Каттақўрғонлик деҳқонлар келгуси йил қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан мўл ҳосил етиштириш учун тараддудни бошлаб юборган. Гап шундаки, туманнинг қайси ҳудудига қараманг, ер билан тиллашаётган фермер, кластер корхонаси ёки деҳқон хўжалиги раҳбари бўлсин кузги шудгорлаш ишларини маромига етказиб, сифатли ташкил этишга алоҳида аҳамият беряпти.

Кузги муҳим агротехник тадбирлар “Ўзагроинспекция”нинг Каттақўрғон туман бўлими томонидан жиддий назорат қилинади, деб хабар беради “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси матбуот хизмати.

— Каттақўрғон туманида 14 минг гектар майдонда 2022 йил пахта ҳосилини етиштириш учун шудгорлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган, — деди “Ўзагроинспекция”нинг Каттақўрғон тумани бўлими бошлиғи Нурали Намозов. — Бугунги кунда туман агроинспекция бўлими томонидан ушбу шудгорлаш ишларини сифати ҳамда техника таъминотининг ҳолати ва созлиги бўйича доимий мониторинг тадбирлари ўтказиляпти. Сифатсиз шудгорлаш ишлари юзасидан аниқланган қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан жойида тавсиялар берилиб, камчиликлар бартараф этиляпти. Дарҳақиқат, шудгорлаш ишларига жами 81 та ҳайдов тракторлари жалб қилинган бўлиб, буларнинг 35 таси юқори унумли тракторлар ҳисобланади. Ушбу техникалар бир кунда 500-600 гектар майдонда сифатли тарзда шудгорлаш ишларини амалга оширяпти.