Адлия вазирлиги берган маълумотга кўра, барқарор токен (stablecoin) қиймати миллий ёки хорижий валютанинг номинал қийматига тенг бўлган токен (крипто-актив) тури ҳисобланади.
Махсус режим доирасида Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган юридик шахслар барқарор токенларни чиқариши мумкин.
Махсус режим доирасида қуйидаги тажриба-синов лойиҳалари амалга оширилиши мумкин:
- миллий ва (ёки) хорижий валюта билан таъминланган барқарор токенларни чиқариш;
- Ўзбекистон ҳудудида барқарор токенлардан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш;
- халқаро ўтказмаларни амалга ошириш учун барқарор токенлардан фойдаланиш;
- блокчейн технологияси асосида фаолият юритувчи тўлов тизимларини яратиш.
Барқарор токенларни чиқариш учун таъминот сифатида фақат Марказий банкдаги алоҳида ҳисобварақда захирага қўйилган миллий ва (ёки) хорижий валютадаги пул маблағларидан фойдаланилиши лозим.
Барқарор токенларга таъминотни шакллантириш учун кредит ёки гаровга олинган маблағлар ёхуд бошқа жалб қилинган маблағлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Аризачилар томонидан тақдим этилган ариза ва ҳужжатларни кўриб чиқиш ҳамда махсус режим иштирокчисини рўйхатдан ўтказиш бепул амалга оширилади.