2021 йил — Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили деб номланди. Куни кеча Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш билан боғлиқ долзарб вазифалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда яқинда ўтказилган Ёшлар форуми ва Мурожаатномада айтилган ғоя, ташаббус ва таклифларни амалга ошириш, ёшлар билан ишлаш бўйича янгича тизимни жорий этиш — бугунги давр талаби экани таъкидланди. Президентимиз бу ишлар иккита муҳим йўналишда ташкил қилиниши зарурлигини кўрсатиб ўтди.
Биринчиси — ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўқитиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, иккинчиси эса ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишдан иборат. Бу вазифаларни амалга ошириш, ўз навбатида, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини аниқ мақсадга йўналтириш, уларда миллий ғурур, ватанга содиқлик туйғусини янада мустаҳкамлаш, маънавиятини муттасил юксалтириб боришни тақозо этади.
Мамлакатимизда халқимиз тарихи, маданияти, моддий ва маънавий бойликлари, жаҳон тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшган алломаларимизнинг улкан меросига бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Улар меросини қайта тиклаш, тарихий шахслар, буюк алломалар, шаҳарлар, маданий ёдгорликлар санасини нишонлаш анъанага айланди.
Президентимиз раислигида 2021 йил 19 январда маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларимизни ватанпарварлик, миллий ифтихор руҳида тарбиялашда халқимиз тарихи муҳим ўрин тутиши ва бу йўналишда илмий тадқиқотлар натижадорлигини кучайтириш кераклиги таъкидланди.
“Миллий тарихни миллий руҳ билан яратиш керак. Акс ҳолда, унинг тарбиявий таъсири бўлмайди. Биз ёшларимизни тарихдан сабоқ олиш, хулоса чиқаришга ўргатишимиз, уларни тарих илми, тарихий тафаккур билан қуроллантиришимиз зарур”, деди давлатимиз раҳбари.
Мутасаддиларга Ўзбекистонда тарих фанини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Миллий ғоя тарғиботини кучайтириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ёшларда адабиёт ва китобхонликка меҳр уйғотиш, ижтимоий-гуманитар йўналишдаги тадқиқот институтлар фаолиятини йўлга қўйиш айтиб ўтилди.
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган ёшларни тарбиялаш, уларда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ҳиссини юксалтириш, қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни шакллантириш ва такомиллаштиришнинг маънавий-маданий асосларини ўрганиш ва таҳлил этиш каби вазифалар олий таълим ташкилотлари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.
Ушбу ривожланиш дастурида маънавий бойликларни тиклаш, миллатнинг ахлоқий намунасини такомиллаштириш ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Мамлакатимизда ёшлар фаолияти билан боғлиқ туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 2017 йилда ёшларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий ҳамда ижтимоий ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва рўёбга чиқаришни таъминлайдиган зарур шарт-шароитларни яратиш, жамият ҳаётида навқирон авлоднинг ўрни ва фаоллигини ошириш мақсадида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. 2017 йил 30 июнда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи тузилди.
Мазкур қонунда Ўзбекистон ёшлари халқаро ассоциациясини тузиш ва унинг самарали фаолият юритиши учун тегишли шарт-шароитлар яратиш, янги авлодни хориждаги тенгдошлари билан илм-фан, маданият, тадбиркорлик, спорт ва бошқа соҳаларда фаол мулоқотда бўлишининг ҳуқуқ ва имкониятлари белгилаб берилди.
Ёшларнинг дунё миқёсида ўз салоҳиятини намоён этиши учун 2018 йилда Самарқанд шаҳрида Ўрта Осиё ёшлари форуми ўтказилди. Уюшмаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш масалалари кўриб чиқилиб, уларни бунёдкорлик ишларига жалб қилиш, ижтимоий фаоллаштириш борасида дастурлар қабул қилиняпти. Мамлакатимизда Ёшлар парламенти, Ёшлар ишлари агентлиги фаолият кўрсатмоқда.
Яқинда бўлиб ўтган Ёшлар форуми мамлакатимизда улар учун қандай имкониятлар эшиги очилаётганига яққол далил бўла олади. Кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаган ёшларга 4 йиллик Президент стипендиялари тўланади, икки ва ундан ортиқ фарзандлари олий ўқув юртида ўқиётган оилаларга имтиёзли кредитлар ажратилади, “IELTS”, “TOEFL”,” GMAT”, “SAT” каби имтиҳонларда 75 фоиз балл тўплаган ёшларнинг харажатлари тўлиқ қопланади.
Ҳозирги глобаллашув даврида инсониятга, айниқса, ёшларга маънавий ва ахлоқий жиҳатдан тубан иллатларни ўзида мужассамлаштирган “оммавий маданият” таҳдид солмоқда. Бу унсур “маданият” деб аталса-да, туб мазмун-моҳияти, мақсадларига кўра, чинакам маданиятнинг кушандаси. “Оммавий маданият” ғарб маданий ҳаётининг деярли барча соҳасини қамраб олган бўлиб, у халқнинг ўзлиги ва маданиятини йўқотишга қаратилган.
У халқни халқ, миллатни миллат қилиб турган асослар, яъни минг йилликлар мобайнида шаклланиб, ривожланиб келаётган маданий, маънавий, маърифий, ахлоқий ва руҳий анъана, қадрият ҳамда тамойиллардан бегоналаштиришга йўналтирилган хуруждир.
Бундай маданиятга қарши курашиш йўлида ислом динининг инсонпарварлик ва бағрикенглик ғояларини чуқур ўрганиш, Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Лайс Самарқандий, Қаффол Шоший, Абул Муин Насафий, Макҳул Насафий, Маҳмуд Замахшарий, Баҳоуддин Нақшбанд, Бурҳониддин Марғиноний, Хоразмий, Мирзо Улуғбек ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари улуғ мутафаккирларнинг илмий-маънавий меросини тадқиқ этиш бугунги кундаги манфаатпарастлик ботқоғига ғарқ бўлаётган инсонларни жаҳолат чангалидан қутқаришда муҳим маънавий таянч бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.
Ёшларимизни турли вайронкор ғоялардан асрашимиз, мутафаккирларимизнинг бой маънавий меросидан баҳраманд қилишимиз керак. Президентимиз бу ҳақда “Бу вазифаларни амалга оширишда биз асрлар мобайнида шаклланган миллий анъаналаримизга, аждодларимизнинг бой меросига таянамиз. Фарзандларимиз, айниқса, қиз болаларнинг замонавий билим ва касб ҳунарларни, хорижий тилларни эгаллашлари, ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб, ҳаётдан муносиб ўрин топишлари учун барча имкониятларимизни сафарбар этамиз”, деди.
Маълумки, юртимизда ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш вазифаларини ўз ичига олган "бешта муҳим ташаббус" амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ёшларни ахлоқли қилиб тарбиялаш, ватанпарварлик руҳида вояга етказишга қаратилган. “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” ғояси ёшларни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларда ташаббускорлик, фидойилик, ахлоқий фазилатларни шакллантириш, пировардида янги Ўзбекистонни бунёд этишда уларнинг асосий куч сифатида намоён бўлишига хизмат қилади.
Президентимиз айтганидек: "Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун, аввало, илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва, албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади. Шарқ донишмандлари айтганидек, "Энг катта бойлик — бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос, бу — яхши тарбия, энг катта қашшоқлик, бу — билимсизлик!".
Ёшларнинг интеллектуал ва маънавий эҳтиёжларини қондириш мақсадида анъанавий тадбирлар, конференциялар ўтказилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Президент мактаблари, халқимиз ардоғидаги ёзувчи ва шоирлар номида ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар, Адиблар хиёбони ташкил этилди. Ушбу хиёбон эндиликда ёшларимизнинг севимли масканига айланган.
Нафақат бизнинг университет, балки барча олий таълим муассасаларида иқтидорли ёшларга катта эътибор қаратилаётганига гувоҳмиз. Бугунги кунда ташаббускор ёшлар мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланишлар жараёнида бевосита иштирок этмоқда.
Ёшларимизни маънавий-ахлоқий соғлом этиб тарбиялашда уларнинг муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш, маданий-тарихий анъана, миллий қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат, миллий ғояга садоқат руҳида тарбиялашда ота-она, маҳалла ва таълим даргоҳлари билан ҳамкорликда фаолият олиб бориш, навқирон авлоднинг бўш вақтини банд қилиш мақсадида турли ихтисос ва йўналишлардаги мутахассисларни жалб қилган ҳолда, конференция, давра суҳбатлари ўтказиш, маънавий тарғиботда учрайдиган муаммо ва камчиликларни очиқ муҳокама қилиш муҳим ўрин тутади.
Шунингдек, миллий интернет портали ва матбуот нашрлари фаолиятини миллий маънавиятимизни кучайтиришга йўналтириш, ёшларда аждодларимиз ёдига ҳурмат туйғусини уйғотиш, буюк алломаларимиз ва тарихий шахслар қўним топган қадамжоларга уларнинг зиёратини ташкил этиш, янги авлод тарбиясига ижобий таъсир этадиган асарларни тарғиб қилиш лозим.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси кўп жиҳатдан ёшларимиз дунёқараши, тарихимизга муносабат, миллий ғояга садоқат билан узвий боғлиқ. Бугунги шиддатли даврда чинакам маънавиятли инсон бўлиш учун ўз миллий қадриятларини эъзозлаши, ўзлигини англаши, жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши, она Ватанини жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин олиши учун фидойи бўлиши керак.
“Агар катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини, ёшларимиздаги ғайрат-шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзлаган марраларга, албатта, етамиз. Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак”, деди давлатимиз раҳбари.
Ушбу мақсадга эришиш йўлида ёшларимизга кенг имконият яратиш ва ҳар томонлама кўмак бериш — барчамиз учун устувор вазифага айланиши зарур. Фарзандларимиз шундагина халқимизнинг асрий орзу-умидларини рўёбга чиқарадиган буюк ва қудратли кучга айланади. “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя айни шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Президентимизнинг: “Илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Ёшлик — умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ва билим — ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг!” деган даъвати моҳиятини ҳар бир маънавиятли, маърифатли ёш авлод чуқур англаши ва хулоса чиқариши лозим.
Маънан соғлом авлодни тарбиялашда спорт муҳим ўрин тутади. Президентимизнинг 2020 йил
30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳар бир оила, маҳалла ва туман (шаҳар)да, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасалари ҳамда бошқа ташкилотларда жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланиш асосий йўналишлардан бири этиб белгиланган.
Спортнинг аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшлар ва аҳоли ўртасида зарарли одатлар, турли касалликларнинг олдини олиш, юксак маданият, ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришда ўрни беқиёс. Спортда эришилган ютуқлар мамлакатни дунёга танитади, юртдошларимизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Ёшлар маънавиятини юксалтиришда ўзбек тили ва адабиётининг аҳамияти катта. Айни шу мақсадда Тошкент давлат техника университетида талабалар учун “Абдулла Қодирий издошлари” ва “Ёш нотиқлар” тўгараклари ташкил қилинган. Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодини оммалаштириш университетимизга бириктирилган бўлиб, бу борада “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Абдулла Қодирий ижод мактаби билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ижод мактабининг иқтидорли ўқувчиларига “Абдулла Қодирий” стипендияси таъсис этилди. Адиблар хиёбонида буюк адиб Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган бир қанча маънавий-маърифий учрашув ва кечалар ўтказилди.
Ёшларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш мақсадида “Китоб ва китобхонлик — инсон маънавияти кўзгуси” мавзусида илмий-маърифий танлов ташкил этилди.“Ўзбек тилининг ҳозирги кунда давлат тили сифатида кенг қўлланилиши ва ривожланиши масалалари” мавзусида талабаларнинг республика онлайн конференцияси ҳамда “Абдулла Қодирий ижодида давр ва миллат талқини” мавзусида республика онлайн конференцияси ўтказилди. Бундай маънавий-маърифий ишлар маънавиятли, илғор ва янги Ўзбекистоннинг пойдевори бўладиган ёшларни тарбиялашда ўз самарасини беришига ишончимиз комил.
Садриддин ТУРОБЖОНОВ,
Тошкент давлат техника университети ректори