Шундай тадбирларнинг навбатдагиси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлиб ўтди.Унда марказ жамоаси, Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси тасарруфидаги Ҳадис илми мактаби ўқитувчи ва талабалари ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги малака ошириш марказининг Самарқанд минтақавий филиали тингловчилари иштирок этди.

Маърузачилар сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, фан, таълим, маданият, тиббиёт соҳаларини ривожлантириш, иқтисодий барқарорликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталиб, ушбу йўналишларда эришилаётган ютуқларни ҳаётий мисоллар билан тушунтирди.

Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси ҳам ушбу эзгу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлгани, унда илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар юртимиз тараққиётига хизмат қилиши эътироф этилди.

Мурожаатномада, шунингдек, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, таълим ва тиббиёт соҳаларини янада ривожлантириш, халқимиз турмуш тарзини ошириш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш бўйича илгари сурилган ташаббуслар, истиқболда бажарилиши белгиланган муҳим вазифалар ҳақида маълумотлар берилди.

Тадбир доирасида Президентимиз томонидан Мурожаатномада илгари сурилган энг муҳим ташаббуслар акс этган видеоролик намойиши  этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

матбуот хизмати