Қайси жамоанинг мухлиси кўп?
Ўзбекистонда Европадаги қайси жамоанинг мухлиси кўп? “Реал”никими ёки “Барселона”ники? Балки кейинги йилларда “Ливерпуль” ёки “Манчестер сити”нинг ишқибозлари кўпайгандир? Йўқ, ундай эмас. Мамлакатимизда “Рома”нинг мухлислари кўп. Улар салкам 36 миллионта. Чунки бу жамоада юртдошимиз Элдор Шомуродов ўйнайди. Шунинг учун тундами, кундузми, керак бўлса энг зарур ишимизни четга суриб қўйиб ҳам “Рома”нинг ўйинини томоша қиламиз. Элдор рақиблар дарвозасига гол киритса, худди энг яқин қариндошимиз, ака-укамиз гол ургандек қувонамиз, бақириб, атрофга жар соламиз. Аслида Элдор, ростдан ҳам, кўпимизга ўғлимиз, неварамиз, укамиз, акамиздек бўлиб қолган. Чунки у биз яшаётган юртни оламга танитяпти. Дунёда Ўзбекистон деган мамлакат бор, ўзбек деган миллат бор, мен шу Ватан, шу миллат фарзандиман, деяпти.
Президентимиз Сурхондарёдаги сайловолди учрашувида Италиянинг “Рома” клуби аъзоси, машҳур футболчимиз Элдор Шомуродов халқаро майдонларда Ўзбекистон байроғини баланд кўтаришига ишонамиз, деган эди.
Элдор бугун давлатимиз раҳбарининг ишончини оқлаб, юртимизни, элимизни оламга танитяпти. Бу эса барчамизнинг қалбимизда фахр, ғурур, ифтихор уйғотяпти.
Футболчилар сулоласи
Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманининг “Нурли диёр” маҳалласида туғилиб ўсган Элдор бирданига иқтидорли футболчи бўлиб қолгани йўқ. Унинг бобоси Оллаберди Шомуродов узоқ йил тумандаги Норали Боймуродов номидаги хўжаликда спорт йўриқчиси бўлиб ишлаган. У хўжаликнинг “Меҳнат” футбол жамоасига мураббий ҳам эди. Шу боис, мусобақаларда ўғли Азамат ҳам фаол қатнашарди. Йил сайин Азаматнинг маҳорати ошди, жамоанинг моҳир тўпурарига айланди. Азамат деганимиз Элдорнинг отаси.
Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ўртасида Жарқўрғонда футбол клуби ташкил топади. Унга хўжаликлардаги футбол жамоаларининг тажрибали ўйинчилари жалб этилади. Улар орасида Азамат ҳам бор эди. Туман жамоасида ўйнаб танилган Азаматни Термиз шаҳрида тузилган “Ҳаракат–Камгар” футбол клубига таклиф қилишди. Анча вақтдан сўнг у Шўрчи дон маҳсулотлари комбинати ҳомийлигида тузилган “Шўрчи” жамоаси аъзосига айланади. Кейинчалик бу жамоа Ўзбекистон чемпионати биринчи лигасига йўлланма олади.
Профессионал клубда тўп сураётган Азаматга қишлоқдаги кўп ёшлар ҳавас қиларди. Бу пайтга келиб акасининг ўғли Отабек Шомуродов ҳам “Шўрчи” жамоаси ўринбосарлари таркибида ўйнай бошлайди. Сўнг асосий таркибга қўшилади. Бироз муддат ўтгач, унинг укаси Илҳом Шомуродов “Шўрчи” кийимида майдонга тушади. Азаматнинг жиянлари анча йил “Шўрчи”, “Сурхон”, “Насаф”, “Динамо”, “Сўғдиёна”, “Машъал”, “Бунёдкор” жамоаларида тўп суришди, бетакрор ўйинлари ва чиройли голлари билан мухлислар ҳурматини қозонди.
Ака-ука Шомуродовлар
Йиллар ўтиб, Азамат ҳам, жиянлари ҳам ўйинлар жараёнида олган жароҳатлари туфайли катта футбол билан хайрлашди. Бироқ мамлакат чемпионатида Шомуродовлар сулоласининг кенжа авлоди саҳнага чиқди. Чунки ўша кезлар Азамат Шомуродовнинг ҳар икки ўғли – тўнғичи Санжар, кенжаси Элдор ҳам амаки акалари Отабек ҳамда Илҳомга ҳавас қилиб футболни танлашганди. Фаолиятини Ғузорнинг “Шўртан” жамоасида бошлаган Санжар 2017 йилги мавсумда Ўзбекистон чемпионати биринчи лигасида “Сурхон” шарафини ҳимоя қилди. У чопқирлиги, маҳорати туфайли қисқа фурсатда ишқибозлар меҳрини қозонди. Санжар гарчанд бугун яшил майдонларда тўп тепмаётган бўлса ҳам футбол оламидан узоқлашгани йўқ. Икки йилдирки, Ўзбекистон футбол федерациясининг Сурхондарё вилояти бўлимига етакчилик қилиб, воҳада футболни оммалаштириш, ёш иқтидорларни кашф қилиш, болалар спортини ривожлантириш ҳамда вилоят ички чемпионати ўйинларини тизимли ташкил этишга бош-қош бўлиб келяпти.
— Халқимизда “Катта карвон қайси йўлдан юрса, кичиги ҳам унинг изидан эргашади”, деган гап бор. Ўзим, тўнғич ўғлим Санжар, акамнинг ўғиллари Отабек, Илҳом футбол жамоаларида тўп сураётганига қизиққан Элдор мактабнинг бешинчи синфида ўқий бошлаганда “мен ҳам футболчи бўламан”, деб оёқ тираб туриб олди, — дейди Азамат Шомуродов. — Оилада ҳам, ўғил-қизлар тарбиясида ҳам қаттиққўлман, аммо ҳар бир фарзандимнинг раъйига қарайман, фикрини эшитаман. Қизларим ёки ўғилларим ўз қизиқишини билдирганда ҳеч бирига йўқ демаганман, кўнглини чўктирмаганман. Элдорга ҳам: “Сендан зўр футболчи чиқади, аммо ҳисобчиликни танласанг яхши бўларди-да, онанг иккимизнинг кенжамизсан, ҳар қалай ёнимизда бўлардинг”, деб гапни бошқа томонга бурсам ҳам Элдор сўзида қатъий туриб олди, фақат футболчи бўлишини айтди.
— Биз давраларда ўзимизнинг футболчи бўлганимизни гапирамиз. Аслида фаолиятимизга чуқурроқ назар ташланса, отам ҳам, амаки акаларим Отабек, Илҳом ҳам, мен ҳам футболнинг сир-асрори ўқитиладиган ва ўргатиладиган мактаб кўрмаганмиз, — дейди Элдорнинг акаси Санжар. — Рости, биз кўча футболида улғайдик, шу тажриба билан майдонга тушдик. Айнан шунинг учун кўп жароҳатлар олганмиз, майдондаги қўполликларимиз учун кўплаб жарима карточкаларига эга бўлганмиз.
Шу боис, оиладагилар Элдор футбол мактабида камол топишини ният қилади. У умумтаълим мактабининг 5-синфини тамомлагач, Қаршининг “Насаф” ва Муборакнинг “Машъал” жамоаларида ўйнаб юрган амаки акалари Отабек ва Илҳом Элдорни “Машъал” футбол клуби ҳузуридаги болалар футбол академиясига олиб боради. У имтиҳонлар ва мураббийлар кўригидан муваффақиятли ўтади. Футбол академиясидаги биринчи мураббийи Отажон Авезов Элдорга меҳрини беради, жиддий шуғуллантиради, вақти бўлганда якка тарздаги машқларга жалб қилади. Элдор ФИФА сайти мухбирига берган интервьюсида ўша йилларни бундай эслайди:
— ...Уйдан кетганимда жуда ёш бола эдим. Уйимдагиларни соғинардим, лекин бошқачасига яхши футболчи бўла олмаслигимни тушунардим. Оилам доим менинг интилишларимни қўллаб келди. Мен яшаган Муборак шаҳри ёзда саҳродагидек иссиқ, қишда жуда совуқ бўларди. Бироқ академия ва мураббийлар яхши эди. Ёш футболчиларнинг ўсиши учун барча шароитлар яратилган бўлиб, сабр билан ҳаракат қилишда давом этдим.
У футбол академиясида беш йил тайёрланганда Муборакнинг “Машъал” клуби Ўзбекистон чемпионати биринчи лигаси жамоалари сафига қўшилади. Клубнинг ўша пайтдаги мураббийи Александр Хомяков жамоа таркибига футбол академиясида тарбияланаётган бир неча иқтидорли ёшни таклиф қилади. Улар орасида Элдор ҳам бор эди. Икки мавсумдан сўнг “Машъал” олий лигага чиқади. Хомяков Элдорни асосий таркибга қўшади. Ушбу жамоада ўйнаш жараёнида унинг маҳорати ўсди, гол уришни янада мукаммал эгаллади, хатоларини секин-аста тузата борди. Бу орада ўйини жуда қовушаётган Элдор Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига таклиф қилинди. Осиё чемпионатида иштирок этиб, тажрибаси яна ҳам ортди.
Хорижга йўл
2015 йилги мавсумда Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби бош мураббийи Сергей Лушан Элдорни жамоага таклиф қилади. Олий лига етакчиларидан бири ҳисобланган клубнинг асосий таркибида тажрибали ва маҳоратли футболчилар билан тенг ўйнаган Элдорнинг тўпурарлик қирралари намоён бўла борди. Турдан турга рақиблар дарвозасига урган голлари кўпаяверди, мухлислар тилига тушди.
Ёш футболчининг меҳнатлари зое кетмади. Чаққон ҳаракатлари, эпчиллиги, жамоадошларига тўпни аниқ ошириш, майдондаги қулай имкониятдан фойдалана билиш қобилияти туфайли унинг номзодини Ўзбекистон миллий терма жамоасига муносиб кўрдилар. Тошкентдаги футболчиларнинг ўйинларини кузатиб юрадиган россиялик агентлар Элдорни Россиянинг “Ростов” клубига таклиф қилади. Шу тариқа ўзбек футболи мактабида тарбияланган Элдор “Ростов” футболчисига айланади. Орадан икки йил ўтгач, клуб мураббийлар штабида ўзгариш бўлди. Жамоага россиялик таниқли футболчи Валерий Карпин мураббий этиб тайинланади.
— Биринчи мавсум мослашиш жараёнини ўтказдим. Россияда бошқача – Европага анча яқин футбол ўйнашади, — дея эслайди ўша пайтларни Элдор. — Бош мураббий Валерий Карпин менга ишонч билдириб, руҳлантиргач, яхши ўйнашни бошладим.
Бу пайтга келиб ҳужумкор ўйин кўрсата бошлаган Элдор жамоа раҳбарларига ҳам, мухлисларга ҳам ёқарди. У кутилмаганда дарвоза ёнида пайдо бўлиб қолар, ҳаммани ҳайратга солиб голлар киритарди. “Ростов” жамоаси таркибида Россиянинг таниқли футболчилари жамланган бўлса-да, Элдор бир мавсумда рақиблар дарвозасига 10 тадан зиёд тўп ура олди.
Шунинг учун бўлса керак, The Guardian нашри дунё бўйича энг яхши ўйинчига овоз бериш учун 300 нафар футболчи рўйхатини эълон қилади. Россия премьер лигасидан танланган етти футболчи орасида Элдор Шомуродов ҳам бор эди.
Ўзбекистонлик ҳужумчининг маҳоратига қойиб қолган Россиянинг бошқа клублари ҳам унга қизиқа бошлади. Аммо Валерий Карпин Элдорнинг ҳеч бир жамоага ўтишига розилик бермади. 2020 йил Элдорга Италиядаги Генуя шаҳрининг “Женоа” клуби харидор бўлгач, мураббийнинг иқтидорли ёш футболчининг йўлини тўсгиси келмади. Элдор шу тариқа Европа футболи сари йўл олди.
— “Ростов”даги сўнгги мавсумим олдидан жуда яхши ўйин кўрсатгандим. Кейин ярим мавсум ўйиним чиқмади. Бунинг ўзига хос сабаблари бор, албатта. Лекин менда барибир Европада ўйнаш хоҳиши кучли эди. Гол урмас экансан, Европага кетишинг қийин кечади. Лекин “Женоа” менга ишонди. Клубга бунинг учун катта раҳмат айтаман. Ўйин амалиётига эга бўлишим учун менга Европа сафарини унчалик кучли бўлмаган клубда бошлаш муҳим эди. Италияга келганимда осонгина ўйнаб кетаман, деб ўйлаган эдим. Лекин биринчи йил анча қийин кечди. Дастлабки машғулотлардан тушундимки, барчаси мен ўйлагандек осон эмас. Ҳимоячилар доим сенга ўйин бермасликка ҳаракат қилади. Доимий равишда оёғимга зарбалар қабул қилиб олардим. Жисмоний ҳолат устида алоҳида ишлаш кераклигини тушуниб етдим ва аста-секин шароитга мослаша бошладим, — дейди Элдор матбуотга берган интервьюларида кўҳна қитъадаги дастлабки кунларини эслаб.
Элдор “Рома” ўйинчиси
Элдор “Женоа”да яхши ўйин кўрсатди, аста-секин яхши ҳужумчи эканини намойиш қила олди. Шу боис, дунёдаги энг машҳур мураббийлардан бири, Римнинг “Рома” жамоаси устози Жозе Моуриньо эътиборига тушади. Жозе “Рома”га катта мақсадлар билан келганди. Бу мақсадини амалга ошириши учун эса унга Элдордек ҳужумчилар керак эди. Шундай қилиб Шомуродов кутилмаганда “Рома” футболчисига айланди.
Мухбирларнинг Жозе Моуриньо ҳақидаги саволига Элдор бундай жавоб беради:
— Моуриньонинг характери бошқа мураббийларникидан умуман фарқ қилади. Жуда ҳиссиётга берилувчан, ўйин пайтида ҳам “ёрилиши” мумкин. Қолаверса, жуда кучли тактик, деган бўлардим. У барчасини қандай бажариш кераклигини кўрсатиб беради ва ҳар бир ўйинда унинг кўрсатмаларини юз фоиз бажаришимизни, албатта, кўпроқ гол уришни ҳам талаб қилади.
“Рома” Европадаги машҳур клублардан бири. Унда кўплаб номдор футболчилар ўйнайди. Шунинг учун Элдор ўтган мавсумда барча ўйинларда майдонга тушган бўлмаса-да, иқтидорли, маҳоратли ҳужумчи эканини исботлади. Кўҳна қитъа Конференциялар кубоги ғолиби бўлди. Айни пайтда “Рома” янги мавсумга тайёргарлик кўрмоқда. Элдор жамоаси сафида машқларда иштирок этяпти. Унинг мақсади - Европа чемпионлар лигаси баҳсларида иштирок этиб, муваффақиятга эришиш, терма жамоамизни жаҳон чемпионати финал ўйинларига олиб чиқиш.
“Кейинги йилларда яратилган имкониятлар туфайли юртимизда кўплаб иқтидорли футболчилар етишиб чиқмоқда. Улар ҳам Европада ўйнашса, хурсанд бўлардим. Бу ерда бутунлай бошқача футбол ўйнашади, тезлик юқори. Европада қанча кўп футболчиларимиз бўлса, миллий жамоа учун шунча наф”, дейди у.
Ўзбекистонни, содда ва жайдари қўшниларимни соғиняпман
Элдор туғилиб ўсган уйда бўлиб, отаси Азамат ака билан гурунглашаётганимизда телефони жиринглаб қолди. Азамат аканинг турмуш ўртоғи, Элдорнинг онаси Зулфизар опа Римдан қўнғироқ қилаётган экан. Европанинг қадимий шаҳрида яшаётганига бир ойдан ошибди. Элдор сафар учрашувларига кетганда келини Омина Маҳкамбоевага ҳамроҳ бўлиб невараси тарбиясида ёрдамлашаётган экан. Опа билан телефонда суҳбатлашдик.
— Шу пайтгача фарзандлар тарбияси, рўзғор ташвишлари билан бўлиб қишлоқдан нарига чиқмаган эканман. Бугун ўғлимнинг иқболи туфайли тушимга ҳам кирмаган Европанинг Рим шаҳрида яшаяпман. Шу кунларга етказганига шукр. Римнинг об-ҳавоси мўътадил, айниқса, шаҳар чиройига ва тозалигига қойилман. Ҳар қанча гўзал ва бетакрор бўлмасин, барибир Ўзбекистонни, содда ва жайдари ўзбек аёлларини, қўшниларимни соғиняпман…
Ҳа, Ватан соғинчи муқаддас тушунча. Элдор ҳам барча интервьюларида доимо Ўзбекистон билан фахрланишини, юрт соғинчи билан яшашини такрорлайди.
— Ватан мен учун муқаддас даргоҳ. Уни жонимдан ортиқ севаман, — дейди у. — Мен туфайли дунёда битта одам ер юзида Ўзбекистон деган мамлакат, ўзбек деган миллат борлигини билаётган бўлса, бу мен учун фахр.
Ўзбекистон ҳам сендек фарзандлари билан фахрланади, Элдор.
Усмонали НОРМАТОВ,
Бекқул ЭГАМҚУЛОВ