Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 3 март куни уй-жой қурилиш ва ипотека бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда ҳар доим долзарб бўлган аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини уй-жой билан таъминлаш масаласи кўрилди.
Таъкидлаш лозим, Қонунчилик палатаси, вилоят, шаҳар, туман ҳокимликларига аҳоли томонидан келиб тушаётган мурожаатлар асосан уй-жой масаласи билан боғлиқ. Албатта, аҳоли сонининг ўсиши билан уй-жойга бўлган эҳтиёж ҳам ортиб боради. Аммо, бу мурожаатларни ўз вақтида ҳал этиш, эҳтиёжмандларнинг талабини қондириш учун тизимли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уларни ҳаётга кенг татбиқ этиш зарур. Видеоселекторда айнан ушбу йўналишдаги вазифалар муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Уй-жой инсон учун ватан ичра кичик бир ватан. Шунинг учун бу масалага юзаки қараб бўлмайди”, – деган эди. Президентимиз шундан келиб чиқиб, аҳолининг барча қатламини уй-жой билан таъминлаш, бу борада танлаш имкониятини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Жорий йилда 54 минг оилани уй-жой билан таъминлаш режалаштирилмоқда. Жумладан, давлат ипотека дастури доирасида жами 45 мингта уй қурилади.
Албатта, бу жуда катта лойиҳа. Бу вазифани жойларда адолатли тарзда амалга оширилишини назорат қилиш эса депутатлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Бугунгача ипотека кредитлари асосида қурилаётган уйларнинг нарх-навосидан кўпчилик норози, кредитларни қоплаш муаммо эди. Энди қурилиши режалаштирилаётган ижтимоий уй-жойлар ажратилиши бу борадаги муаммоларни бартараф этишга имкон беради. Яъни, уй-жой қуриш ва танлаш учун аҳолига ва қурувчиларга катта имкониятлар берилмоқда.
Жорий йилда ипотека кредити бўйича 6 ойлик имтиёзли давр белгиланаётган бўлса, шаҳарларда дастлабки бадал миқдори 20 фоиздан 15 фоизга туширилмоқда. Муҳтож оилалар учун 15 фоизлик дастлабки бадалнинг 10 фоизи субсидия сифатида тўлаб берилади ва бу энди уй-жойга муҳтожлар сони кескин камаяди деганидир.
Яна бир жиҳат: бугунги кунгача қурилиш соҳасида бу қадар инқилобий ўзгаришли лойиҳалар қилинмаган эди. Энди уйга муҳтожлар танлов имконияти асосида уйли бўлади, қурувчилар учун ҳам кенг имконият яратилади, асосийси, сифат ва ҳолат назорат қилинади. Бу фикримизга тўлақонли асос бор. Айни кунларгача норози бўлаётганимиз қурилиш сифати пастлиги, муҳтожлар рўйхатининг адолатли шакллантирилмаётгани, ипотека кредитларини қоплашдаги муаммолар лойиҳа орқали ўз ечимини топадиган бўлди.
Умида РАҲМОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати