Эрта баҳордан ерга ниҳол қадаб, турли ўсимлик кўчатларини экиш, дарахтларни оқлаш халқимизга хос анъаналардан бири. Азалдан давом этиб келаётган бу ҳаракатлар бугун халқимиз орасида умуммиллий тадбирга айланди. Кўклам келиши билан юртимизда анъанавий “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси старт олади. Йилда икки маротаба оммавий тарзда ўсимлик ва дарахт кўчатлари экилиб, яшил ҳудудлар ва боғлар барпо этилмоқда.
Лойиҳанинг аҳамияти фақат кўчат экишдангина иборат эмас. Жараёнда ўсимликларнинг тур ва навлари ҳудудлар иқлими, табиати ва бошқа қатор хусусиятлари асосида мутахассислар томонидан тавсия этилади. Олимларимиз томонидан ўрганилиб, тажрибалардан сўнг дала майдонлари ва шаҳар кўчаларига экилаётган турлар нафақат манзарали, балки шифобахш хусусиятга эга, экологик жиҳатдан бир неча баробар кўпроқ фойдали. Уларнинг орасида ҳар йили янги навларни ҳам учратиш мумкин. Кейинги йилларда шундай ўсимликларга тез-тез кўзимиз тушаётгани, уларнинг номлари билан қизиқиб қолаётганимиз боиси шунда.
Жорий йил кўчат экиш мавсумида уларнинг орасига яна бир янги тур қўшилади. Жанубий Корея ва Хитойда “Evodiya” номи билан машҳур дарахт тури узоқ йиллик тажрибага эга доришунос Анвар Ибрагимов томонидан юртимиз иқлим шароитига мослаштирилиб, “in-vitro” усулида кўчатлари тайёрланди. 2026 йилнинг илк ойларида эса Ўзбекистон амалиётида янги ушбу нав “Асалари дарахти” номи билан давлат реестрига киритилиб, барча вилоят ҳудудларида экиш мумкин деган хулоса берилди.
Дарахт номи унинг хусусиятидан келиб чиққан. Айтишларича, хушбўй ифорга эга, манзарали кўринишидан ташқари гулларида жуда кўп нектар-шира тўплаши билан ажралиб туради. Манбаларда ўсимлик гуллаган вақтда атрофидан асалари аримайди ва битта вояга етган дарахтдан 60 килограммдан 90 килограммгача асал олиш мумкинлиги ёзилган. Бир гектар майдонда эса бу 6-8 тоннагача боради. Анвар ака асалга бой дарахт тури ҳақида гапирар экан, тафсилотлари бизни янада кўпроқ қизиқтира бошлади.
Ўзбекистон амалиётида ҳозирча бунга ўхшаш бошқа дарахт тури учрамайди, — дейди Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Ibrohim Rahmat” хусусий корхонаси раҳбари, Соғлиқни сақлаш аълочиси, доришунос Анвар Ибрагимов. — Тўғри, тажрибада сафора, қашқарбеда, индол, фацелия, каштан каби нектар-шира берадиган ўсимлик ва дарахтларни ўстиришга катта эътибор қаратиляпти. Аммо “Evodiya — асалари дарахти” янги тур бўлиб, ундан бугунгача мавжуд шу турдаги ўсимликлардан бир неча баробар кўп шифобахш асал йиғиб олиш мумкин. Одатда экиладиган липа дарахтидан ҳам эводиядан кўра ўн баробар кам асал олинади. Шу боис, янги нав асаларилар учун озуқабоп ўсимлик сифатида жуда фойдали.
Гап шундаки, асалари оилаларини кўпайтириш бир масала бўлса, уларни боқиш иккинчи масала. Бунинг учун юртимизда етарли озуқа базасини яратиш керак. Одатда асаларичиларимиз пахта далалари, ўрмон хўжаликлари, умуман, табиатдан фойдаланиб асал йиғиштириб олади. Аммо дунёда нектар берадиган мингга яқин ўсимлик мавжуд. Асалари йиғадиган 400 килограмм нектар қайта ишланиш давомида 100 килограмм асалга айланади. Ўрганишларим давомида нектарли ўсимликларнинг кўпини ҳудудимиз иқлим шароитига мослаштириш мумкинлигини кўрдим. Жойларда бу ўсимликларни ўстириб, кўпайтириш керак.
Бу борадаги ўрганишларим 2020 йилдан бошланди. Корхонамизда асалари боқилгани, қолаверса, ҳукуматнинг тегишли қарорлари билан мамлакатимиз бўйлаб асаларичиликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишда уларни асалари билан чанглатиш амалиётини кенг жорий этиш, асалари оилалари сонини кескин ошириш, зарур озуқа базасини яратиш, нектар-шира берадиган ўсимликлар ва дарахт турларини экиб ўстириш чораларини кўриб бориш вазифалари белгилангани хорижий янги навларни ўрганиб, ўзимизда синаб кўришимизга туртки берди. Чунки бу масалага тобора кўпроқ эътибор қаратилиб, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида ҳам аниқ вазифалар белгиланган.
2020 йилда Жанубий Корея ва Хитойнинг айрим вилоятларида экиладиган “Evodiya” дарахти уруғларини олиб келдим. Бир томонда пандемия, бошқа томонда ўсимлик уруғларининг қимматлиги ва олиб келиш муаммолари сабаб жараён осон бўлмади. Корхонамизнинг илмий дала тажриба майдонига уруғларни қадаб, ўзимизнинг шароитда ўстирдик ва кўчат униб чиқди. Сўнг бир йиллик кўчатдан намуна олиб, шартнома асосида “in-vitro” лабораториясида кўчат тайёрладик. Лабораториядан чиққач, кўчатларни биринчи йили иссиқхонага, кейин очиқ майдонга экдик. 2024 йил июнь ойининг иккинчи ярмидан бошлаб эса дарахт гулга кирди ва 2025 йилда янада кўпроқ гуллади.
Кўчатларни очиқ майдонларда экиш учун юртимизнинг турли вилоятларидаги мутахассисларга тарқатдик. Тажрибалардан сўнг ушбу янги дарахт турини барча ҳудудларимизда ўстириш мумкинлигига амин бўлдик. Жорий йил бошида Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг нав-синов маркази хулосалари асосида янги тур “Асалари дарахти” номи билан давлат реестрига киритилди. Бу “Evodiya” дарахтининг инглиз тилидан таржима қилинган номи. Немислар уни “хушбўй олмос” деб ҳам атайди.
“Evodiya” дарахти 4-5 йилда гулга киради. Айни пайтда эса очиқ майдонларда экиш мумкин бўлган, 3 йиллик икки мингдан ортиқ кўчат мавжуд. Уларни юртимизнинг барча ҳудудларида экиш мумкин.
Сувсизликка чидамли ўсимлик
Ўсимликларнинг энг катта хусусияти, албатта, ўзидан кўп миқдорда кислород чиқариши билан боғлиқ. Бугун атмосфера ҳавоси тобора ифлосланиб бораётган шароитда одамлар нафақат табиатни асраб қолиш, балки уни қайта тиклаб, яшил ҳудудларни кўпайтиришга интилаётгани боиси шунда. Олимлар эса бу ўсимликларнинг нафақат экологик, балки бошқа жиҳатлардан ҳам фойдали бўлишига эътибор қаратмоқда.
Масалан, асаларилар учун йил давомида озуқа базасини яратишни олайлик. Бу жиҳатга юртимизда алоҳида эътибор қаратилади. Мутахассислар ўсимликларнинг гуллаш даврига қараб, ойма-ой ўстириш бўйича тавсиялар беради. Март ойидан юртимизда мевали дарахтлар гуллай бошлайди, апрелга келганда эспарсет ўсимлиги гулга кириб, асаларилар ундан озуқа олади. Ундан кейин липа дарахти гулларидан нектар-шира йиғиш мумкин. Энди бу кетма-кетликни “асалари дарахти” давом эттиради. “Evodiya” июнь ойи ўрталарида гулга кириб, бир ой давомида гуллаб туради.
Маълумотларга кўра, дарахт шу қадар кўп гул берадики, ширага бой бу гуллар атрофидан асалари аримайди. Тез ўсади ва бўйи 8-15 метрга етади. Майда, оқ, хушбўй ҳамда тўпгуллари ниҳоятда чиройли манзара ҳосил қилади, ўзидан кўп миқдорда кислород чиқаради. Европанинг қатор давлатларида асаларилар учун қимматли кечки озуқа манбаи сифатида ўстирилади. Дарахт турига қараб, у июндан октябрь ойигача гуллаб, бир ой давомида кўплаб асалариларни ўзига жалб қилади. Гулдастада бир вақтнинг ўзида йигирматагача асалари ишлай олади. Тиним билмас ҳашаротлар ушбу ўсимлик гулларидан липа дарахтига қараганда ўн баробар кўпроқ асал йиғади. Бундан ташқари, кунига тахминан уч килограммгача гулчанг тўплаши мумкин.
— “Асалари дарахти” ёруғликни севгани боис, жуда тез ўсиш хусусиятига эга. Бу айнан иқлим шароитимизга мос тушади, — дейди Анвар Ибрагимов. — Юртимизда “Evodiya” дарахти майдонларини кўпайтириш бевосита асаларичилик тармоғини янада ривожлантиришга таъсир этади. Масалан, бизда асалга бой дарахт сифатида липа оммалашгани боис, у билан кўпроқ солиштирамиз ва ўн гектар липа дарахти майдонидан олинадиган асални бир гектар эводия дарахти майдонидан олиш мумкинлигининг ўзиёқ ноёб ўсимликнинг қийматини кўрсатади. Афсуски, шу вақтгача юртимизда бу дарахт устида деярли тадқиқотлар қилинмаган. Шунга қарамай, бугунгача ўрганилган ишлар хулосалари анча ижобий.
Яъни “асалари дарахти”ни ўстириш ва парваришлаш мураккаб эмас. Асосийси, сувсизликка чидамли ва тупроқ танламайди. Ўстириш давомида кўп сув талаб қилмайди, дастлабки йиллари меъёрида намлик таъминланса кифоя. Тажрибада ортиқча суғориш айрим кўчатларни нобуд қилди. Дарахт учун ўзига яраша намлик бўлса етарли. Бу ҳозирги қурғоқчилик ва бошқа экологик муаммолар шароитида жуда мақбул хусусият. Қолаверса, катта майдонларда “Evodiya” дарахтини ўстириш ердан унумли фойдаланишга хизмат қилади. Чунки дарахт вояга етгунга қадар унинг тагига нектар берадиган ва асалари учун озуқа бўладиган турли ўсимликларни ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш мумкин. Бу қўшимча даромад келтиради.
“Асалари дарахти” унумсиз, кам тупроқли ерларда ҳам ўсаверади ва 4-5 йилда гуллайди. Тўпгуллари катта дасталарда тўпланади ва уларга асаларилар қўниб, асал йиғишни бошлайди. Дарахт мева ҳам беради. Манбаларда меваси жуда майда бўлиб, қушлар учун озуқа бўлиши ёзилган. Юртимизда турли қушларни кўпайтирадиган тадбиркорларимиз бундан фойдаланиши мумкин, табиатдаги қушлар учун ҳам яхши озуқа бўлади.
Танаси ҳам шифобахш
Анвар аканинг асли касби доришунос бўлгани боис, ўсимликларни айни шифобахш хусусиятларига кўра ўрганади. Бугунга қадар 6-7 хил ўсимликни юртимиз шароитига мослаштиришга эришди. Уларнинг кўпи ўрмон хўжалиги ерларида етиштирилади. Шифобахш ўсимликлардан дори тайёрлайди. Уларнинг асосий таркибида асал маҳсулоти бўлгани сабабли асаларичиликни ҳам йўлга қўйган. Асалари оилаларини боқиш баробарида уларга озуқа бўладиган ўсимликларни ўрганиш ишларини олиб боради. Янги навларни тажриба майдонларида синаб кўради. “Асалари дарахти” унинг ана шу изланишлари маҳсули.
Аслида, асални севиб истеъмол қилмайдиган киши топилмаса керак. Табиий шифобахш маҳсулотни доимий истеъмол қилиш танага қувват бериб, кўплаб дардларга шифо бўлиши ҳақида катталардан доим эшитамиз. Айниқса, баҳор мавсумида кузатиладиган ҳолсизлик, ланжликда дарҳол асал ялаб юборишни тавсия қилишади. Бу бежиз эмас. Асал халқ табобатида ҳам, замонавий тиббиётда ҳам кенг қўлланиладиган шифобахш маҳсулот саналади.
Манбаларда ёзилишича, асал ташувчилар сайёрамизда ибтидоий одамлардан анча йиллар аввал пайдо бўлган. Одамзод ақлини таниганидан буён асални арилар ин қурган дарахт ковакларидан олган. Демак, асаларичилик ҳам анча қадимий соҳа. Энг қадимги манбаларда турли касалликларни асал билан даволаш ҳақида қайдлар учрайди. Ҳатто қадимда уни “узоқ умр кўриш малҳами”, “ҳаёт шарбати” деб аташган. Тиббиёт илмининг отаси, буюк ҳаким Абу Али Ибн Сино асалнинг кўплаб хусусиятларини келтириб, турли касалликларга даво экани ҳақида ёзади. Асалари маҳсулотларидан Ибн Сино 500, Абу Райҳон Беруний 300 турдан ортиқ дори-дармон тайёрлагани ҳақида маълумотлар учрайди.
Замонавий тиббиётда асалнинг қиймати баланд. Яъни бу маҳсулотнинг фойдага бойлиги, шифо экани аён. Аммо биз истеъмол қиладиган озгина миқдордаги асални тўплаш учун қанча асалари оиласи меҳнат қилиши, ўнлаб, юзлаб гулга қўнишини кўпчилик тасаввур қила олмайди. Маълумотларга кўра, асалари бир килограмм асал тўплаш учун уясидан 120-150 минг марта учиб чиқиши, минглаб чақирим масофани босиб ўтиши керак. Улар асал тўплаши учун кўпроқ озуқа манбаси, яъни ўсимлик гуллари керак.
“Асалари дарахти” айни ёз ойларида асаларилар учун керакли озуқани бера олади. Аҳамиятлиси, бу дарахтнинг ўзи ҳам шифобахш хусусиятга эга. Гулидан ташқари танаси ва баргларидан даволаш мақсадларида фойдаланиш мумкинлиги ёзилган. Дарахт ўзида юқори миқдорда эфир мойлари ва биологик фаол моддалар сақлагани боис, тиббиётда турли касалликларга малҳам сифатида қўлланилади.
— “Evodiya” дарахтидан, бир томондан, манзарали ўсимлик сифатида юртимизда яшил маконларни яратишда, бошқа томондан, асал олиш, доривор ўсимликлар тайёрлашда кенг фойдаланиш мумкин, — дейди Анвар Ибрагимов. — Айни пайтда “асалари дарахти”нинг доривор хусусиятларини ўрганиш устида ишлаяпмиз. Фармацевтика агентлиги билан асал маҳсулотларидан дори-дармон тайёрлаш бўйича ишларимиз давом этяпти. Қолаверса, ўтган йили давлатимиз раҳбари Европа мамлакатларига сафарлари давомида Словениядаги компаниялар билан ҳамкорликда юртимизда асалари маҳсулотларидан дори ишлаб чиқариш бўйича келишувлар тузилган. Шу боис, ҳозирги вақтда корхонамиз томонидан Словения ва Озарбайжондаги соҳа мутахассислари билан ушбу йўналишда музокаралар олиб борилмоқда.
Шундай қилиб, жорий баҳор мавсумида юртимизда илк бор янги тур — “асалари дарахти” кўчатларини экиш бошланади. Ёз ойларида уларнинг илк гулларини кўришимиз ҳеч гап эмас. Таърифланганидек, дарахт гуллари жуда гўзал ва хушбўй, нафақат асалари оилалари учун шира манбаи, балки одамларга эстетик завқ улашадиган манзарали ўсимлик. У атроф-муҳит мусаффолигини таъминловчи дарахт сифатида ҳам кенг оммалашиши шубҳасиз.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири