Кейинги пайтларда Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг «Рома»даги фаолияти ҳақида жуда кўп гаплар бўляпти. Чунки Элдор асосан захира ўриндиғида қолиб кетяпти. Бу эса, истайсизми йўқми, футболчига руҳий таъсир қилади. Бундан ташқари, узоқ вақт захирадан ўтириш охир оқибат ҳужумчининг ўйин амалиётига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Хўш, бундай ҳолатда нима қилиш керак. Албатта, агар имкони бўлса, жамоани алмаштириш лозим ва бизнингча бу энг тўғри йўл бўлади.

Италиянинг Tuttosport нашрининг хабарига ишонадиган бўлсак, «А» церийа вакили «Торино» 27 ёшли ўзбекистонлик форвардни январь ойида ўз сафига қўшиб олмоқчи. Клуб бош мураббийи Иван Юрич жамоасининг ҳужум чизиғидаги муаммоларни Шомуродов ёрдамида бартараф этмоқчи.

Қайд этилишича, Турин клуби раҳбарияти ва Шомуродовнинг вакиллари ўртасида музокара аллақачон бошланган. Аслида «Торино» ёзги трансфер ойнасида ҳам Элдорни ўз таркибига қўшиб олишга ҳаракат қилганди.

Айни пайтда «Торино» «А» церийада 10-турдан кейин 11 очко билан 11-ўринда бормоқда.