Кўчат каби илдиз отиб, ўзини тутиб кетиши, жамиятда ўз ўрнини топиши учун уларга маънавий далда ва моддий кўмак бошқалардан кўра кўпроқ зарур.
Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолининг эҳтиёжманд қатламини давлат томонидан имтиёзли шартларда уй билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, аёллар ва ёшларга, эҳтиёжманд оилаларга уй-жой олишда субсидия ажратиш тизими йўлга қўйилди. Шу билан бирга, Меҳрибонлик уйларида тарбияланган ва мустақил ҳаётга қадам қўйган чин етимлар ҳам давлат томонидан уй-жой билан таъминланиб, барча шарт-шароит яратилмоқда. Бундай эзгу ташаббуслар жамиятнинг ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқаролари турмуш фаровонлигини ошириб, ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.
Яқинда Янгийўл шаҳридаги Сабо маҳалласи ҳудудида янгидан барпо этилган 7 қаватли уйнинг 18 хонадони Меҳрибонлик уйларида тарбияланганларга жиҳозланган ҳолда тантанали топширилгани ана шундай эзгу ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
Янги уйларни топшириш маросимида шаҳар ҳокими Фарҳод Мирзаев, шаҳар сектор раҳбарлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Уй берилгани тўғрисидаги сертификат ва калитларни қўлига олган каттаю кичикнинг қалбида ҳаяжон, кўзларида қувонч ёшлари қалқиди.
Маросимда сўзга чиққанлар мамлакатимизда кучли ижтимоий сиёсат юритилаётгани, ҳеч ким ўз муаммоси билан ёлғиз қолмаётганини, Меҳрибонлик уйларида тарбияланганларга хонадонларнинг бепул топширилаётгани инсон қадрини улуғлаш, одамлар турмуши фаровонлигини ошириш йўлида олиб борилаётган ишларнинг ёрқин ифодаси эканини таъкидлади.
Шаҳар ҳокими, сектор раҳбарлари ва нуронийлар янги хонадонларга кириб, уй эгалари билан суҳбатлашди. Хонадон эгаларига эзгу тилаклар билдирилди.
— Узоқ йиллар ота-онасиз, уларнинг меҳрига зор бўлиб катта бўлдим, — дейди Нигина Субаева. — Тошкент шаҳридаги 22-Меҳрибонлик уйида менга ота-оналардек ғамхўрлик қилишди, шу ерда ўқиб таълим олдим. 2020 йилда мустақил ҳаётга қадам қўйиб, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига ўқишга кирдим. Ўтган йили оила қурдим. Шу йили она бўлиш бахти насиб қилди, ўғлим дунёга келди. Уйимиз бўлмагани учун турмуш ўртоғим билан Янгийўл шаҳрида ижарама-ижара ҳаёт кечирдик. Сабо маҳалласидаги кўп қаватли уйдан бир хонали хонадон бепул берилиши ҳақидаги хушхабарни эшитганимда қувончимни кўрсангиз эди. Қувончдан кўзим ёшланди. Чунки узоқ йиллардан буён ўз уйимиз бўлишини, ўзгалар каби тўла-тўкис ҳаёт кечиришни орзу қилардим. Минг шукрки, энг катта орзум амалга ошди. Давлатимиз раҳбари томонидан биз каби ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга кўрсатилаётган ғамхўрликдан миннатдормиз. Бизни ёлғиз ташлаб қўйишмади. Бу ғамхўрликни ўз меҳнатим билан оқлаб, юртимиз ривожи учун бор билим ва салоҳиятимни сафарбар этаман.
Мазкур кўп қаватли уйнинг ҳар бир хонадонида замонавий эшик-ромлар, телевизор, музлаткич, газ плиталар ўрнатилган. Хоналар тўлиқ жиҳозланган.
Ҳа, бу ҳаёт остонасида турган ёшларга энг катта совға бўлди. Ўз бошпанасига эга бўлгач, уларнинг қалбида умид чироғи ёнди, эртанги кунга ишончи ошди. Ёлғиз эмасликларини, уларга ғамхўрлик кўрсатадиган давлатимиз, Президентимиз борлигини дилдан ҳис этишди. Бу мамнунлик, кўтаринкилик уларни юрт корига ярайдиган инсонлар бўлиб етишишга, Ватан равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилишга ундайверади.
Шаҳзод Ғаффоров,
“Янги Ўзбекистон” мухбири