Аммо афсуски, бугунги кунда кўпгина болалар ота-онасининг ёнида бўлса-да, аслида уларнинг кўнглидан ва меҳридан узоқда улғаймоқда.
Турмуш ташвишлари, рўзғор юмушлари, иш жойининг талаблари ва кундалик чалғитувчи омиллар сабабли болаларнинг тарбияси кўп ҳолларда энага ва мураббийларга юкланмоқда. Лекин биз онгли равишда англай оламизки ҳеч қайси жой болага онанинг қучоғи берадиган бахтни ҳадя эта олмайди. Она берадиган меҳрни ҳеч ким бера олмайди.
Бугунги куннинг ташвишлари, етишмовчиликлари боис, фарзанди вояга етмаган аёллар, ишлашга, пул топишга мажбурмиз деган баҳона билан ўзини алдай олмаслиги керак. Илгарилари бир оилада 10, 8 нафар ўғил-қиз вояга етган. Оила боши бўлмиш эрнинг топганига ва борига қанот қилинган. Аканинг кийимини ука, опанинг кўйлагини сингил кийиб кетаверган, оддийгина яшалган-у, аммо оилада тинчлик, дастурхонда барака бўлган.
Оиланинг фариштаси бўлмиш ёш оналар фарзандини то боғча ёшига етгунига қадар бағридан чиқармаган, бегона нигоҳлардан асраб вояга етказган. Ўзи эса биргина жони билан рўзғорнинг ҳамма ишига улгурган. Тандирда нон ёпган, қўлида кир ювган, уйида сигир-бузоғига қараган, кенг ҳовлини саришта тутган. Бир этак боласини чексиз меҳр билан катта қилган Тилла тақинчоқлар тақиб, зўр кийимлар кийиб, атир-упа ишлатмаса ҳам турмуш ўртоғига суймли бўлган. Оилада уруш-жанжал, ажралишлар кам бўлган.
Бугун нима ўзгарди?
Бугун нима ўзгарди-ки, вақт танқислигини, ишнинг кўплигини ва турли баҳоналарни рўкач қилиб, ҳали она меҳрига, дийдорига тўймаган жажжи фарзандларимизни бегона энагалар қўлида қолдириб кетяпмиз. Ҳа, замон илгаргидек эмас, ҳаво мусаффолигини бир оз йўқотди, одамлар орасидан оқибат бир оз кўтарилди. Аммо тўкин ва яхши яшашимиз учун замонавий, энг тезкор, қулай шарт-шароитлар ҳам яратилди-ку?
Замонавий техника шиддат билан ривожланди, Электр токини уласак бўлди, газда чой қайнайди, кир машинаси кирларни ювади, қуритади ҳатто дазмоллайди ҳам. Овқат пишириш учун ўчоқ ёқиб, тутунга бўғилмаймиз. Хоҳишимиз ёки вақтимиз бўлмаса, бир қўнғироқ ёки бир илова орқали буюртма берсак, узоғи билан бир соатда истаган егулик таомимиз дастурхонимизга етказилади.
Шунча шароитимиз бўла туриб, нега болаларимизни бегона қўлларга топширишга мажбур бўляпмиз? Танимайдиган, билмайдиган, қайси бир қариндош ва танишимиз тавсия қилган ёки реклама орқали топилган энага, қандай қилиб ўзимиз бера олмаётган меҳрни, тарбияни бизнинг фарзандларимизга бера олади?
Бу мавзу ҳақида ёзишимга бир воқеа туртки бўлди. Яқинда ижтимоий тармоқларда “Сиз ишдамиcиз? Сафардамисиз? Ёки шунчаки дам олмоқчимисиз? Болажонингиз учун ишончли ва меҳрибон энага керакми?” деган эълонга кўзим тушди. Қизиқиб, Google орқали бу ҳақда изладим. Натижада, бундай эълонлар анчагина кўп эканини, ҳатто бунинг учун махсус Telegram каналлар ҳам ташкил этилганини кўриб, ҳайратда қолдим.
Шундан кейин энагалар билан боғлиқ воқеаларни ўрганишга қарор қилдим. Чунки, юртимизда энагалар билан боғлиқ нохуш, юрак дош бермайдиган ҳолатлар содир бўлмоқда.
Жиноят жазосиз қолмайди
Олий суд Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси ўринбосари Гулнора Парпиева:
– Ҳа юртимизда энагалар фаолияти билан боғлик кўплаб жиноятлар рўй бераётганини афсусланарли ҳол. Келинг уларни бир нечасини сизга шунчаки ҳаётий ҳикоя тарзида айтиб берай.
Ўтган йилнинг март ойида Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида 44 ёшли энага 3 ёшли қизалоқни мунтазам равишда калтаклаб, танасининг турли қисмларига жароҳат етказиб келган. Фақат уй эгаси бўлган тадбиркор аёлнинг кўнглига шубҳа оралаб, хонадонига ўрнатган яширин камера орқали бу ҳолат вақтида фош этилган.
Энага нафақт қизчани қийнаб келган тадбиркор аёлнинг пулларини ҳам ўзига билдирмай ўмариб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган. Суд жараёнида энага айбини тан олади ва жиноят кодексининг 169 ҳамда 110-моддаларининг 2-қисми “а” бандига мувофиқ, 5 йилу 1 ой озодликдан маҳрум этилди.
Фарғона вилоятида ҳам шунга ўхшаш ҳолат юз берган. Энага қарамоғидаги икки ёшли қизча уй зинасидан йиқилиб оғир жароҳат олади, аммо энага уни шифохонага ҳам олиб бормаган. Аслида қизчанинг онаси, 2024 йилда вояга етмаган қизини ва ўғлини юридик ишончнома асосида энагага ишониб топшириб, ўзи Россияга ишлашга кетган.
Аёл болаларининг кундалик эҳтиёжи учун мунтазам пул юбориб турган. Бир куни она юраги ғашланиб, энагадан болаларини видео қўнғироқ орқали кўрсатишни талаб қилганида, қизининг оғир жароҳат олгани, 6 ёшли ўғли узоқ вақтдан буён шафқатсизлик билан қийналиб келинаётганидан хабардор бўлади.
Шошилинч кўрилган чоралар туфайли қизча тез ёрдам машинасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Фарғона филиали реанимациясига, ҳаёт учун хавфли жароҳатлар билан жойлаштирилди. Энага аёлга нисбатан эса жиноят иши қўзғатилиб, тегишли моддалар асосида айблов эълон қилинди...
Бу насиҳат ёки ўгит эмас
Мақоламиз доирасида энагалар томонидан содир этилган ўндан ортиқ нохуш ҳолат ва жиноятларни эшитдик, ўргандик. Бир-иккитасини мисол тариқасида келтирдик, қолганларини ёзишга эса на кўнгил тоқати етди, на қалам кучи етди…
Албатта, эртадан кечгача ишда бўладиган оилалар учун уй тозалашда ёрдам берадиган ходим ёки таом тайёрловчи пазанда керак бўлиши табиий ҳол. Бугунги тезкор даврда бундай хизматларга эҳтиёж кун сайин ортиб бормоқда.
Аммо жажжи болаларимизни, ҳали она меҳрига тўймаган маъсум гулғунчаларимизни билмаган, танимаган ёт қўлларга ишониб топширишдан олдин бир бор чуқур ўйлаб кўришимиз лозим.
Эҳтимол, бу сўзлар кимнингдир кўнглига ёқмас. Лекин келажагимиз давомчилари бўлган фарзандларимизнинг, айниқса қизалоқларимизнинг тарбиясига ва уларнинг бехатар болалигига бепарво бўлмаслигимиз шарт.
Яшаш учун маблағ топилади, иш топилади, ҳаётда қулай шароитлар яратилади. Лекин болаларимизнинг болалиги, руҳий соғломлиги қайтарилмайди. Мурғақ қалбида қолиши мумкин бўлган озорлар изини ҳеч қандай бойлик ёки улар учун яратилган қулайлик ювиб ташлай олмайди.
Бу насиҳат ёки ўгит эмас, бу – шунчаки бугунги ҳаётимизнинг аччиқ ҳақиқати.
“Фарзандингизни энагага берманг”, демаймиз, шунчаки эҳтиёт ва эътиборли бўлинг, деймиз.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
”Янги Ўзбекистон” мухбири