг техник фанлар бўйича энг яхши университетларидан бири ҳисобланган
Истанбул техника университети ва Яқин Шарқ техника университети (муҳандислик ва
нефть қазиб олиш йўналиши бўйича жаҳон рейтингида Топ-10) ректорлари ҳам бор
эди.