Учрашув давомида томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик натижасида мамлакатимизда электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш истиқболлари ҳамда бу борада яқин келажакда олиб борилиши лозим бўлган масалалар муҳокама қилинди.

Мамлакатимизда мазкур тизимни жорий этиш бўйича Жанубий Корея томонидан кўрсатилган ҳамкорлик туфайли ушбу тизим мамлакатимизда электр энергия сарфи ҳамда ҳисоб-китоби соҳасида туб бурилиш ясайди. Тадбирда ҳамкорликни давом эттириш юзасидан янги таклифлар ўртага ташланди.

Жумладан, мазкур автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳасини амалиётга жорий этиш натижасида мамлакатимизда электрон ҳисоблагичларни ишлаб чиқариш амалиёти вужудга келганлигини инобатга олиб, МДҲ давлатларида мазкур лойиҳани жорий этишда ҳамкорлик қилиш таклиф этилди. Шу билан бир қаторда, ҳисоблагичларга сервис хизмат кўрсатувчи марказ ташкил қилиш таклифи билдириб ўтилди.

Ўз навбатида, жаноб Lee Hansup Ўзбекистон энергетика соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар «KT Corporation» компаниясининг Ўзбекистондаги фаолиятига кенг имконият яратгани, жумладан, яқин кунларда ишга туширилиши режалаштирилаётган Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази минтақада ягона эканлигини алоҳида қайд этиб ўтди, деб хабар беради «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ матбуот хизмати.