«Huawei» ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмаси ва ақлли қурилмалари соҳасида етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. Компаниянинг дунёнинг 170 дан ортиқ мамлакатларида ваколатхоналари мавжуд бўлиб, унда 200 000 дан ортиқ ходимлар ишлайди. «Fortune Global» рейтингида 96-ўрин ва тадқиқот ҳамда ишланмаларга энг кўп сармоя киритадиган компаниялар рейтингида эса 2-ўринни эгаллайди. Статистик маълумотларга кўра, ходимларнинг ярми (54,8%) тадқиқот ва ишланмалар билан шуғулланади.
Компания 1999 йилдан буён Ўзбекистонда ваколатхонасига эга бўлиб, ахборот тарқатиш ва узатиш тармоқлари бозор улушининг қарийб 70 фоизини ташкил этади.
Учрашувда хорижий томон иқтисодий ва барқарор ривожланиш, энергия хавфсизлиги, яшил паст углерод сиёсатини ўзида мужассам этган янги технологик ечимларни тақдим этди. Хусусан, бурғулаш майдончаларида сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда видеотасвирларни тақдим этиш имкониятига эга бўлган Интеллектуал терминаллар, атмосферага зарарли чиқиндиларни кам чиқарадиган станцияларни яратишга имкон берадиган, шунингдек нефть ва газ конлари учун рақамли қазиб олиш, ташиш, қайта ишлаш технологиялари, нефть ва газни сотиш бўйича ягона рақамли платформа тақдим этилди.
Нефть-газ саноатини ишлаб чиқаришдан якуний истеъмолчига етказиб беришгача бўлган жараёнларни рақамлаштириш ва автоматлаштириш, электромобилларни жамлаш учун электр қувватлантириш станциялари, шунингдек, карбонат ангидрид чиқиндиларини сертификатлаш механизмлари тизимини жорий этиш масалаларини ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилиш имкониятларини кўриб чиқиш таклиф этилди.
Узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди, улар учун юқоридаги масалаларни амалга ошириш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузилади, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.