Энергетика хартияси Ўзбекистон энергетика соҳасини ислоҳ қилиш жараёнини қўллаб-қувватлаб, бу борада жаҳон даражасидаги мутахассисларни жалб қилиш орқали энг яхши халқаро тажрибани тақдим этади.

Учрашув давомида Энергетика хартиясида мамлакат энергетикасининг бозор муносабатларига ўтиши биланоқ ислоҳотлар жараёнида янада самарадорликка эришиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида «Ўзбекистон Республикасининг энергия самарадорлиги соҳасидаги сиёсатини чуқур кўриб чиқиш» тақдим этилди.

Унда шунингдек, Ўзбекистон энергетика бозорининг тузилиши, мамлакатдаги энергияга бўлган талаб ва таклиф, энергия ресурслари нарх сиёсати, сув ва энергия ресурслари ўртасидаги муносабатлар, ҳозирги экологик менежмент ва ҳозирги кунда республикада амал қилаётган энергетика сиёсати ва энергия самарадорлиги сиёсатининг бошқа таркибий қисмлари таҳлил этилди.

Қилинган таҳлиллар асосида электр энергетика, саноат, бинолар, транспорт, ёритиш ва энергия истеъмол қилувчи қурилмалар, марказий иситиш соҳаларида энергия самарадорлигига эришиш бўйича Энергетика хартиясининг тавсиялари тақдим этилди.

Томонлар тақдим этилган хулосалар ва тавсияларни муҳокама қилди. Унга кўра соҳани янада ислоҳ қилиш мақсадида ўзаро тажрибаларни қўллаш мумкинлиги нуқтаи назаридан таҳлил қилинади.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда Хартия тавсиялари Энергетика вазирлигининг мамлакатда амалга оширилаётган энергия самарадорлиги чора-тадбирларининг ҳолати ва истиқболлари бўйича ҳисобот ҳужжатларини тайёрлашга ҳам кўмаклашади.

Аввалги учрашувларда Энергетика хартияси раҳбари У.Руснак Ўзбекистон энергетика соҳасини ислоҳ қилиш, энг яхши халқаро тажрибани ўрганиш ва мослаштириш, қабул қилинган ҳужжат ва мажбуриятларда белгиланган муддатларни ўз вақтида бажариш, энергия ускуналарини янгилаш, соҳани янада ривожлантириш бўйича яхши кўрсаткичлар кўрсатаётганини таъкидлади, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.