Табиатнинг ҳар зарраси инсоният учун берилган беқиёс инъом. Биз нафас олаётган атмосфера ҳавосидан тортиб, тириклик манбаи бўлган жамики табиий бойликлар, ҳаётнинг бир маромда айланишига хизмат қилаётган экотизмларнинг бари одамзодга омонат қилиб берилган. Уларни асраш, оқилона фойдаланиш, аждодларимиз сингари келажак авлодга ўз ҳолича етказиш, керак бўлса, қайта тиклаш зиммамиздаги улкан масъулиятдир. Бугун мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлашдек долзарб вазифага катта эътибор қаратилаётгани боиси ҳам шунда.
Асримизга келиб, моддий ва номоддий мерос билан бир қаторда, илмий ва табиий меросни асраб-авайлаш зарурати ошиб бормоқда. Аммо қачонлардир бунга етарлича эътибор қаратилмаган. Буни юртимиз мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Масалан, эски Конституциямизда фуқароларнинг Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини асраб-авайлаш мажбурияти норма сифатида белгиланган. Бироқ ушбу нормани тўлиқ ҳолда тўлдирувчи сифатида “илмий ва табиий мерос”га эътибор қаратилмаган.
Тўғри, она заминимиз маданий мерос объектларига бой ва асрлар давомида сақланиб келинаётган бу обидаларни асраш ҳар биримизнинг вазифамиз. Юртимизда маданий, тарихий мерос обьектлари халқнинг маънавий мулки бўлиб, шонли тарихимиз, дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган асори-антиқаларимизни ўрганиш, асраб-авайлаш, уларни келажак авлодга бутун бўй-басти билан етказиш давлатимиз ва жамоатчилигимизнинг доимий ғамхўрлигида, фуқаролар, ҳукумат бу меросни сақлаб қолишни ўз зиммасига олади. Давлат, ўз навбатида, амалдаги қонунчиликка биноан, моддий ва номоддий мерос обьектларидан фойдаланиш, уларни сақлаш, рўйхатини олиб бориш бўйича назоратни ўрнатган.
Бу борада мамлакатимизда қатор ишлар амалга оширилиб, маънавий ва маданий бойликларимизни асрашга қаратилган саъй-ҳаракатлар, айниқса, сўнгги йилларда фаоллашиб боряпти. Жумладан, ўтган йиллар давомида Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида” ҳамда “Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинди. Қолаверса, юртимиз бу йўналишда қатор халқаро конвенцияларга қўшилган.
Аммо масаланинг яна бир жиҳати бор. Гап шундаки, мамлакатимизда моддий ва номоддий маданий мерос объектлари билан бир қаторда илмий ва табиий мерос объектлари ҳам етарлича. Уларни ҳам муҳофаза қилиш, айниқса, экологик муаммолар кун сайин долзарблашиб, экотизим ва табиий меросларга антропоген таъсирлар ортиб бораётган бугунги даврда ўз ҳолича асраб қолиш янада муҳимроқ заруратга айланмоқда. Юқорида таъкидланганимиздек, афсуски, бугунга қадар ушбу масаланинг қонуний кафолатлари белгиланмаган эди.
Янгиланган Конституциямизда эса айни шу жиҳатга эътибор қаратилиб, Бош қомусимиздаги мавжуд модда биринчи қисми матнига “илмий ва табиий” сўзлари қўшилди, иккинчи қисми матни “Тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий мерос давлат томонидан муҳофаза қилинади”, деган таҳрирда баён этилди. Ушбу ўзгартириш аҳоли ва кенг жамоатчилик таклифлари асосида киритилгани янада қувонарли ва бу юртдошларимизнинг экологик муаммоларга бефарқ эмаслиги, биохилма-хилликни сақлаб қолишга дахлдорлик ҳисси билан яшаётганининг исботидир.
Инсоният ўз хатти-ҳаракатлари билан табиатга қанчалик салбий таъсир кўрсатмасин, ундан айро яшай олмаслиги, она заминни асраб-авайлаш сифатли турмуш тарзига кафолат эканини яхши тушунади. Биз сўз юритаётган табиий мерос эса айнан мана шу — ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, экотизимлар ва геологик тузилмаларни ўз ичига олган биологик хилма-хиллик элементларининг йиғиндисидир. Уларнинг одамлар ва давлат томонидан муҳофаза қилиниши ҳамиша муҳим аҳамият касб этади.
Ҳозирги кунда юртимизда 7 та давлат қўриқхонаси, 1 та мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси, 12 та табиат боғи, 1 та миллий боғ, 11 та табиат ёдгорлиги, 2 та биосфера резервати, 12 та буюртма қўриқхонаси, 1 та жайрон махсус питомниги мавжуд бўлиб, уларнинг умумий майдони 6,321 миллион гектарни ташкил қилади. Шулардан 2 та табиий объект — “Жанубий Устюрт миллий табиат боғи” ва “Сайгачи ландшафт буюртма қўриқхонаси” Қозоғистон Республикаси, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси томонидан “Мўътадил минтақадаги Турон чўллари” трансмиллий серияли объектини ЮНЕСКОнинг Бутунжахон табиий мероси объектлари руйхатига киритиш буйича номинациясига киритилган.
Янги Конституцияда Ўзбекистон халқининг табиий меросини асраб-авайлаш шартлиги ҳамда табиий мерос ҳам давлат томонидан муҳофаза қилинишини қонун билан кафолатлайди. Мазкур норма тарихий, маънавий, маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш ҳамда ундан самарали фойдаланиш бўйича давлатнинг конституциявий мажбуриятларини кенгайтиришга асос бўлади.
Қолаверса, давлат барқарор ривожланиш тамойилига мувофиқ атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экотизимлар ҳамда илмий ва табиий меросларни асраб-авайлаш юзасидан тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқади ва унинг ижросини таъминлайди.
Шунингдек, мазкур норма дунё тамаддунида муносиб ўринга эга бўлган шонли кўп минг йиллик тарихимизни ўрганиш, маънавий ва маданий меросимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга ҳамда Ўзбекистоннинг табиий меросини асл ҳолича сақлаб, келажак авлодларга безавол етказишга хизмат қилади.
Бахтиёр ПЎЛАТОВ,
Табиат ресурслари вазирлиги ҳузуридаги
Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш
технологиялари илмий-тадқиқот институти директори,
техника фанлари доктори