Акмал Мустаев узоқ йиллардан буён Корея Республикасида меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келади. Ўз меҳнати эвазига ишлаб топган дастлабки сармояси ҳисобидан Пахтакор туманида ”Zaynur Zebo” хусусий корхонасини ташкил этиб, пайпоқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.
Бундан ташқари, сармоядор ватандошимиз тумандаги бўш ётган 10 гектар ерда деҳқончилик хўжалиги ташкил қилиб, 8 гектар ерда интенсив гилос ва олма кўчатларини кўкартирмоқда.
Акмал Мустаев айни пайтда мазкур мевазорда томчилаб суғоришни йўлга қўйиш борасида тайёргарлик ишларини олиб бораётганлигини, қолган 2 гектар майдонда бошқа деҳқончилик маҳсулотларини етиштиришни мақсад қилганини билдирди.
Ватандошимиз шу пайтга қадар ушбу лойиҳалар учун 200 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя киритганлиги ва келгуси олинадиган мева, полиз ва сабзавотларни қайта ишлаш ва шу орқали мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни қондиришга ўз ҳиссасини қўшишни, қолаверса, экспорт фаолияти билан шуғулланиш бўйича режалари билан ўртоқлашди.
Бундан ташқари, у ўз лойиҳалари доирасида 10 нафар маҳалладошини доимий иш билан таъминлади.