“Свет ўчганда кимга мурожаат қилиш керак?”, “Масъуллар бу ҳолатдан хабардорми?”, “Газлашмаган ҳудудларда электр энергияси учун имтиёзлар борми?”, “Нега айрим авариялар соатлаб бартараф этилмайди?” каби саволлар жамоатчилик орасида энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бирига айланган.

Шунингдек, “электр ўчиши раҳбариятдан яширилади”, “масъул идоралар вазиятга бефарқ” деган қарашлар ҳам мавжуд. Ушбу саволларга ойдинлик киритиш, электр таъминоти тизимида аслида қандай ишлар олиб борилаётганини билиш мақсадида вазиятларни мониторинг қилиш мониторинг марказида, “Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ тизимидаги вазиятларни мониторинг қилиш маркази бошлиғи Мансур Муродов ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ Матбуот котиби Фахриддин Нуралиевлар билан суҳбатлашдик.

— Халқ орасида электр ўчганда ҳеч ким аҳвол билан қизиқмайди, масъуллар бефарқ, раҳбариятга ҳам етмайди деган гаплар бор. Бу қараш қаердан келиб чиққан, деб ўйлайсиз?

— Бундай фикрлар халқ орасида анчадан бери айланиб юради. Ўзимга ҳам бир неча бор айтишган. Мен ўзим ҳам қишлоқ жойиданман, шу сабаб бу ҳолатларни яхши тушунаман. Лекин аслида энергетика тизимида электр таъминоти билан боғлиқ бирор ҳолат раҳбариятдан яширилиши мумкин эмас. Ҳар қандай авария ёки узилиш автоматик тарзда назорат тизимида акс этади.

— Демак, электр ўчиши содир бўлиши билан бу ҳақда маълумот марказга келадими?

— Албатта. Биз фаолият юритаётган мониторинг марказида республика бўйича электр таъминоти доимий кузатилади. Қайси ҳудудда, қайси тармоқда муаммо юзага келгани шу заҳоти аниқланади. Раҳбарият энг кўпи билан беш дақиқа ичида хабардор қилинади.

— Авариялар нега ўз вақтида бартараф этилмаяпти, деган эътирозлар ҳам бор. Бу борада ҳолат қандай?

— Энергетика тизими электр ўчишидан мутлақо манфаатдор эмас. Аксинча, узилишлар қанчалик тез бартараф этилса, тизим учун ҳам, аҳоли учун ҳам шунчалик яхши. Сўнгги йилларда авариявий ҳолатларни бартараф этиш муддати сезиларли қисқартирилди.

— Қиш мавсумида узилишлар кўпайишининг асосий сабаблари нималардан иборат?

— Биринчи сабаб — режали ишлар. Ёз ва куз ойларида, шунингдек қиш давомида ҳам электр тармоқларини янгилаш, модернизация қилиш ишлари олиб борилади. Бу жараёнда хавфсизлик нуқтаи назаридан электрни вақтинча ўчиришга тўғри келади. Иккинчи сабаб — совуқ ҳаво. Қиш пайтида электр қурилмаларига ортиқча юклама тушади, бу эса профилактик текширувларни талаб қилади. Учинчи сабаб — кутилмаган авариялар. Табиий омиллар ёки техник сабаблар туфайли бундай ҳолатлар юзага келиши мумкин.

— Аварияларни бартараф этиш бўйича қандай тайёргарлик кўрилган?

— Бутун республика бўйлаб 600 дан ортиқ тезкор чиқиш бригадалари фаолият олиб бормоқда. Қўшимча бригадалар, эҳтиёт қисмлар ва махсус техника захираси яратилган. Асосий мақсад — қиш мавсумини беталофат ўтказиш.

— Илгари авариялар соатлаб давом этарди. Ҳозир бу кўрсаткичлар ўзгарганми?

— Ҳа, албатта. Илгари айрим ҳолатларда аварияларни бартараф этиш 7–8 соатгача чўзиларди. Ҳозир бу вақтни 1–3 соатгача қисқартиришга эришдик. Авариялар сони ҳам сезиларли камайтирилди.

— Аҳоли электр ўчиришлари ҳақида қаердан ва қандай маълумот олиши мумкин?

— Режали ўчиришлар ҳақида бир кун олдин ҳудудий электр тармоқларининг расмий ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали эълон қилинади. Агар авариявий ҳолат бўлса, сабаби, ўчган ҳудудлар ва электр таъминоти тикланадиган вақт ҳақида тезкор маълумот берилади.

— Айрим фуқаролар “қўнғироқ қилсак, ҳеч ким жавоб бермайди” дейишади. Бу қанчалик тўғри?

— Бу гаплар бор, лекин аслида республика бўйича 1154 қисқа рақами 24 соат, ҳафтанинг 7 куни ишлайди. Операторлар сони кўпайтирилган. Агар туман ёки шаҳар электр таъминоти корхоналарига боғланиш қийин бўлса, албатта 1154 рақами орқали мурожаат қилиш мумкин.

— Газлашмаган ҳудудларда электрни ўчириш мумкин эмас, деган қарашлар ҳақида нима дейсиз?

— Электр таъминотида ҳудуднинг газлашган ёки газлашмагани бўйича алоҳида чеклов йўқ. Лекин газ бўлмаган ҳудудларда электр энергиясига талаб юқори бўлишини ҳисобга оламиз. Шу сабаб бундай ҳудудларда барқарорликка алоҳида эътибор қаратамиз.

— Бу ҳудудлар учун қандай имтиёзлар мавжуд?

— Газлашмаган, 10 қаватдан юқори бўлган кўп қаватли уйларда электр энергияси учун 50 фоизлик тариф қўлланилади. Бу хавфсизлик талаблари билан боғлиқ. Лекин республика бўйлаб ҳовли уй-жойлар учун алоҳида имтиёзлар назарда тутилмаган.

— Якунда аҳолига қандай мурожаат қилган бўлардингиз?

— Фуқаролардан электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар бўлса, расмий каналлар орқали мурожаат қилишини сўрардим. Шунингдек, фуқароларимизга шуни алоҳида айтмоқчиманки сихнинг ҳар бир мурожаатингиз қайд этилади ва ва у бўйича керакли тартибда чоралар кўрилади. Биз аҳолини барқарор электр энергияси билан таъминлаш учун доимий иш олиб боряпмиз.

Мутахассис билан бўлган суҳбатдан маълум бўлишича, электр таъминоти билан боғлиқ ҳар қандай авария ёки узилиш марказлашган тарзда назорат қилинади ва раҳбарият қисқа вақт ичида хабардор қилинади. Қиш мавсумида узилишлар асосан режали ишлар, совуқ ҳаво оқибатидаги ортиқча юкламалар ва кутилмаган авариялар билан боғлиқ. Шу билан бирга, аварияларни бартараф этиш муддатлари қисқартирилган, тезкор бригадалар ва қўшимча захиралар шакллантирилган.

Мутахассиснинг таъкидлашича, аҳоли электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар бўйича расмий ахборот манбалари ва алоқа каналларидан фойдаланиши муҳим. Ҳар бир мурожаат қайд этилиб, тегишли чоралар кўрилади. Асосий мақсад қиш мавсумини беталофат ўтказиш ва аҳолини барқарор электр энергияси билан таъминлашдан иборат.

 Зулхумор АКБАРОВА