Иймона ҳозир тўрт ёшда. У туғма юрак нуқсони борлиги сабаб ҳаракати анчагина суст, иштаҳаси яхши эмасди. Агар болалигига бориб ўйинқароқлик қиладиган бўлса, нафас олиши ҳам бироз қийинлашиб қоларди. Бу ҳолатнинг вақтида олдини олиш учун ота-онаси бир неча бор уни шифокорларга олиб борди. Аммо ҳар доим бир хил жавоб: болани фақат жарроҳлик йўли билангина даволаш мумкин.
Жажжигина қизалоқни жарроҳлик столига ётқизишга ота-онанинг юраги дош бермасди. Лекин вақтида олди олинмаса, оқибати ёмон бўлиши аниқ. Яна бир жиҳати, бу операция учун яхшигина маблағ зарурлигини кўп бор эшитишган. Энг асосийси, маблағ топишнинг ўзи бўлмайди. Бир четда кузатувчи бўлиб туришдан ёмони йўқ. Бунинг ечимини топишга имкон қадар ҳаракатни бошлаган оила қувончли хабардан бошлари осмонга етди. Яъни, яқинда айнан шу йўналишда Қарши шаҳридаги вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида янгиликка қўл урилгани барчага овоза бўлди. Тажрибали шифокорлар кўмагида болалар кардиожарроҳлик бўлими ташкил этилди. Бу хушхабарни эшитган Иймонанинг ота-онаси ҳам шу ерга мурожаат қилишди.
Шифокорлар томонидан яхшилаб кўрикдан ўтказилган қизалоқни жарроҳлик амалиётига тайёрлашга киришилди. Белгиланган муддат ва яхши тайёрловдан сўнг қизалоқ операция қилиниб, юрагидаги туғма нуқсони бартараф этилди.
Фарзанди катта бир дарддан фориғ бўлган ота-онанинг қувончини бир кўрсангиз эди. Жарроҳлик амалиётидан кўзлари кулиб чиққан Иймонанинг яқинлари шошганча бор-будини кўтариб, пул тўламоқчи бўлишганида, амалиёт бепул, давлат ҳисобидан бажарилганини эшитишиб, ҳайратда қолишди. Бир муддат ишонишмади ҳам.
— Қизим туғилганидан бери бу дарддан қандай қутуларкин, дея ўйлаб юрардим, — дейди Иймонанинг онаси Азиза Маматова. — Қарши тумани Ҳилол қишлоғидан келганмиз. Тўрт йилдан бери шу касаллик билан курашамиз. Шифокорлар Самарқанд ёки Тошкент шаҳрида болалар кардиожарроҳлик амалиёти ўтказилишини маълум қилишганди. Энди узоқ бўлса-да, Тошкентга олиб боришни мақсад қилиб тургандик. Вилоятимиз марказида бу бўлимнинг очилиши биз учун жуда ажойиб бўлди. Бундан ташқари, операция бепул ўтказилгани оиламиз учун катта ёрдам бўлди. Шифокорларимизнинг қўли дард кўрмасин.
Ҳали очилганига кўп бўлмаган болалар кардиожарроҳлик бўлимида ҳозиргача юрагида туғма нуқсони мавжуд беш болада жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Ўтган ҳафтада тўрт ёшли Иймона билан бирга Яккабоғ туманидан келган етти ёшли Бобуржон ҳамда Аслиддинбекда ҳам жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бугун уларнинг саломатлиги жойида. Ҳар куни шифокорлар назоратида бўлиб, соғлиғи ижобий томонга ўзгараётганини айтишмоқда.
— Бу бўлим ўз вақтида ва керакли манзилда очилди, — дейди болалар кардиожарроҳлик бўлими бош шифокори Раҳматилла Равшанов. — Бугун кўп болалар туғма юрак нуқсонлилар ҳисобида рўйхатда туради. Шу боис, ҳозирга қадар бу жарроҳлик амалиётига муҳтож бўлган қашқадарёликлар кўпроқ Самарқандга ёки Тошкент шаҳрига боришган. Бу эса кўпгина сарсонгарчиликларни келтириб чиқарган. Ўзим бир муддат Самарқанд шаҳридаги болалар кардиожарроҳлик бўлимида ишладим. У ерда барча имкониятлар яратилган. Лекин Қашқадарё аҳолиси учун у ерга боришда анча ноқулайликлар бўлаётгани гувоҳи бўлиб, шу ерда махсус бўлим очишни мақсад қилдик. Ҳозир бизда, биринчи навбатда, кардиожарроҳлик кадрлари етишмовчилиги муаммо бўлаётганди. Бунинг ҳам имконини топдик. Хорижда ёки бошқа ҳудудларда ишлаётган шифокор дўстларимизни шу ерга ишга таклиф қиляпмиз. Туркманистонлик ҳамкасбим Назар Жумаев куни кеча жамоамизга қўшилди. Қисқа фурсатларда бошқа шифокорлар ҳам етиб келишади. Шу пайтгача ўтказилган жарроҳлик амалиётларида эса пойтахтдаги шифохоналар мутахассислари кўмагига таяндик. Энди бунга эҳтиёж бўлмайди, деган умиддамиз.
Раҳматилла Равшанов шу вақтгача Россиянинг Қозон шаҳрида ўқув амалиёти ўташ билан бирга, бир муддат тажриба оширди. Ўтган йили эгаллаган билимини ўз юртида қўллаш мақсадида Самарқандга келиб ишлади. Асли Косон туманида туғилиб ўсгани боис, кейинчалик Қашқадарёда бу йўналишни очишга қўл урди. Бўлим учун тиббий жиҳозлар керак бўларди. Ёш шифокор бунинг ҳам уддасидан чиқди. Ҳеч иккиланмасдан “Очиқ бюджет” лойиҳасининг биринчи мавсумида ўз ташаббусини илгари суриб, бир миллиард икки юз миллион сўмлик тиббий ускуналар олиш учун овозга қўйди. Бу ҳаракатни шифохона жамоаси қўллаб-қувватлаб, етарли овоз тўплаган ҳолда ғолибликни қўлга киритишди. Натижада кардиожарроҳлик учун энг зарур бўлган ускуналар сотиб олиниб, бу борадаги муаммо ҳам ҳал бўлди.
— Раҳматилла ака билан Россияда бирга ишлаганмиз, — дейди туркаманистонлик кардиолог Назар Жумаев. — У киши яқинда Қарши шаҳрида янги бўлим очилганини айтиб, мени бу ерга ишга таклиф қилди. Шу сабаб бугун юртингизда иш бошлаш арафасида турибман. Рости, Ўзбекистондаги янгиланишларни кўриб, тиббиётдаги ислоҳотларга гувоҳ бўлиб ҳавасим ортди. Айниқса, аҳоли учун анча қулайликлар яратилиб, турмуш тарзини яхшилаш борасида қилинаётган ишлар мақтовга лойиқ. Албатта, шу қаторда одамлар ўртасида тиббий маданиятнинг юксалиб бораётгани ҳам катта ютуқ, деб ўйлайман. Халқларимиз азалдан биродар, яқин қўшни ва қариндош бўлиб яшаб келади. Ўйлайманки, бу анъана абадий давом этади. Қолаверса, тиббиёт соҳасида ҳам ҳамкорлигимиз кенгайиб, қардошлик алоқаларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Болалар кардиожарроҳлик бўлими бош шифокорининг билдиришича, бу ерда яқин кунлардан бошлаб ҳар ой юрагида нуқсони бор олтмиш нафаргача болада операциялар ўтказилади.
Акбар РАҲМОНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири