Кўчат каби илдиз отиб, ўзини тутиб кетиши, жамиятда ўз ўрнини топиши учун уларга маънавий далда ва моддий кўмак бошқалардан кўра кўпроқ зарур.

Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолининг эҳтиёжманд қатламини дав­лат томонидан имтиёзли шартларда уй билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, аёл­лар ва ёшларга, эҳтиёжманд оилаларга уй-жой олишда субсидия ажратиш тизи­ми йўлга қўйилди. Шу билан бирга, Меҳрибонлик уйларида тарбияланган ва мустақил ҳаётга қадам қўйган чин етим­лар ҳам давлат томонидан уй-жой би­лан таъминланиб, барча шарт-шароит яратилмоқда. Бундай эзгу ташаббуслар жамиятнинг ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқаролари турмуш фаровонлигини ошириб, ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.

Яқинда Янгийўл шаҳридаги Сабо ма­ҳалласи ҳудудида янгидан барпо этил­ган 7 қаватли уйнинг 18 хонадони Меҳ­рибонлик уйларида тарбияланганларга жиҳозланган ҳолда тантанали топши­рилгани ана шундай эзгу ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Янги уйларни топшириш маросимида шаҳар ҳокими Фарҳод Мирзаев, шаҳар сектор раҳбарлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Уй берилгани тўғрисидаги сертифи­кат ва калитларни қўлига олган каттаю кичикнинг қалбида ҳаяжон, кўзларида қувонч ёшлари қалқиди.

Маросимда сўзга чиққанлар мамла­катимизда кучли ижтимоий сиёсат юритилаётгани, ҳеч ким ўз муаммоси билан ёлғиз қолмаётганини, Меҳрибонлик уйларида тарбияланганларга хонадон­ларнинг бепул топширилаётгани инсон қадрини улуғлаш, одамлар турмуши фаровонлигини ошириш йўлида олиб борилаётган ишларнинг ёрқин ифодаси эканини таъкидлади.

Шаҳар ҳокими, сектор раҳбарлари ва нуронийлар янги хонадонларга ки­риб, уй эгалари билан суҳбатлашди. Хонадон эгаларига эзгу тилаклар бил­дирилди.

— Узоқ йиллар ота-онасиз, уларнинг меҳрига зор бўлиб катта бўлдим, — дейди Нигина Субаева. — Тошкент шаҳри­даги 22-Меҳрибонлик уйида менга ота-оналардек ғамхўрлик қилишди, шу ерда ўқиб таълим олдим. 2020 йилда мус­тақил ҳаётга қадам қўйиб, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига ўқишга кирдим. Ўтган йили оила қурдим. Шу йили она бўлиш бахти насиб қилди, ўғлим дунёга келди. Уйимиз бўлмага­ни учун турмуш ўртоғим билан Янгийўл шаҳрида ижарама-ижара ҳаёт кечирдик. Сабо маҳалласидаги кўп қаватли уйдан бир хонали хонадон бепул берилиши ҳақидаги хушхабарни эшитганимда қувон­чимни кўрсангиз эди. Қувончдан кўзим ёшланди. Чунки узоқ йиллардан буён ўз уйимиз бўлишини, ўзгалар каби тўла-тўкис ҳаёт кечиришни орзу қилардим. Минг шукрки, энг катта орзум амалга ошди. Давлатимиз раҳбари томонидан биз каби ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга кўрсатилаётган ғамхўрлик­дан миннатдормиз. Бизни ёлғиз таш­лаб қўйишмади. Бу ғамхўрликни ўз меҳнатим билан оқлаб, юртимиз ривожи учун бор билим ва салоҳиятимни сафарбар этаман.

Мазкур кўп қаватли уйнинг ҳар бир хонадонида замонавий эшик-ромлар, телевизор, музлаткич, газ плиталар ўр­натилган. Хоналар тўлиқ жиҳозланган.

Ҳа, бу ҳаёт остонасида турган ёш­ларга энг катта совға бўлди. Ўз бош­панасига эга бўлгач, уларнинг қалбида умид чироғи ёнди, эртанги кунга ишон­чи ошди. Ёлғиз эмасликларини, уларга ғамхўрлик кўрсатадиган давлатимиз, Президентимиз борлигини дилдан ҳис этишди. Бу мамнунлик, кўтаринкилик уларни юрт корига ярайдиган инсонлар бўлиб етишишга, Ватан равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилишга ундайве­ради.

Шаҳзод Ғаффоров,

“Янги Ўзбекистон” мухбири