Хусусан, 2022 йилнинг 7-10 июнь кунлари Фонд томонидан 25- Евроосиё иқтисодий саммити ташкил этилди. «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳамда марказ экспертлари, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги вакиллари иштирокидаги Ўзбекистон делегацияси аъзолари ушбу нуфузли саммитда иштирок этди.

Бу йилги саммитда ҳам  44 та мамлакатдан ва ўндан ортиқ турли халқаро ташкилотлардан вакиллар, жумладан, 5 та давлатнинг амалдаги президентлари, 15 та давлатнинг собиқ президентлари ва ҳукумат раҳбарлари, 20 та вазирлар, 7 та вазир ўринбосарлари, 10 та турли шаҳар ва вилоятлар мерлари (ҳокимлари) иштирок этди. 

Саммит ишини Туркия собиқ Бош вазири ва Буюк Миллат Мажлиси спикери, Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим ҳамда Истанбул шаҳар маъмурияти вакиллари мувофиқлаштириб борди.

Самарали ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилган мазкур саммит доирасида ўзбекистонлик делегация вакиллари томонидан мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар, сўнгги беш йилда эришилган иқтисодий кўрсаткичлар, қулай инвестицион муҳит ва хорижлик инвесторлар учун яратилган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот тадқим этилди.

Жумладан, халқаро анжуманда «Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков маъруза билан чиқиш қилди. Э.Туляков ўз сўзида «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси»да кўзда тутилган стратегик мақсадлар ва вазифалар ҳақида саммит қатнашчиларига сўзлаб берди.

Шунингдек, “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан инглиз тилида чоп қилинган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” номли рисола анжуманга йиғилган Туркиянинг етакчи сиёсий ва ишбилармон доиралари вакиллари ҳамда хорижлик иштирокчиларга тарқатилди.

Шу билан бирга, ушбу нуфузли анжуман доирасида Ўзбекистон делегацияси ва саммитда иштирок этаётган халқаро даражадаги ташкилотлар ҳамда дунёнинг етакчи «ақл марказлари» ўртасида амалий натижаларга бой бўлган бир қатор учрашув ва мулоқотлар ўтказилди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, 2021 йилда ташкил этилган Евроосиё иқтисодий саммити доирасида «Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамда «Мармара груп» ижтимоий ва стратегик тадқиқотлар фонди ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, унга мувофиқ ҳамкорликда долзарб муаммоларга бағишланган семинар, конференция ва икки томонлама учрашувлар ташкил этиб келинмоқда.

“Тараққиёт стратегияси” маркази

Ахборот хизмати