Давлат ва жамият ҳаётида рўй бераётган туб ўзгариш ва ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши, аввало, бозор иқтисодиёти шароитида мустаҳкам билимга эга, Ўзбекистоннинг бугунги ташқи ва ички сиёсати йўналишларини ҳар томонлама тушунадиган ва таҳлил эта оладиган ёш ҳамда ташаббускор кадрларни етиштиришни тақозо этмоқда.

2018 йилнинг 25 сентябрида Президентимиз ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан бошланган эзгу ишларнинг мантиқий давоми сифатида “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилди.

Ҳар йили Жамғарма томонидан эълон қилинадиган очиқ стипендия танловларида вазирлик ва идоралар мутахассислари, профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар, асосан, ёшлар фаол иштирок этиб келмоқда.

Жумладан, 2018 йил давомида 378 нафар, 2019 йил давомида 600 нафар, 2020 йил давомида пандемия даври бўлишига қарамай 15 нафар, 2021 йил давомида 313 нафар, 2022 йил давомида 320 нафар ёш Жамғарма стипендиати дея эътироф этилди. Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясига кўра 2026 йилга бориб ушбу кўрсаткични 700 нафарга етказиш режалаштирилмоқда.

Жами 1626 нафар иқтидорли ва истиқболли ёшлар ҳамда соҳа мутахассисларини “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати сифатида хориждаги ривожланган давлатларнинг таълим муассасалари ва илғор компанияларида таълим олиши ва стажировка ўташи ташкил этилди.

Стипендиатлар дунёнинг жами 42 га яқин давлатида, жумладан АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Канада, Италия, Испания, Жанубий Корея, Хитой, Россия каби илғор мамлакатларнинг 270 дан зиёд университетлари, илмий марказлари ва нуфузли компанияларида таълим олиб, бугунги кунда 1070 нафари мамлакатимизга қайтиб келган. Улар таълим, илмий-тадқиқот, соғлиқни сақлаш, давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқларида самарали фаолият олиб бормоқда.

Айни вақтда 474 нафардан ортиқ стипендиатлар АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Канада, Италия, Испания, Жанубий Корея, Хитой, Россия каби давлатларда бакалавриат, магистратура, ординатура ҳамда докторантура дастурларида ўқишларини давом эттирмоқда.

Бугунги кунда “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари дунёнинг энг илғор университетлари ва илмий марказларида, жумладан University of Oxford, University of Cambridge, University College London, Imperial College London, The University of Chicago, Columbia University, Cornell University ва бошқа нуфузли университетлар ва илмий марказларда таълим олмоқда.

Жамғарманинг 2022 йилдаги 3 очиқ стипендия танлови 2022 йил 20 сентябрда эълон қилинган бўлиб, унда иштирок этиш учун 976 нафар номзоддан ариза келиб тушди. Низом талабларига тўла мос келадиган жами 171 нафар номзод танловнинг 2 босқичи, тест жараёнига тавсия этилди. 

Танлов комиссиясининг қарорига асосан танловнинг 2 босқич тест жараёнлари Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида ўтказилди. Танловнинг 2 босқичи тест жараёнида иштирок этган номзодларнинг интеллектуал салоҳияти ва билим даражаси, таҳлил қилиш ва ижодий қобилиятлари даражасини аниқлашга қаратилган тест синовлари натижаларига кўра жами 171 нафар номзодлардан 135 нафари суҳбат босқичига тавсия этилди.

Суҳбат жараёнлари танлов комиссиясига илмий-амалий тажрибага эга бўлган, хусусан, хорижда таълим олган мутахассислар ва экспертларни жалб қилган ҳолда ўтказилди.

Танловнинг 2 босқич суҳбат жараёнида номзодларнинг хорижда таълим олишдан кўзланган мақсади ва таълим олиш тугагач, олинган билимларини Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари, танлаган мутахассислиги бўйича билим ва кўникмалари, маънавий-ахлоқий тафаккури, соғлом дунёқараши, миллий ва умуминсоний қадриятларни билиш даражасини аниқлашга қаратилган давлат тилида суҳбат ўтказилди.

Жамғарма Васийлик кенгашининг қарорига кўра, танлов ўтказиш йўналишлари ва таълим дастурлари бўйича ажратилган ўринларга мувофиқ, барча саралаш босқичлари талабларига жавоб берган, Жамғарманинг 2022 йилги 3 стипендия танлови натижаларига кўра 58 нафар номзодлар ғолибликни қўлга киритиб, “Жамғарма стипендиати” деб эътироф этилди.

Давлатимиз томонидан ёшларга яратиб берилган кенг имкониятларни янада тарғиб этиш ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармасининг 2022 йилги 3 очиқ стипендия танлов босқичларидан муваффаққиятли ўтган 58 нафар ғолибини тақдирлаш мақсадида уларга сертификат топшириш маросими ўтказилди.

Тадбирнинг бошланишида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради. Сўнгра “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолияти оид видеоролик намойиш этилди. 

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори А.Ш. Бекмуродов сўзга чиқиб, мамлакатимиз тараққиётини янада жадаллаштиришда илғор хорижий давлатларда таълим олган кадрларнинг аҳамияти ва бу жараёнда жамғарманинг ўрни ҳақида сўз юритди. Шундан сўнг, "Эл-юрт умиди"нинг 226 ўринга мўлжалланган 3 очиқ стипендия танлови ғолибларига сертификат топширилди.