Ёз фасли келиб, буғдой ўрими бошланадиган аввалги йилларни яхши эслаймиз. Такрорий экин мавсуми учун даладаги ерлар тақсимоти тор доирада, пала-партиш ҳал қилиб юбориларди. Яъни, ер эгаси ўзига қарашли кишиларга майдонни бўлиб ёки бошқаларга шерикликка берарди. Имкони йўқлар шунга ҳам эришолмасди ёхуд турли шартларга кўниб, деҳқончилик қилишга рози бўларди. Энди эса ҳаммаси жойига тушяпти, ер муносабатлари тартибга солиняпти.
Айни кунларда республикамизнинг барча ҳудудларида ғалла ўрими қизғин паллага кирган. Ғалладан бўшаган ерларни олиб, фойдаланиш истагидаги инсонлар ҳам оз эмас. Аммо, энди бу борадаги тартиб аввалгидек ўзбошимчалик билан амалга оширилмайди. Президентнинг жорий йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ жойларда аҳолига ер майдонлари 3+1 дастури асосида ажратилмоқда. Бу орқали халқимиз, айниқса, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз фуқаролар, ерга эҳтиёжмандларга такрорий экин экиш орқали қўшимча даромад топиш имконияти яратиляпти.
Наманганда ҳам бу жараёнлар қизғин тарзда, кўтаринки руҳ ва уюшқоқлик билан олиб бориляпти. Вилоятда бу йил 1 600 та фермер хўжалиги томонидан 67 750 гектар майдонда буғдой етиштирилди. Ҳар гектаридан қарийб 70 центнердан, жами 470 минг тоннадан ортиқ дон олиниши режалаштирилган. Ҳосилдан бўшаган майдонлар эса пешма-пеш ҳайдалиб, иккинчи экин экиляпти. Вилоятда ҳозиргача ғалласи ўриб олинган 2 500 гектардан ошиқ майдонда дуккаклилар, сабзавот, шоли, полиз, озуқа уруғ ва кўчатларини қадаш бошлаб юборилди.
— Ўрим олдидан барча туманлар раҳбарлари иштирокида агросеминарлар ўтказдик. Мутахассислар ва қишлоқ хўжалигида узоқ йиллар тажриба тўплаган оқсоқоллар билан етилган буғдойнинг сифати, бошоқларнинг бўлиқлигини кўздан кечирдик, — дейди вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов. — Мутасаддиларга ғаллани нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш, қолаверса, ҳосилдан бўшаган майдонларни сомон қолдиқларидан тозалаб, зудликда ҳайдовини ўтказиш ва кузги дуккакли экинларни экиш бўйича топшириқлар бердик. Ердан самарали фойдаланиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Ҳокимликларнинг ахборот хизматлари билан боғланиб, бажарилаётган ишлар тўғрисида қизиқдиқ. Тўрақўрғон туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Зоҳидахон Кенжаеванинг айтишича, ҳудудда бу йил 91 нафар фермер томонидан 4 880 гектар майдонда ғалла етиштирилди, улар 14 110 тонна сара дон етказиб беришга аҳд қилишган. 1 080 гектар ҳосилдан бўшаган ер “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да турадиганлар, деҳқон хўжаликлари аъзолари, сувчи, пиллакор, чопиқчи, хуллас, ишсиз ва кам даромадли фуқароларга ажратиляпти. Шу тариқа туманда қарийб 10 минг кишининг бандлиги таъминланмоқда.
“Қўрғонча оқ олтини” фермер хўжалигининг 6 гектар майдони ҳам шу атрофда яшайдиган аҳолига топширилди. Улар ўша куниёқ тупроққа мош уруғини қадаб, сув тараш, ерни буғдой илдизларидан тозалашга киришиб кетди. Ерни ҳайдашдан тортиб, уруғ экишгача бўлган жараёнларни фермер беминнат ва холисона ўз зиммасига олди.
— Оилада 5 кишимиз. Россияда қурилиш соҳасида ишлаб юрардим. Тўғриси, 300-400 доллар топганим билан яқинлардан узоқда бўлиш жуда оғир, — дейди “Чусткўприк” маҳалласида яшовчи Тоиржон Усмонжонов. — Бирор иш топилса, юртимдан бир қадам ҳам йироқлашмайман, деб ният қилардим. Мана, биринчилар қаторида 20 сотих ерли бўлдим. Мош экдим, бу жойдан 400 килограмгача ҳосил олиш мумкин. Бир килограмм мошнинг нархи бозорда 14-15 минг сўм. Демак, икки ойда 5-6 миллион сўм даромад олишим, яна пояси билан чорва молларини боқиб, қўшимча маблағ топишим мумкин.
Тумандаги “Шоҳсултон диёри” фермер хўжалиги томонидан 16 та, “Наманган тўқимачи” агрокластери томонидан эса 20 та эҳтиёжманд оилага рўзғорлари даромадини оширишга кўмаклашиш учун ер берилди. Улар мош, ловия, маккажўхори, ерёнғоқ экиб, хорижга экспорт ҳам қилишмоқчи. Суҳбатдошларимиз фуқароларининг ғамини ейдиган юрт раҳбаридан ва ҳокимлардан миннатдор. Ҳисоб-китобни пухта қилган Кичик Қўрғончалик Ўткирбек Турғунов ҳам энди деҳқончиликка астойдил киришиб, рўзғорини фаровон этмоқчи. У бўш қолди, дегунча далага шошаётганини ерга меҳр бериб, сийланмоқчилиги билан изоҳлайди.
Жорий йилда Уйчи туманида 6 425 гектар майдонда ғалла етиштирилди. Гектаридан 63 центнердан ҳосил олиб, 40 878 тонна дон хирмони кўтарилади, 18 635 тоннаси давлатга сотилади. 3-секторда жойлашган “Оролобод” фермер хўжалигида ғалла ўрим-йиғими тугагач, “Гулистон” МФЙда яшовчи 35 та оилага 20 сотихдан ер майдони ажратиб берилди.
— Ишсиз эдим, “Аёллар дафтари”да тураман. Уйимга яқин жойдан 20 сотих ер беришди, деҳқонлардан маслаҳат сўрадим. Мош экиб, оилам даромадига ҳисса қўшмоқчиман. Айни ишлайдиган қуёшли кунларда фурсатдан фойдаланиб қолиш керак. Бизга берилаётган шундай имтиёзлардан жуда хурсандман, миннатдорлигим чексиз, — дейди Уйчи тумани, “Гулистон” маҳалласида яшовчи Феруза Жўраева.
Мингбулоқ туманида ҳам 2021 йил ғалла ҳосилидан бўшаган 9 085 гектар ерни эҳтиёжманд ва ишсизларга экин экиш учун бериш орқали 35 мингдан ортиқ фуқаронинг мавсумий меҳнат билан бандлигини таъминлаш кўзда тутилган. Бугунги кунда 2-секторда жойлашган “Истиқбол”, “Хоразм” фермер хўжаликларида 100 та оилага 25 сотихдан ер майдони ажратилди. “Оққум” маҳалласида яшовчи 25 та оилага “Соҳибқирон” фермер хўжалигидан 25 сотихдан ер майдони тақсимланди.
Наманган туманида “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”даги эҳтиёжманд 107 нафар оилага “Водий ифтихори” фермер хўжалигидан 20 сотихдан экин экиш учун ер майдонлари бўлиб берилди. Уларнинг бари рўзғорда зарур бўладиган озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришни мақсад қилган. Зеро, маҳсулот қанча кўп етиштирилса, бозорларда унинг таннархи арзонлашади. Бу эса юртдошларимизга янада қулайлик яратади.
Аҳолига ер ажратиш уларнинг бандлигини таъминлашнинг бир қисми холос. Президентимиз томонидан мутасаддиларга ер олган аҳолига уруғ ва кўчатлар етказиб бериш, етиштирилган маҳсулотларни сотиб олишни молиялаштириш бўйича кўрсатмалар берилган. Норин туман ҳокимлиги ахборот хизматининг ёзишича, барча йўналишлардаги кластерларга, экспортёр корхоналар ва томорқа хизматига такрорий экин экадиган аҳолини бириктириш бўйича тўртта сектор томонидан бир қатор амалий ишлар йўлга қўйилди. Хусусан, туманда мавжуд 266 та фермер хўжалигида 1000 та контур мавжуд бўлиб, улардан 8 632 гектари ғалла майдонидан иборат, 8 907,3 гектари эса такрорий экин экишга мўлжалланган. Барча секторлардаги 8 894 нафар кам таъминланган ва ишсиз аҳолига 1 780 гектар ер майдони бириктирилган. 3-секторда жойлашган “Қобилжон Муштарий” фермер хўжалигидан Юқори Чўжа маҳалласида яшовчи 25 нафар ишсиз фуқарога сектор раҳбарлари томонидан 20 сотихдан ер майдони топширилди. “Норин файзли чорва”, “Норинлик Ғайратжон” фермер хўжаликларида 36 нафар кишига рўзғорлари даромадини оширишга кўмаклашиш учун 20 сотихдан ер ажратилди.
Поп туманининг 3-секторидаги “Раис Зийнат” фермер хўжалигида 2021 йил ҳосили учун экилган ғалла майдонларидан бўшаган экин ер майдонларини ҳудуддаги 50 нафар “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” рўйхатида бўлган ҳамда экин экишга эҳтиёжи бўлган фуқароларга 0,20 гектардан ажратиб берилди. Шу кунларда буғдойдан бўшаган майдонни мақсадли тақсимлаш юмушлари давом этяпти.
Ҳар куни ён-атрофдан хушхабарлар эшитилади. Чуст туманидаги “Ўзбекистон” ММТП ҳудуди давлатга ғалла сотиш режасини бажарди. Ғаллакорлар 881 гектар майдондан 2 143 тонна ўрнига 2 400 тонна бошоқли донни давлат омборларига топшириб, 112 фоизни қайд этишди.
— “Ёшлар дафтари”га киритилганман. Истагимни айтганимда менга экин экишим учун унумдор ер ва буни тасдиқловчи сертификат ҳам топширишди, — дейди қувонч билан Чуст тумани, “Янгиер” МФЙ фуқароси Саодат Ғиёсова. — Хурсандчилик кўз ёшимни тиёлмаяпман, хайрли ташаббусни жорий этган ҳурматли Президентимизга кўпдан-кўп ташаккур билдираман. Дилимга тугдимки, экинларга яхшилаб қарайман, меҳр билан ўстираман. Ишончни оқлашга ҳаракат қиламан, шароит ҳозирлаётган барча ташкилотчиларнинг боши омон бўлсин.
Чортоқ туманидаги “Акрамбой миришкори” ҳамда “Асқарали орзуси” фермер xўжаликлари ҳам маррага ортиғи билан етишди. Демак, энди хирмони тоғ қадар юксалган ва юзи ёруғ бўлган мазкур ҳудудларда ердан самарали фойдаланиш ижросига алоҳида эътибор қаратилади.
Орифжон ЖЎРАЕВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири