Ёшлар ўз билим ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун эса замон талабларидан келиб чиққан ҳолда ҳаётга янги ташаббуслар, изчил чора-тадбирлар татбиқ этилмоқда.

Жисмонан соғлом, маънан етук, мустақил фикрлайдиган, чуқур билим ва дунёқарашга эга, Ватанимиз тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган ёш авлодни тарбиялашда «Баркамол авлод» болалар мактабларининг ўрни беқиёс.

Шу боис, Президентимизнинг 2019 йил 30 сентябрдаги «Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида республикамизда фаолият юритаётган «Баркамол авлод» болалар мактаблари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида бир қатор тизимли вазифалар белгилаб берилганди.

Жорий йилнинг 13 апрель куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Президентимиз яна бир бор «Баркамол авлод» болалар мактаблари фаолиятига эътибор қаратиб, жумладан, бундай деди: “Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга эътиборни янада кучайтириш зарур.

Бу борада республика бўйича мавжуд 215 та «Баркамол авлод» болалар маркази имкониятларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш керак. Бугунги кунда «Баркамол авлод» болалар марказлари бор-йўғи 175 минг нафар (3 фоиз) ёшни қамраб олган.

Шу боис, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ўн кун муддатда «Баркамол авлод» марказларида замонавий тўгараклар очиш ва ҳар бир мактабда уларнинг тармоқ филиалларини ташкил этиш орқали қамровни камида 3-5 баравар ошириш бўйича режа ишлаб чиқсин ва амалга оширсин».

Бу вазифалар, ўз навбатида, ҳудудлардаги ҳокимликлар билан бирга «Баркамол авлод» болалар мактаблари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Ҳозирги кунда «Баркамол авлод» болалар мактабларида 7 йўналишда 65 номдаги 6 минг 218 та тўгарак фаолият кўрсатмоқда.

Маданият ва санъат йўналишидаги тўгаракларда 28 минг 647 нафар, техника, конструкторлик ва моделлаштириш йўналишида 27 минг 617 нафар, жисмоний тарбия ва спортда 11 минг 594 нафар, ҳунармандчилик ва қўл меҳнати йўналишида 60 минг 145 нафар, туризм ва экология йўналишида 25 минг 924 нафар, олий таълим муассасалари ва мактабга тайёрлов курсларида 9 минг 543 нафар, хорижий тиллар йўналишида 11 минг 595 нафар, жами 175 минг 65 нафар ўқувчи-ёш қўшимча билим оляпти, ҳунар ўрганяпти. Уларнинг 3 минг 691 нафарини имконияти чекланган, 369 нафарини ички ишлар органларида профилактик ҳисобга турадиган ўқувчилар ташкил этади.

«Баркамол авлод» болалар мактабларининг барчаси вилоят ва туман (шаҳар) марказларида жойлашган бўлиб, уларга асосан ушбу ҳудуддаги ўқувчилар жалб этилган.

Президентимизнинг: «Бугун болаларимизни мактаб, ота-она ёки институт эмас, аксарият ҳолда қўлидаги телефон тарбияламоқда. Мобил телефон энди оддий алоқа воситаси эмас, кўпинча ёт мафкурани тарқатадиган қуролга айланмоқда. Маънавиятимизга мутлақо бегона бўлган зарарли ғоялар чегарани бузмасдан, билдирмасдан хонадонимизга, жамиятимизга кириб келяпти. Соат сайин эмас, минут сайин кириб боряпти.

Буларнинг барчаси биз учун огоҳлик қўнғироғи бўлиб янграши зарур», деган фикрлари замирида катта ва чуқур маъно бор. Бу, ўз навбатида, «Баркамол авлод» мактаблари зиммасига катта масъулият юклайди. Чунки ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларга мактабдан ташқари вақтларида қўшимча билим ва кўникмалар бериш, маданий-маърифий тадбирлар орқали навқирон авлодда турли ёт ғояларга қарши иммунитетни шакллантириш, оммавий маданиятнинг турли кўринишларига эргашишнинг олдини олиш, соғлом фикрловчи, ўз нуқтаи назарига эга бўлган ёш авлодни тарбиялашда «Баркамол авлод» болалар мактаблари ҳам масъул саналади.

Президентимиз белгилаб берган вазифалар «Баркамол авлод» болалар мактаблари фаолиятини самарали йўлга қўйиш, мавжуд муаммоларни ечишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. «Баркамол авлод» мактабларига узоқ йиллар эътибор берилмагани сабабли улар фаолиятида анча муаммо ва камчиликлар тўпланиб қолгани сир эмас.

Ушбу масалаларга ечим топишда ҳокимлар жалб этилгани, албатта, қувонарли ҳол. Бу ҳудудлардаги «Баркамол авлод» болалар мактабларидаги тўгараклар шароитини яхшилаш, ўқувчи-ёшлар қамровини ошириш, турли маданий тадбирларни кўпайтириш имкониятини янада кенгайтиради.

Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика «Баркамол авлод» болалар мактаби бундай эътибор ва имкониятдан самарали фойдаланади. Мактабларда замонавий тўгараклар ташкил этилади, янги ўқув дастурлари тайёрланади, ҳар бир ўқувчи-ёш билан индивидуал тарзда ишланади.

Истеъдодли болаларни кашф этиш, уларга қўшимча билим ва кўникмалар бериш, замонавий касб-ҳунарга йўналтириш жамиятда уларнинг ўз ўрнини топишига йўл очади.

Севара Маҳмудова,

Республика «Баркамол авлод»

болалар мактаби директори