Айни пайтда дунё аҳли COVID-19 га қарши курашиб, вазиятдан имкон қадар талафотсиз чиқиш йўлини изламоқда. Бундай вазиятда инсоният ваҳима ва таҳликали хабарлар қуршовида қолиши табиий ҳол.
Бизнингча, ушбу вазиятда жамиятнинг ҳар бир аъзоси, ўзи ва яқинларининг соғлиғи ҳақида қайғурадиган ҳар бир шахс бу борада уйдирмаларга, турли мишмишларга эмас, илмий хулосаларга асосланиши, тадқиқотлар натижаларидан келиб чиққан фактларга таяниши лозим.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда ҳамкорлар томонидан пандемия оқибатларини юмшатиш, аҳолининг хавфсизлигини таъминлашга оид тавсиялар бериш, зарур тиббий воситаларни муҳтож қатламга тарқатиш каби тадбирлар устида мунтазам ишланмоқда. Шунингдек, самарали ва хавфсиз вакциналарни ишлаб чиқиш бўйича ҳам турли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ЖССТ томонидан Ўзбекистон учун ҳам бу борада тренинглар орқали тўғридан тўғри ёрдам берилмоқда.
ЖССТнинг таъкидига кўра, вакцина COVID-19 ни енгиш чораларининг зарурий қисмидир. Вакциналар ҳар йили миллионлаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиши — бу факт. У табиий ҳимоячи бўлган иммун тизимимизни организм дуч келадиган бактерия ва вирусларга қарши курашишга ва уни енгишга тайёрлайди.
Бугунги кунда таҳликали ва илмий асосларга эга бўлмаган, ваҳимага сабаб бўлаётган хабарларнинг тез ва кенг тарқалиши вакцинанинг аҳамиятини ёки унинг хавфни камайтириш, ҳаётни асраб қолиш кучини йўққа чиқаролмайди.
Аммо вакцина олиш бўйича (соғлиққа аҳамият қаратиш борасида десак ҳам ўринли бўлади) жаҳон миқёсида натижа юқори эмас. Статистика шуни кўрсатадики, бугунги кунда бутун дунё аҳолисининг 25,6 фоизи COVID-19 га қарши вакцина билан эмланган (энг камида биринчи доза билан).
ЖССТнинг хабар беришича, 18 ва ундан катта ёшдагилар вакцина билан эмланиши мақсадга мувофиқ. Болаларнинг ушбу вирусга қарши эмланиши юзасидан илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда ва натижалар аниқланиши билан хулосалар эълон қилинади.
Манбада таъкидланишича, одам COVID-19 билан касалланган бўлса ҳам, иложи борича тезроқ эмланиши лозим. Вакцина олишга олдиндан мавжуд сурункали касалликлар, хусусан, гипертония, қандли диабет, астма, ўпка, жигар ва буйрак касалликлари — ҳеч бири монелик қилмайди. Яъни нима бўлишидан қатъи назар, вакцина олиш саломатликнинг юқори ҳимоясини таъминлайди.
Демак, вакцина — хавфни камайтиришнинг энг самарали йўли! Албатта, бошқа эҳтиёт чоралари ҳам эсдан чиқмаслиги зарур. Бу ҳақда тадқиқотлар ҳам фикримизни исботлайди. Ҳатто вакцина олгандан кейин ҳам эҳтиёт чораларига мунтазам амал қилиш лозим. Вакцина ҳақида тарқалаётган турли “эмлангандан икки йил ўтиб ўлиш”, “ирсиятга оид маълумотларни тўплаш, уларни ўзгартириш”, “инсониятни якка шахслар томонидан бошқариш йўли” каби гаплар илмий асосга эга эмас.
Жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси, юртимиз фуқаролари тарқалаётган турли асоссиз хабарлар ва уйдирмаларга танқидий назари билан қарашлари ўз соғлиғи учун бугунги кунда жуда зарур. Барчага аёнки, ҳар қандай салбий оқибатларнинг олдини олиш уни даволашдан кўра афзал. Айниқса, бу ёндашув соғлиқ билан боғлиқ ҳолларда янада аҳамиятлидир. Президентимиз қарори билан айнан профилактика соҳасига урғу берилган ҳолда ташкил этилган аълим муассасамиз фаолиятининг пировард натижаси ҳам ҳуқуқбузарликлар содир бўлиши ҳолатини камайтириш, вазиятни оғир салбий оқибатлардан сақлашга қаратилгани каби вакцина ҳам профилактика ҳам нафақат якка шахсларнинг саломатлиги, балки эмланган ҳар бир киши туфайли теварак-атрофимизда салбий оқибатларнинг камайишига, вазиятнинг юмшашига сабаб бўлади.
Шуни эсдан чиқармаслик керакки, ҳар бир кишининг эмланиши нафақат жамиятимиз, балки дунёдаги аҳволнинг яхшиланишига ҳисса бўлиб қўшилади. Вакцина олиш нафақат саломатлик ҳақида ғамхўрлик, балки ҳар бир шахснинг фуқаролик позицияси. Шуни унутманг!
Ихтиёр ДЖУРАЕВ,
Тошкент давлат юридик университетининг
Ихтисослаштирилган филиали директори
вазифасини бажарувчи