Ривожланган маҳаллий ишлаб чиқариш ҳар қандай мамлакатнинг таянчи ҳисобланади. Чунки саноат барқарорлиги иқтисодий ўсишга бевосита таъсир қилибгина қолмай, инноватцияларни рағбатлантиришда, меҳнат бозорини ривожланишига ва замонавий жамият қурилишида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Кичик бизнес секторининг кенгайиши маҳаллий саноат бозоридаги рақобатбардош муҳитни яратиш билан бирга корхона ва ташкилотлар бандлигини таъминлаш учун янада чуқурроқ ва барқарор ёндашувни татбиқ қилади. Бунда бир қатор омиллар муҳим рол ўйнайди. Хусусан, ҳар қандай тадбиркорлик фаолиятининг муваффақият устунларидан бири бу таъминот занжиридаги ишончли ҳамкорлар тармоғини шакллантиришдир.
Таъминот занжирини самарали бошқариш корхоналар фаровонлиги гарови бўлиб, буюртмачи ва етказиб берувчиларнинг муносабатлари нафақат ташкилотнинг қисқа муддатли мақсадларига, балки уларнинг муттасил ривожланишига ҳам катта ҳавф етказиши мумкин. Бундан ташқари, ишончли харидорларни ва етказиб берувчиларни топиш, шартномалар тузиш ва сотиб олиш одатда жуда узоқ ва мураккаб жараён деб ҳисобланиб келинган.
Бу муаммонинг ечимини топиш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқариш кўлами ва маҳсулотлар каталоги турларини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузурида эркин савдо майдони сифатида Электрон кооперация портали ташкил этилди. Порталнинг мақсади барча манфаатдор томонларга мамлакатнинг ички саноат салоҳияти ва имкониятларига ягона кириш имкониятини тақдим қилишдан иборат. Буюртмачилар маҳаллий саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотлардан тортиб турли хил хомашё, материаллар ва бутловчи буюмларгача бўлган маҳсулотларни ҳарид қилиш имкони эга. Портал иштирокчилари маҳсулотларга ишончли харидорларни топишлари билан бирга, шартномаларни имзолашда ҳам кўмак олади. Бу эса ўз ўрнида сотиш ва сотиб олиш жараёларини соддалаштиради ва иштирокчилар вақтини тежайди.
Хусусан, Электрон кооперация порталида 2021 йилда маҳаллий корхоналар томонидан маҳсулотлар реализацияси бўйича қиймати 11 488,5 млрд сўмлик жами 42 649 та ўзаро ҳамкорлик шартномалари тузилди. Бунда маҳсулот сотиб олиш бўйича йирик тармоқ корхоналарининг улуши 61,3 фоизни ташкил қилган бўлса, маҳсулот сотиш бўйича ҳудудлардаги корхоналарнинг улуши 51 фоизни ташкил этмоқда.
Ҳудудий ва республика тармоқлараро ярмаркаси доирасида жами 1 457 та меморандумлар имзоланган бўлиб, уларнинг аксарияти “Ўзбекнефтегаз” АЖ, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ва “Ўзкимёсаноати” АЖ тармоқ корхоналарига тўғри келади. Бунда Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ҳамда Бухоро вилоятида жойлашган етказиб берувчи корхоналар томонидан 487 та меморандум имзоланди.
Ушбу муваффақият даражаси фойдаланувчилар ишончидан далолат беради ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш, маҳаллий ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, кичик бизнесни саноат лойиҳаларига жалб қилиш ва Ўзбекистон иқтисодиётини ҳар томонлама ривожлантириш йўлида порталнинг катта салоҳиятини кўрсатади. Натижада, ҳозирги кунда маҳаллий ишлаб чиқаришнинг кенг имкониятларини ва халқаро миқёсдаги рақобатчилари билан бемалол рақобатлаша олишини кузатиш мумкин.