Президент вертолёти 19 май куни Эрон-Озарбайжон чегараси яқинидаги Верзеган шаҳри тоғли ҳудудига «қаттиқ қўнган»ди.
Қутқарувчилар 20 май куни вертолёт ҳалокатга учраган жойни аниқлаган. Маълум бўлишича, вертолёт «қаттиқ қўниш» чоғида бутунлай ёниб кетган. Бортда учувчилардан ташқари Эрон президенти Иброҳим Раисий, ташқи ишлар вазири Амир Абдуллаҳён, Шарқий Озарбайжон губернатори Оятуллоҳ ал-Ҳошим ва Табриз имоми Муҳаммад Али ал-Ҳошим бўлган.
Авиаҳалокат олдидан Иброҳим раисий Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев билан учрашувдан қайтаётган эди. Давлат раҳбарлари Арас дарёсидаги тўғон очилиши маросимида иштирок этган.
«Ҳалокатга учраган вертолётнинг жойлашуви аниқлангач, бортдагилар тирик қолгани ҳақида ҳеч қандай аломат топмади», — деди Эрон Қизил ярим ой жамияти Пир Ҳусайн Коливанд.
Эрон президенти вафот этган тақдирда, олий раҳнамо Хоманаийнинг розилиги билан унинг ваколатларини биринчи вице-президент Муҳаммад Мохбер ўз зиммасига олади. Эронда янги президентлик сайловлари 50 кун ичида ўтказилиши керак бўлади.
- Иброҳим Раиси 2021 йилда Эрон президенти этиб сайланганди. Эроннинг 63 ёшли президенти ўз фаолиятини юридик соҳада бошлаган – у мамлакатнинг турли ҳудудларида прокурор лавозимларида ишлаган.
- Раисий 2014 йил мамлакат бош прокурори лавозимини эгаллаган, 2017 йил Эрон президентлигига номзод бўлган, аммо Ҳасан Руҳонийга ютқазган. 2021 йилги сайловларда 60 фоиздан ортиқ овоз билан ғалаба қозонган. Иброҳим Раисий ҳар доим ташқи сиёсатда Исроилни асосий душман деб билган ва унга қарши баёнотлар берган. Президент АҚШ ва Европа Иттифоқи санкциялари остида бўлган.
- Эрон президенти Иброҳим Раисий 9 ноябрь куни рафиқаси Жамиле Аламолхода ҳамроҳлигида Тошкентга келганди. Шу куни Шавкат Мирзиёевнинг Эрон президенти Иброҳим Раисий билан учрашуви бўлиб ўтган. Унда Ўзбекистон—Эрон муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо, инвестициялар, инновациялар ва транспорт соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган. Ўзаро мулоқотлар фаол давом этаётгани мамнуният билан қайд этилганди.