Мазкур талаб "Кредит ва тўлов ташкилотлари, тўлов тизими операторлари томонидан жисмоний шахсларга масофадан молиявий хизматлар кўрсатишда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда фрод ҳолатларининг олдини олиш бўйича минимал талаблар тўғрисидаги низом"да белгиланди. 

Фойдаланувчининг телефон рақами ва ЖШШИРи мос келиши текширилади ҳамда мослик аниқланмаганда мобил иловада рўйхатдан ўтказиш ва банк картасини бириктиришга йўл қўйилмайди.

Кредит ва тўлов ташкилотлари фойдаланувчиларни биометрик идентификациядан ўтказишда ҳаётийлик факторларини аниқлаши шарт, яъни расм орқали идентификация қилиш мумкин бўлмайди.

Телефонга юборилган 1 марталик СМС хабар 3 маротаба нотўғри киритилганда, фойдаланувчининг мобил иловадаги ҳаракатлари 15 дақиқа давомида вақтинча чекланади.

Мобил иловадаги аккаунтга бошқа қурилмадан кириш ёки унинг паролини қайта тиклашда ушбу аккаунтга боғланган барча банк карталари мобил иловадан автоматик тарзда чиқариб юборилади.

Шунингдек, ушбу қурилмада банк карталари бўйича молиявий операциялар тарихи ўчириб юборилади. 

Бунда, банк карталарини бириктириш биометрик идентификациядан ўтказилган ҳолда амалга оширилади.

Шунингдек, онлайн кредит олиш учун ариза берилганда, кредит ташкилоти аввало фойдаланувчи маълумотларини Кредит битимини тузиш тақиқланган шахслар реестрида текширади.

Агар фойдаланувчи маълумотлари реестрда топилмаса, онлайн кредит бериш жараёни давом эттирилади.

Агар бир ЖШШИР бўйича бир вақтнинг ўзида бир нечта кредит ташкилотлари сўров юборса, кредит бюроси фақат биринчи бўлиб юборилган сўровга жавоб беради.

Биринчи сўров юборган кредит ташкилоти ушбу ЖШШИР бўйича онлайн кредит расмийлаштирилганлигини маълум қилса, кредит бюролари мазкур ЖШШИР бўйича бошқа кредит ташкилотларига 24 соат давомида сўров қабул қилинмаслиги тўғрисида маълумот беради.

Кредит ташкилотлари мижозлар онлайн фирибгарлик ҳолатлари бўйича зудлик билан мурожаат қилиши учун банк картасининг орқа томонида 24 соат ишлайдиган (24/7) алоқа рақамини жойлаштиради;

Банк картаси расмийлаштирилганда ёки бошқа молиявий хизматлар кўрсатилганда тузиладиган шартномалар ва оммавий оферталарда қуйидагилар аниқ белгиланиши шарт:

  • фойдаланувчига фирибгарлик белгилари аниқланганлиги тўғрисида маълумот берилиши; 
  • фойдаланувчи қурилмаси йўқолганини ёки унга бегона шахслар томонидан назорат ўрнатилганини билган заҳоти, кечиктирмасдан, аммо 1 кундан кеч бўлмаган муддатда банк ёки тўлов ташкилотини хабардор қилиши;
  • фойдаланувчи ўз розилигисиз амалга оширилган операцияни аниқлаганидан сўнг 1 кун ичида бу ҳақда кредит ёки тўлов ташкилотига маълум қилиши.

Фойдаланувчи СМС-хабарнома хизматига уланган телефон рақамини ўзгартирган тақдирда кредит ва тўлов ташкилоти унинг аввалги телефон рақамига хизматнинг ўчирилганлиги ва янги телефон рақамига хизматнинг уланганлиги ҳақида СМС-хабарнома орқали хабар беради.