2016 йилги Жаҳон иқтисодий форумида таълимнинг мамлакатлар салоҳиятини кўтаришдаги 3 та муҳим ўрни ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилган. Яъни, биринчидан, яхши таълим ишчи кучининг вазифаларни тез ва самарали бажариш қобилиятини оширади. Иккинчидан, мактаб таълими ва олий таълим инсонларга бошқалар яратган янги маҳсулот ва технологиялар, қулайликларни тезкор ўзлаштириш, уларга оид янги билимларни тезкор алмашишни осонлаштиради. Учинчидан ва энг муҳими, таълим инсонлардаги ижодкорликни ошириш орқали мамлакатнинг инновацияларни илгари суриш қобилиятини юксалтиради. Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, мамлакатларни ва инсонларни порлоқ келажакка тайёрлайдиган энг яхши восита – таълим.

Ислоҳотлар шиддати мени ўзига чорлади

Мен 2020 йилнинг январь ойида Жанубий Кореянинг етакчи учта олий таълим муассасаларидан бири бўлган Ёнсеи университетини тамомладим. Қаршимда дунё эшиклари очиқ турган бир маҳалда, мени Ўзбекистондаги ислоҳотлар шиддати ўзига чорлади. Жорий йил эълон қилинган Жаҳон иқтисодий кўрсаткичларига кўра, дунёнинг қудратли иқтисодиётга эга 10 та мамлакати қаторида турувчи Корея Республикаси тараққиётида таълим қанчалар муҳим роль ўйнаганини билганим учун ҳам, Ўзбекистонга қайтиб таълим соҳасида ишлашга қарор қилдим.

1953 йилги ҳисоботларга кўра, урушдан эндигина чиққан Корея жаҳондаги энг камбағал давлат бўлган. Халқаро экспертлар катта минбарлардан туриб вайронага айланган Жанубий Кореядаги аҳволни яхшилаш учун юз йиллар ҳам камлик қилишини очиқчасига эълон қилган. Бироқ йўқчилик ва уруш миллатни уйғотди. Таълим бу ўзгаришларни янада жадаллаштириб юборди. Кореяликлар фарзандларини таълим олишдан чалғитадиган ҳар қандай юмушлардан озод қилди.

Минглаб ёшлар илм олиш истагида илғор давлатларга жўнаб кетди. Натижада, 1970 йилдан бошлаб мамлакат иқтисодиёти ўсиб борди. 1971 йилда мамлакатнинг экспорт салоҳияти
1 миллиард доллардан ошиб кетди. Халқаро экспертлар бу ҳайратомуз ривожланишни “Ҳан дарёсидаги мўъжиза” ёки “Корея мўъжизаси” деб атайди. Мендан кўпинча Жанубий Кореядан нега қайтганимни сўрашади. Имкониятлари чекланган бу давлат қисқа вақтда оёққа турди. Бу ҳодиса мени ҳайратлантиради ва кўнглимда ишонч ҳиссини уйғотади. Кореяликлар уддалашдими, биз ҳам уддалаймиз, деган ишонч мени ортга қайтарган. Бунинг учун эса, муносиб таълимни йўлга қўйишимиз керак ва барча саъй-ҳаракатларимиз айни пайтда шу мақсадга қаратилган.

Миллий ўқув дастури — мазмун ва методикани янгилаш эҳтиёжи

2020 йил январь ойида Халқ таълими вазирлигининг таълим мазмунига масъул Республика таълим марказида фаолият бошладим. Бу пайтга келиб бошланғич синфларда давлат таълим стандартлари ўрнига, илғор хорижий тажриба асосида, болага ортиқча юклама бермайдиган “Миллий ўқув дастурини яратиш, шу стандарт ва дастур асосида янги авлод дарсликларини тайёрлаш” режаси ҳукумат миқёсида кўриб чиқилаётган эди.

Республика таълим марказида иш бошлаган ишчи гуруҳлари Буюк Британия, АҚШ, Финляндия, Россия давлатлари экспертлари иштирокидаги қизғин жараёнлар таълим стандартлари ёки ўқувчи фаолияти натижаларига қўйиладиган талабни ишлаб чиқишдан бошланди. Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ўсиш динамикаси, меҳнат бозори эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ҳар бир фан учун синфлар кесимида стандартлар тайёрлашга киришилди.

Ўқув дастурларидаги назарий қисмлар қисқартирилиб, амалий соатлар ҳажми умумий дастурда 20 фоиздан 50 фоизга оширилди. Ўқувчи ёшидан, халқаро тажрибалар, психологик ва санитария нормаларидан келиб чиқиб, ҳафталик нормативлар синфлар кесимида қайта тақсимланди. Босқичма-босқич ўқув юклама соатлари қисқартирилди. Янги миллий ўқув дастурида барча синфлар кесимидаги ҳафталик юклама 314 соат этиб белгиланди (2019 йилда — 339).

Мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалаларига бағишланган йиғилишларда мактабда ўқитиш методикаси ўзгармаса, таълим сифати ҳам, мазмуни ҳам, муҳит ҳам ўзгармаслиги таъкидланди. XXI асрда ўқувчиларнинг қизиқишлари асосида ўқитиш методикаси оммалашаётгани ҳисобга олиниб, вариатив ўқув режалар асосида ўқитиш тизими жорий қилинди. Бу эса, ўқувчига ўзининг истаклари ва қобилиятларини инобатга олиб, фанларни танлаб ўқиш, келажак режалари асосида муайян фанлардан имтиҳонларга тайёргарлик кўриш имконини берди.

Шу вақтга қадар фанлар бир-биридан айро ўқитилгани туфайли одамлар борлиқни яхлит тасаввур қила олмас эди. Мамлакатимизга замонавий ўқитиш методикасининг энг илғор ютуғи кириб келди. Фанлараро интеграция кучайтирилиб, фан ва мавзуларни ўқитишда мантиқий фикрлаш, амалий кўникмаларни шакллантиришга асосланган спиральсимон ўқитиш методикаси жорий қилинмоқда (амалда чизиқли ўқитиш, ёд олиш методикаси). Спиральсимон ўқитиш методикаси — мавзуларни ҳар бир синфда соддадан мураккабга қараб ўқитиш, ўқувчиларда борлиқни яхлит тасаввур ва тадқиқ қилиш орқали ўрганишни таъминловчи интеграцион ёндашув.

Фанларнинг бир-бирини тўлдириб ўқитилиши мактабларимизга STEM ёндашувининг кириб келишига замин яратади. Натижада, ўқувчиларда эгаллаган билим, кўникма ва малакаларини кундалик ҳаёт билан боғлиқлигини кўрсатишда дарс ва синфдан ташқари машғулотларда ўқув тадқиқотларини ўтказиш, тажрибаларни бажариш, лойиҳалаштиришга йўналтирилган ижодкорлигини тарбиялаш, янгиликлар яратишга бўлган қизиқишларини ривожлантириш имкони пайдо бўлади.

Дарсликлар соҳасидаги бундай туб ўзгаришлар бундан 17 йил аввал амалга оширилган. Аммо у дарсликлардаги контент асосан собиқ иттифоқ давридаги ўқув адабиётларидан кўчирилган. Йиллар давомида дарсликлар соҳасида муаллифлар мактаби шаклланмаган. Дарсликлар ўқувчининг руҳий, жисмоний ўзгаришларини ҳисобга олмай ёзилган, аксари ўқувчилар учун зерикарли бўлган.

168 номдаги дарслик ва ўқитувчи китоблари

Миллий ўқув дастурининг илк меваси сифатида Республика таълим маркази томонидан 2021-2022 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 1- ва 2-синфлари учун 168 номдаги дарслик, машқ дафтари ва ўқитувчи китоблари тайёрланди. Дарсликлари янгиланаётган 11 та фан бўйича ўтказилган тажриба-синовга 40 нафар экспериментатор ўқитувчи ва 937 нафар ўқувчи жалб қилинди. Янги дарсликларни амалиётга жорий этувчи педагог кадрлар учун жорий йилнинг 28-30 июнь кунлари ­
24 соатга мўлжалланган 3 кунлик мақсадли ўқув-семинар ўтказилди. Мазкур семинарга республиканинг барча ҳудудларидаги малака ошириш марказлари ва методистлардан иборат
84 нафар тренерлар жалб этилди.

Шунингдек, фанлар мақсад-вазифаларидан келиб чиқиб, мобиль иловалар ишлаб чиқилди. Дарсликлар бўйига ҳам, энига ҳам катталашиб, дизайни тубдан янгиланди. Замонавий ва халқаро талабларга мос равишда чоп этилиши, ранг-баранглик, ёрқин ранглар ўқувчининг диққатини жалб қилмоқда. Мазмун учун эса бутунлай янгича ёндашувлар танланди.

Ўқувчиларни нутқий вазиятларга тайёрлаймиз

Миллий ўқув дастури билан мақсади бир бўлса-да, номи бошқа-бошқа ва алоҳида ўқитиладиган фанлар бирлаштирилмоқда. Жумладан, она тили ва ўқиш фанлари. Бу иккала фан бирлашиб, ўқувчида 4 та лисоний кўникмани шакллантириш методикаси асосига қурилди. Она тилидан тайёрланган Миллий ўқув дастури ўқувчиларда ўқиш, ёзиш, фикрини эркин ифодалаш ҳамда тинглаб тушуниш каби муҳим кўникмаларни шакллантириш баробарида, уларни ҳаётда дуч келадиган нутқий вазиятларга ҳам тайёрлайди. Хусусан, таклиф этилаётган янги малака талабларига кўра, ўқувчи ёшидан келиб чиқиб, тарихий, ижтимоий, илм-фан ва техникавий мавзуларда эркин сўзлаша олиши, бу мавзудаги матнларни ўқиб тушуниши ва туза олиши зарур. Бу уларга ҳаётда дуч келадиган вазиятлар, касбларни эгаллаш учун зарур саводхонлик кўникмалари ва тушунчаларни мактабдаёқ эгаллаш ва кейинчалик самарали фойдаланиш имконини беради.

Олиб борилган таҳлил ва ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, шу вақтга қадар она тили фанидан амалда бўлиб келган дастурларда асосий урғу грамматикани — тил қоидаларини ўрганишга қаратилган, шунингдек, ўқиш фанида ўқиш техникаси ва кўникмасини ривожлантиришда бадиий ва дидактик материаллардан кенг фойдаланилган.

Математик тафаккур

Япониялик ҳамкорлар билан юртимиздаги айрим мактабларда ўтказилган тадқиқот таҳлилларига кўра, қуйидаги омиллар аксарият ўқувчиларнинг математика фанини ўзлаштира олмаслигига сабаб бўлмоқда:

мавзуларнинг “чизиқли” ўтилиши, яъни мавзулар бир марта ўтилгач, унга деярли бошқа мурожаат қилинмайди, ўзлаштириши паст бўлган ўқувчиларга қўшимча шуғулланиш учун адабиётлар йўқлиги, шунингдек, дарсликларда нисбатан пассив ўзлаштирувчи ўқувчилар учун алоҳида машқлар йўқлиги, таълим сифатига салбий таъсир кўрсатган. Япония билан солиштирганда, Ўзбекистондаги математика дарсликларида, жумладан, бошланғич синфлардан бошлаб мавзулар мураккаб мисол ва масалалар, ёндашув асосида ўқитиб келинган.

Математик тафаккурга эга истеъдодли ўқувчидан муваффақиятли компьютер дастурчиси, компьютер техниги, тизим таҳлилчиси, тармоқ таҳлилчиси, маълумотлар базаси дизайнери ва муҳандислик (электрон, механик ёки ким­ёвий) каби замонавий касб эгалари етишиб чиқиши мумкин.

Шуларни ҳисобга олиб, cентябрь ойидан бошлаб мактабларга кириб борган математика дарсликлари фан орқали мантиқий тафаккурни ривожлантириши билан аввалги — ҳисоб-китоб, арифметик амалларга катта ўрин берилган дарсликлардан фарқ қилади. Қизиқарли топшириқ ҳамда машқлар энди ўқувчида “қўшиш-айириш” кўникмаси билан бирга, ижодий ва танқидий фикрлаш, асос бера олиш қобилиятларини ўстиради, муаммоларга ечим топишда топқирлик ва ижодкорликни қўллай олиш салоҳиятини оширади. Бундай кўникмалар эса ўқувчига ҳаётий вазиятларда муваффақият қозонишига кўмаклашади. Математикани болалигидан севиб ўқиш, уни яхши ўзлаштириш инсон ҳаётига ижобий таъсир қиладиган омилдир. Бу ҳодиса содир бўлиши учун эса математика тўғри усулда — ҳаётийлаштириб ўргатилиши зарур.

Дунёни табиий фанлар орқали яхлит тасаввур қиламиз

Фанларнинг интеграциялашуви ортидан таълим тизимига яна бир халқаро тажрибани жорий қилиш имкони пайдо бўлди — бу йилдан мактабларимизда Табиий фанлар (Science) ўқитила бошланди. Янги фан дастури ва дарслиги Cambridge университети нашриёти муаллифларидан бўлган Филиппа Гардом хоним бошчилигида тайёрланди.

Табиатшунослик, атрофимиздаги олам каби фанларда табиат ҳақида умумий тушунча берилса ҳам, улар ўқувчиларни кейинчалик ўтиладиган физика, кимё, география, биология каби фанларга тайёрламаган. Боиси дастурда ҳам, дарсликда ҳам катта тафовут мавжуд эди. Натижада, ўқувчи юқори синфга келганда бу фанларни ўзлаштиришда муаммоларга дуч келган.

Болалар табиатан қизиқувчан, бирор нима яратишга мойил бўлади. Табиий фанлар орқали ўқувчида тадқиқотчилик, янгиликка интилиш, табиатни ҳимоя қилиш кўникмалари шаклланади.

Эҳтиёж ва талаб

“Биз ўқувчиларни ҳаётга тайёрлаймиз” шиори Финляндиядаги ҳар бир мактаб директорининг хонасида осиғлиқ туради. Болаларни мактаб орқали ҳаётга тайёрлаш — уларга ўрганганларини ҳаётга татбиқ этишига ёрдам бериш дегани. Олдимизда ёд олишга йўналтирилган таълимдан воз кечиб, ўқувчида кўникма шакллантирувчи таълим тизимига ўтиш эҳтиёжи ва талаби турибди. Бугунги таълим билиш ва ўрганганларини қила олиш кўникмаларини ривожлантириши билан ўзига хосдир.

Республика таълим маркази томонидан Халқ таълими тизимида жорий қилинаётган Миллий ўқув дастури 4 муҳим кўникма — коммуникативлик, ахборот билан ишлаш, ўз-ўзини ривожлантириш, ижтимоий-эмоционал ва фаол фуқаролик каби кўникмаларни ривожлантириш асосига қурилган.

Халқаро ҳамкорлик ва энг яхши тажрибалар

Таълимни хорижда ўзини оқлаган тажрибалар орқали ривожлантириш амалиёти ҳам тизимни янгилашда қўл келмоқда. АҚШнинг USAID ташкилоти ҳамда Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Баркамоллик учун таълим” дастури доирасида бу йил Ўзбекистон таълими тарихида илк маротаба таниқли Кембриж университети нашриётининг иккита дарслиги — 1- ва 11- синфлар учун инглиз тили, 5- ва 11- синфлар учун информатика дарсликлари тайёрланди. Айни пайтда дарсликлар Сирдарё ва Наманган вилоятларида тажриба-синовидан ўтказилмоқда. Уларни кейинги ўқув йилидан мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида жорий қилиш режалаштирилган.

Шунингдек, Ўзбекистонда рус тилида ўқитиш сифатини оширишга қаратилган “Зўр!” лойиҳаси доирасида Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети экспертлари иштирокида 2-синф рус тили дарслиги илк маротаба “Рус тили хорижий тил сифатида” методикаси асосида тайёрланиб, мактабларга тарқатилди. Мазкур туркумга мос дарсликлар 11-синфга қадар татбиқ этилади.

Дарслик ёзиш жараёнларига халқаро экспертлар жалб қилиниши тажрибада илк бор қўлланилаётган тарихий жараёндир. Республика таълим марказида дарсликларни яратиш бўйича ташкил этилган ишчи гуруҳлар халқаро экспертлар билан фанлар бўйича ўқув дастури ва дарсликларни тайёрлашда ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

Ўқитувчи ва ўқитувчилик ҳақида

Жанубий Кореяда қадимдан жамиятнинг уч аъзоси юқори даражали тенг ҳурматга лойиқ кўриб келинган. Булар — мамлакат раҳбари, ота-она ҳамда ўқитувчи. “Сабоқ бермоқлик инсон тақдирига дахлдор олижаноб касб. Мени кун келиб президент эмас, ўқитувчи деб ёдга олсалар, ана шунинг ўзи мен учун улкан шарафдир”, деган эди Ҳиндистон президентларидан бири Доктор Абдул Қалам. “Агар шогирд шайхулислом, агар қозидур, агар устоз рози — Тангри розидур”, деб ёзган Алишер Навоий ҳазратлари.

Бугун таълимдаги ислоҳотларнинг энг муҳим иштирокчиси — ўқитувчи. Қилишимиз керак бўлган яна бир муҳим вазифа — ўқитувчини доскадаги маърузачидан ўқувчини йўналтириб турувчи фасилитаторга айлантиришимиз керак. Яъни, бугунги кун ўқитувчиси маъруза методидан воз кечиб, лойиҳа ишлари, жамоавий ва тадқиқотлар орқали кўпроқ ўқувчининг мустақил фаолиятини қўллаб-қувватлаши керак. Шундагина ўқувчида келажакда меҳнат бозорида ёки ҳаётда зарур кўникмалар бўй кўрсатади. Тадқиқотларга кўра, академик жиҳатдан мустақил ўқитувчи ўз фикрига эга, меҳнат бозорида, жамиятда ўрнини топадиган ўқувчиларни тарбиялайди.

Хулоса ўрнида ...

Яқин-яқингача энг муҳим 4 эҳтиёж сифатида соғлиқ, озиқ-овқат, уй-жой, кийим-кечак эътироф этиб келинган. Бугунги рақобатбардош дунёда уларнинг қаторидан бешинчи энг муҳим эҳтиёж ўрин эгаллади — бу таълим. Шуни ҳисобга олиб, юқоридаги ўзгаришлар барча фанлар моҳиятида содир бўлмоқда. Бош мақсад — ўқувчининг мактабга келишга рағбатлантирадиган мавзулар ва жараёнлардан иборат жозибадор таълим муҳитини яратиш

Шуҳрат САТТОРОВ,

Халқ таълими вазирлиги қошидаги

Республика таълим маркази директори