Ҳужжатга мувофиқ, 2 та кодекс ва 4 та қонунга муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Оила кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги ҳамда «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги қонунларга «боланинг энг устун манфаатлари» тамойили киритилди. Ушбу тамойил БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ бўлиб, бир қатор хорижий давлатлар қонунчилигида ҳам қўлланилади.

Шунингдек, «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартишларга кўра, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари жабрланган шахслар манфаатларини кўзлаб давлат божини тўламасдан судга мурожаат қилиши ҳамда уларнинг манфаатларини судда ваколатли вакил орқали ҳимоя қилиши мумкин бўлади.

Янги тартибга асосан, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахс реабилитация марказига жойлаштирилганда унинг иш жойи (лавозими) сақлаб қолинади. Шу билан бирга, бир ойгача бўлган муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақасини расмийлаштириш учун ҳуқуқий асос яратилди. Бу орқали давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари ҳисобидан тегишли нафақалар тайинланиб, жабрланган шахсларнинг оғир ҳаётий вазиятда даромадсиз қолишининг олди олинади.

Бундан ташқари, «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги ташкилотлар ҳам фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод этилади.

Маълумот учун, 2024–2025 йиллар ҳамда 2026 йилнинг дастлабки тўрт ойида реабилитация марказларига жойлаштирилган хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида «Инсон» марказлари томонидан судларга 1413 та ариза киритилган.

Мазкур қонун болалар ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини янада самарали ҳимоя қилиш, уларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва ижтимоий ҳимоя тизимининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.