Келгуси йили вилоятдаги барча пахта майдонларида Шинжон-Уйғур тажрибаси асосида пахтани кўчатлаб экиш технологияси жорий қилинади, замонавий уруғчилик корхонаси ташкил этилади.
Шунингдек, 15 та туманда 500 гектардан ерда боғлар ташкил қилиниб, 50 сотихдан 30 минг аҳолига бўлиб берилади, вилоятдаги 8 минг гектар самарасиз боғлар янгиланади.
Фарғона туманида саноат усулида Италия ва Польшанинг серҳосил малина навлари экилади. Қўштепа ва Ёзёвонда 1 минг гектардан юқори ҳосилдор бодом, шафтоли, гилос ва олхўри боғлари ташкил қилинади.
Вилоятдаги йирик боғбонларнинг ерида 50-100 тонналик музлаткичли омбор ташкил қилиш таклифи қўллаб-қувватланди. Буни ҳисобига уларни экспорт салоҳияти 2 карра ошади, йўқотишлар 25 фоизга қисқаради, 4 мингта янги иш ўрни яратилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон, Риштон, Бешариқ, Боғдод туманларида жорий йилда ҳар бири 10 минг тонналик сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш қувватларини ишга тушириш топширилди.
Вилоят боғбон-тадбиркорларининг мева-сабзавотни сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш лойиҳаларига хорижий валютада олинган кредитларнинг 6 фоизгача қисми қоплаб берилади.
Шунингдек, Қувасойдаги 12 минг гектар ери бўлган 616 та фермернинг оғирини енгил қилиш учун ер солиғи ярмига камайтирилса, адолатдан бўлиши таъкидланди.